Силаи раҳм. Роман

Text
0
Kritiken
Leseprobe
Als gelesen kennzeichnen
Wie Sie das Buch nach dem Kauf lesen
Schriftart:Kleiner AaGrößer Aa

Фахрий ёрлиқ

Шу аснода йиллар ўтиб бораверди. Анвар 4-синфни аъло баҳо билан тугатиб, йил якунида фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. У ўзида йўқ хурсанд, фахрий ёрлиқга қарарди-ю, онасининг табассумини, ҳайратини, қувончини тасаввур этди. Онасининг меҳр тўла қучоғида эркаланаётганини хаёлан ҳис этди. Ўша бир парча, ранг-баранг қоғоз, унинг учун жаннат боғларига элтувчи учар гилам эди гўё. Фахрий ёрлиқни бағрига босганча уйига яшин тезлигида югураркан, кўп қаватли уйларнинг торгина, офтоб нури қандайдир дақиқалар орасида мўралаб ўтиб кетадиган, заҳ босган кўчалари, унинг наздида кенг ва равон хиёбондек туюлиб кетди. Гўё қуёш ҳам айнан уни кўриш учун, шу тобда ушбу заҳ босиб, нураб бораётган кўчага назарини ташлагандек, бамисоли Анваржонни олқишлаб, фақат у томонга нурини сочаётгандек, дарахтларнинг барглари майин шабадада шитирлаб, унга қарсак чалаётгандек. Зиналардан чиқаркан, унинг жажжи бошида, ҳозир онам эшикни очсалар, биринчи фаҳрий ёрлиқни қўлларига бераман. Қувонганларидан мени кўтариб олади-лар, юзларимдан ўпиб, «болажоним» деб эркалайдилар деган хаёл билан, зинапояларни бирма-бир босишга тоқати йўқ Анвар, тезроқ чиқиб олай деб, иккита зинапояни бир уринишда босишга ҳаракат қиларди.

У эшикни тақиллатиб, фахрий ёрликни орқасига беркитиб олди. Хурсандлигидан оёғини учида зўрға турарди. Дам оёқ учида туриб олар, дам оёқларини жуфтлаб олар, дам сочларини тўғрилар, худди примера подюмга шайланаётган дебютант актёрдек ўзини қўярга жой топа олмасди. Афсус эшик унинг вақтини олаяпти-да. Ким ўйлаб топганикин шу эшикни, деб жаҳл ҳам қилиб қўяди. Эшикни ичка-ридан очилаётганини эшитганида, Анварнинг баданидан чумоли юриб кетгандек этлари жимирлаб кетди, сабр қила олмай эшикни итара бошлади. Эшикни Анварни зарбидан тўхтатиб қолиб, қия очган онаси Анварга қаради ва жаҳл билан, – Намунча эрта келмасанг, бор кўчада ўйнаб тур, уйда меҳмон бор. – деди. Анвар уйга киришга интилди. У онасининг бағрига тезроқ отилгиси келаётганини қани энди онаси билса! Ярим яланғоч эркакни онасининг ётоғида кўриб ҳам ҳеч нарсани тушунмади. Онаси эса болани ёқасидан тортиб, – Қаерга киряпсан? Нима дедим, бор кўчага, – дея ташқарига итариб чиқарди. Болакай юзига ёпилаётган эшикка фахрий ёрлиғини бор кучи билан тутқазаркан, сўнгги дамгача у онасининг юзи ўзгаришини кутди. Аммо… аммо онаси ярми эшикка сиқилиб қолган қоғозни итариб, эшикни занжирлади. Эшик шу қадар қаттиқ ёпилди-ки. Анварнинг назарида худди битиб қолган қулоғи жаранглаб очилган-у, энди у ҳамма нарсани эшита бошлагандек.

Юзига ёпилган эшик уни батамом ўзгартирди. У гўёки бир зумда йилларни босиб ўтиб, катта бўлиб қолди. Ичкаридан кўриш учун мўлжалланган эшик тирқишидан кўз узолмай қотиб турарди. Ҳозиргина ҳатто ҳаводан қизғанаётган фахрий ёрлиқ энди зинадан пастга, патдек учиб тушди. Бинобарин энди Анварни бу, умуман қизиқтирмасди. Секин пастлаб бораркан, зинапояни силаганча, оёги остидаги ўша фахрий ёрлиқни босиб ўтганини ҳам сезмай қолди. У узоқ вақт кўчада ўтирди, кеч кирди, ҳамма уй-уйига кириб кетди. Анвар ҳали ҳам кўчада, оч-наҳор. Кўзидаги ёшини тўкмасди-ку, аммо лаблари титраганидан унинг дод солаётганини билиш қийин эмасди.

Кеч коронғисида ниҳоят ўша амаки уйдан чиқиб кетди. Анвар судралибгина кириб келди. Онаси ойнадан ярим белигача осилиб, ҳалиги эркакни кузатиш билан овора. Анвар папкасини судраганча ошхона тарафга юрди, онаси эса столга ишора қилиб:

– Дастурхонда қолганларини еб, ҳамма идишларни ювиб уҳла-

гин, – деди худди катта болага иш буюргандек. Ва ичкарига кириб эшикни ёпиб олди. Стол устида ноз-нематдан узум, иккита бўлак колбаса ва ярим баклашка кока кола колган экан. Анвар таниб бўл-мас даражада ўзгариб кирганди, у ликопчадаги иккита колбасага узоқ тикилиб ўтирди-да, худди бошига катта ташвиш тушган, ёки бор-будини ютқазган қиморбоздек, бир оёғига тирсагини тираб, тун ярмигача столга термулган кўйи ўтириб, тонгга яқин уҳлаб қолди. Шоира эрталабгача телефонда гаплашиб, янги маъшуқининг кўнгли-ни олиш билан овора эди. Улар катта режалар тузишар, Сардор янги русумдаги машинаси билан мақтанар эди.

Йиллар ўтиб, Анварнинг ўкишга умуман қизиқиши қолмади, бора-бора у иккичилар қаторига тушиб қолди. 7-синфда колганлиги учун уни синфдагилар устидан кулишарди, аммо у бунга унчалик эътибор бермасди, аксинча синфда йигитларнинг зўри (пахан) бўлиб олганди. Дўстлари (мактабни битирган Алишер ва Собир) уни сигарет билан таъминлаб турадиган бўлишди.

– Анвар, ану қиз нечиво экан лекин, – деди кунлардан бир кун Алишер.

– Қайси?

– Қизил папкали, – у Зилолани кўрсатди. Қиз Анварга ҳам ёқарди-ю, Анварнинг назарида, қиз бола бўлажак фоҳиша деган тушунча шаклланиб улгурганди.

– Нимаси чиройли? Ўзича фаришта, – деди унга жирканиб боқиб.

– Собир, ман айлантирими шу қиззи? – деди бошқа бир йигит.

– Йиғиштир! Сигаретдан ол ундан кўра, – деди Анвар. Унинг Аёл кишига нафрати шундок сезилиб турарди. Мактабни тугатаркан ҳамма ота-оналар болаларини табриклашини кўриб Анвар ўзига ачиниб кетти шекилли, кўз ёшини беркитиш мақсадида одамлар орасини зарда билан ёриб ўтиб, мактабдан яшин тезлигида чикиб кетди. Ўртоқлари мактабда хурсандчилик қилар, ўкитувчилар билан хайрлашар, ота-оналарининг меҳридан еттинчи осмонда эди. Анвар эса сув бўйидаги чинор тепасидан уларни кузатиб ўтирарди.

Беғубор муҳаббат

Синфдоши Нодира ўғринча у томонга қараб қўярди. Болаларча севги, аммо бу болалар қаердан ҳам билсин эртага уларни нима кутаётганини. Нодиранинг оиласи ўқимишли оила, шу сабабдан уни ўқишига бефарқ эмасдилар.

– Болам, мана мактабни ҳам битирдинг қара, – дея кўз ёшини артди, Нодиранинг онаси, худди ўзи мактабни тамомлагандек. Нодира эса эрка эмасми, дугоналари билан овора. Ора-чора Анварга узокдан назар соларди. Нодира ҳеч нимани ўйламас, фақат китобини ўқиса бас эди, шунинг учун ҳаммани шундай кўрарди. Бот-бот у Анварга:

– Бу дунёда ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ, биз яхши ўқисак ҳаммаси ўзидан-ўзи йулга тушади, – дерди.

– Бўлмаган гап, сени ота-онанг сен учун қайғуришади, сенга далда бўлишади. Менгачи? – деди хўрсиниб Анвар.

– Уларсиз ҳам, мен ҳамма нарсага эриша оламан! – деди ишонч билан. Худди шу пайтгача нимага эришган бўлса, ўзининг сайи- ҳаракати билан бўлди, деб онгига қуйиб олган қиз. Анварнинг олдида узун, офтобнинг нурида гоҳ жигарранг, гоҳ қихғиш бўлиб товла-наётган сочларини у ёқ-бу ёққа бармоқлари билан тараганча, балоғат ёшидаги йигитнинг ҳали жиловланмаган ҳисларини жунбушга келаётганидан бехабар, эркаланди.

Нодиранинг шамолда гоҳ-гоҳ учиб юзини тўсаётган соч толалари ва гапирганида ора-чора кўриниб, юзидаги ҳусннини янада тароватли қилаётган табасуми ичра мўралаётган оппоқ тишлари, майин табасумида пайдо бўлаётган ёноқларидаги кулгичлари қаршисидаги йигитни батамом ўзига мафтун этганди. Ундан таралаётган жаннат ифори ҳавода айланганча бот—бот сабза мўйлаби ниш ураётган йигитнинг димоғига урилиб бошини айлантирар, гўё маст кишидек бу фариштанинг ердаги тимсоли, момо Ҳавонинг қайсидир ҳислатини ўзида кашф эта билган, аммо оёқлари жаннат тупроқларини босмай ер куррасининг охир замонидаги ўзига таниш бўлган Одам атонинг зурриёдини топиб олгандек, унинг қалбидаги ҳали ўзига-да нотаниш туйғуларни шаккиллантиришга ундарди. Анвар мийиғида кулиб қўйди-да, орзулар осмонида қанотини кенг ёзиб парвоз қилаётган қизалоққа:

– Кўрамиз, – деди. Ҳа, Анвар ҳақ эди. Бу дунёда ҳамма нарса ўзаро шу қадар боғлиқ-ки. Бир одам ўзи ҳар қанча ақлли, истеъдодли бўлмасин яқин кишингни сенга ишончи, қўйингки бир бор «балли» деган сўзидан қудратли эмасди. Нодира мактабни битириб улгурмасидан уни юридик коллеж кутиб турарди. У Анварга:

– Шунчаки ҳужжатингни топширсанг бўлгани, юр ҳаракат қилиб

кўр, – деди. Нодиранинг отаси унинг ўқишга кириш йўлидаги ҳамма тўсиқларни бартараф қилиб қўйганидан хабари йўқ-да, гапираверади.

Хат

Анвар уйига келиб, овқат қилди, кечга дастурхон тузади, онаси билан шу ҳақда маслаҳатлашмоқчи бўлди. Аммо она ўша куни уйга келмади. У, онам кечаси келиб қолса еб олар, деб овқат устига докани ташлаб уйқуга кетди. Эрталаб турса дастурхонга қўл тегилмаган. Оппоқ дока ноннинг устига қандай ёпилган бўлса шундай турар, атрофида иккита ҳира пашша, деразадан тушаётган офтобнинг илиқ нурида ғиз у ёнга, ғиз бу ёнга учиб Анварнинг ғашига тегарди, кечаги дастурхоннинг бузилмаганидан Анвар билдики, онаси келмабди. У жуда ҳавотир олди, ўзини қаерга қўйишни билмай тоғасига қўнғироқ қилди. Ака-сингил унча чиқишмаганлиги учун, уларнинг борди- келдиси йўқ. Тоғаси ота-уйига синглисини ташлаб, оиласи билан бошқа уйда турарди. Уч-тўрт кундан сўнг онасидан хабар келди, гўёки у Анварнинг тоғасига смс хабар юборибди:

«Ўғлим Анвар, сен катта бўлиб қолдинг. Мана мактабни ҳам битириб олдинг, энди ишга кириб ўзингни эпла. Мен сени деб ҳаётда нима кўрдим, умримни сенга баҳшида қилиб чарчадим. Мен ҳам яшашим керак-ку ахир. Ҳозир Туркиядаман, ҳаётимни изга солишим керак, шу сабаб ўзингни асра.»

Буни ўқиган Анварнинг кўзидан тирқираб ёш оқиб кетди, йигит бошига энди кўз ёшларини ушлаб қололмади. У тоғасининг олдида ҳеч нимани кўрсатмаса-да уйига боргач, бармоқларини тишлаганча овозини баралла қўйиб, дод солиб йиғлади. Унинг овозидан остидаги ер бош кўтариб унга далда бериш истагида ўз бағридан чанг тўзон кўтариб атрофга шамол турди. Ўйнинг деразалари шамолда силкиниб, гўё «мен ёнингдаман, сен ёлғиз эмассан» деётгандек очиқ деразадан кирган шамол унинг юзидан майин силарди.

– Наҳотки, ҳатто товуқ ҳам боласини қаровсиз қолдирмайди-ку Ахир. Нима учун? Нимага бу қадар бахтсизман? – дея куйиниб кетди шўрлик. Ўқишга киришга-ку кирди, барака топгур 12 йиллик мажбурий таълим уни ҳеч булмаса касб-ҳунарга ўргатади. Аммо у ўқишни ташлашига тўғри келди. Чунки энди уни қорин ғами ташвишга сола бошлади, уйида иссиқ овқат тайёр бўлса ўқийди-да. Кимдир унинг иссиқ-совуғидан хабар олса ўқийди-да. У энди ишлай бошлади. Кўчадан уйга кайтгиси келмасди. Тўғри-да, ўз онасигаки керак бўлмаган фарзанд, кимга ҳам керак? У ўз тенгларига қўшила олмасди, чунки уларнинг фикри Анварники билан тўғри келмасди. Тенгқурлари эришган мукофотлари, ота-онасининг ғамҳўрлиги ҳақида гапирса, у ўзини қаерга қўйишни билмай қоларди. Шунда у ҳаёт, унинг талай муаммолари, ва ноҳақликлари ҳақида гап бошлаши билан, дўстлари уни «дода» деб масҳаралашарди. Шу боис у ўзидан анча катта кишилар билан дўстлаша бошлади, улардан у нимани ҳам ўрганарди.

 

Майлику-я агар бир ақлли, ҳунарманд, ёки ҳаётда йўлини топиб, уни ҳам йўлга соладиган одамларга дуч келганида эди, балки ҳаммаси бошқача бўларди. Аммо унинг уйи борлигини эшитган текинҳўр, майпарастлар уни ўз бағрига олди. Худди Буратино эртагидаги кўр мушук Базилио ва айёр тулки Алисанинг Ахмоқлар водийси хақидаги чўпчагига лаққа тушгани каби, Анвар ҳам Уларнинг бир қарашда ёқимли сўзларига лаққа тушганди, улар айнан ўша икки фирибгар Буратинога беш сольдосини қандай кўмдирган бўлса, булар ҳам Анварга аламни унутиш йўлларини ўргатишди. У ҳам шу мақсадда ича бошлади. Ичкилик ҳидини сезган шериклар унинг атрофида парвона бўлиб қолишди. Аёл зотидан азбаройи жирканганидан Анвар уйланиш, оила қуришни унутди, умр ўтиб борарди. У ерда маишат, бу ерда маишат, топган пулини кўчанинг ўзида сарфлаб келадиган Анвар, ўттизни қоралаб қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди. У таниб бўлмас даражада ўзгарган эдики, дўстлари олдида у энди ҳақиқий чолга айланиб улгурди. У кўчаларда гоҳ-гоҳ ўзига келиб хаёлга чўмганча ўтирар, алла нималарнидир ўйлаб, ўзига ўзи жаҳл қилиб, кимлар биландир уришар, беўхшов сўзлар билан кўринмас ҳамсухбатини ҳақоратлар, гоҳида эса қотиб-қотиб куларди.

Қора ласетти

Кунлардан бир кун, шаҳарнинг унча гавжум бўлмаган кўчаларининг бирида, одамлар ўтиши учун мўлжалланган ёлғизоёқ йўл (тротуар) дан пича кенгроқ, машина сиғадиган, туман поликлиникасига рўпара бўлган, машина юрадиган йўлакда ўтириб, ким биландир ғўлдираб, хаёлидаги киши билан чунонам уришаётган бир пайтда, ортидан тим қора, янги салондан чиққанлиги шундоққина кўзга ташланиб турган Шевролет-Ласетти маркали машина унинг ёнидан ўтаётиб, гўё уни кўрмагандек туртиб юборди. Қора машина шунақанги ялтираб турардики, унинг эгаси каттароқ лавозимнинг тупроғига икки оёғи билан қаттиқ жойлашганлиги шундоқ маълум эди. Қуёшнинг нурида ялтираганидан унинг ичидагилар кўринмасди. Анвар ариққа йиқилди, аранг ўзини эплаб, йиртиқ шалварларини тортқилаганча, кирлигидан наматдек бўлиб, ёғи чиқиб ялтираб кетган, икки марта силанса таёқдек тикка турадиган сочларини ўзича ортига ташлаб, эгнидаги кимнингдир аҳлатга ташлаб юборган, ит тишлаб пахталарини сидириб ташлаган, биттагина тугмаси қолган нимчасини тўғрилаб туриб қаради. Машина ичидан басавлат бир йигит тушиб келди. Йигитнинг шимини рахи бузилмаган, ўзи Анварчалик табиатан келишган бўлмаса-да, ўрта бўйини унинг кийими савлатли қилиб турганди. Оппоқ кўйлагининг ёқалари худди тахт урилгандек, галстуги-ку ҳеч қўл тегмагандек, бирор ери қийшаймаган ҳам. Сочлари калта олинган, қўлидаги соатининг пулига ночорроқ оила бир ой кам-кўстсиз яшаса бўлади. У димоғини олдинга чўзганча машинани айланиб ўтди-да, орқа эшикни очиб, ичкаридан бир яшарлар чамаси болани қўлига олиб, ҳомиладор аёлини етаклаганича туман поликлиникасига кириб кетди. Улар шундай бахтли эдиларки ҳаёт завқини суришётгани шундоққина кўриниб турарди. Азбаройи эгни-боши кирлигидан, соқол муйлаби юзини қоплаб кетган, ундан анқиётган бадбўй ҳид сабаб, ўша йигит Анварни хайвонча ҳам кўрмади. Эътибор ҳам қаратгани йук. Атрофдаги кишилар кўрди-ю, бойваччага рўпара келишга чўчишди шекилли, кўрмаганга олишди. Тирноқлари қошиқдек ўсиб кетган Анвар, оёқда аранг туриб машина четини айланди, уни туртиб юборган бойвачча билан тортишмоқчи бўлди, шу баҳона ундан бир икки сўм олиш мақсадида алланималарни ғўлдираб турганида, бояги бойвачча ҳомиладор аёли билан боласини кўтарганича, келаётганини кўриб унга яқинлашди.

Анвар йигитни кўриб тошдек қотди, уни кайфи ҳам қаергадир ғойиб бўлди. Рўпарасидан келаётган йигит хоҳласа ҳам ҳозир Анварни танимасди, лекин Анвар уни таниди. У ўша, бир пайтлар ундан қўрқиб сигарет олиб келадиган Дониёр эди. Ўз даврида Анвар уни папкасини ариққа ташлаб югуртирганини, ҳар куни уйидан пул олиб келиб бермаса, уни урганларини эслади. Қаранг, қандай бўлиб кетибди-я. Анвар уни таниб қолишидан чўчиб юзини буриб узоқ-лашди. Дониёр эса сархуш чолни (Анварнинг кўриниши 60 дан ошган бели букилиб қолган чолга ўхшарди) ниятини сезди шекилли:

– Нима қилиб машинам олдида ўралашасан алкаш, тур йуқол,

бўлмаса бошингни ариққа тиқиб қўяман, – деб ўдағайлади. Анвар ундан узоқлашаркан, кўзини қири билан кетгунича уни кузатиб турди, у дўстини кўрганидан ҳурсанд эмасди. Аксинча у ўзига ачиниб, ўз кийимларини унинг кийимлари билан солиштириб, ортидан аламли қараб қолди. Шу пайт гўё олам гардиши унинг устига қулади-ю, унинг сўқир кўзлари кўра бошлагандек.

– Ахир Донёр ҳам мен билан тенг-ку, нима учун мен уни олдида

Отасидекман? Шу қадар қариб кетдим? – дея ўзига савол берди.

Ўша куни у биринчи марта ҳаётини вайрон бўлганини, бу дунёда нотўғри йўлни танлаганини ҳис қилди. У бир четга бориб, аҳлатдан топиб, ҳали ейман дея кийимини ичига солиб олган, бир бурда нонни моғорлаган жойини олиб ташлагач, тишлади. Кўзларидан эса шашқатор ёш қўйила бошлади. Ўкиниб-ўкиниб, ортига қайтариб бўлмайдиган ҳаётига ачиниб йиғлади. Ахир мен ҳам шундай бўлсам бўларди-ку, ҳеч бўлмаса бир кичик уйим бўларди, машинам… нега ўқимадим? Нега ишламадим? Нега пулларимни маишатларга сарфладим? – деб у кўксига уриб-уриб йиғлади…

Фаришта

Ойнинг ўн беши қоронғу бўлганидек ўн беши ёруғ экан, меҳрибон Аллоҳ бандаларига бот-бот имконият эшикларини очиб қўяркан. Кўчаларда, ариқларда уҳлаб ётадиган одат чиқарганига анча бўлгани учун, уни ҳеч ким пайқамасди ҳам. Ўша куни у дарахт тагида сархуш уҳлаб қолди. Уни нимадир безовта қилиб, уйғотиб юборди. Қараса қандайдир кампир уни судраб кетаяпти. Анвар шу қадар маст эдики гапини тушуниб бўлмасди. У фақат ўзи тушунадиган оҳангда:

– Ў кампир, мени қаерга олиб кетаяпсан? Баррига, ташла мени, – деганча хушидан кетди. Кўзини очганида бир уйда, каравотда ётга-нини кўриб ҳайрон қолди. Онам қайтдимикан, деган болаларча қувонч уни чулғаб олди.

Қаранг-ки, унинг онги ҳали ҳам онасининг меҳрини кутиб яшаётган экан. Она меҳрига зор, оила завқига ташна, болалигини яшай олмагани, дилидаги армонли жароҳати бўлиб, уни ҳануз азобларди. Шу чоқ қўшни хонадан қўлини сочиққа артганча бир онахон чиқиб келди. Онахон жиккакина, фариштали юзини ажинлар қоплаган, думалоққина, икки юзи қип-қизил бўлиб, кулганида ажинлари тортилиб, икки чаккаси ялтираб кўзга ташланади. Анвар уни таниди. Бу ўша, бир пайтлар болалар билан йўлини тўсиб, пулларини сумкасидан олиб, ўзини анҳор бўйига яланг оёқ қилиб ташлаб кетган адабиёт ўқитувчиси. Қарибди-ю, аммо юзидан нур кетмабди, қаранг. Анвар худди, ундан аламини олиш учун уйига олиб келгандек, – Менга барибир, тупурганман аламига. Намунча, кампир ўша беш-ўн мингини ҳалиям унутмабди-да, – деб ўйлаб, бошини баланд кўтариб, худди рингга тушаётган чемпиондек, бор савлати билан кампирга яқинлашаётганида, онахон, – Ўзингга келдингми жон болам? – дея ширин жилмайди. Бу билан, Анварни бошидан муздек сув қуйиб юборгандек бўлди гўё. Бу сўзни у фақат бир мартагина, боғчада йиқилганида онасидан эшитган эди. У бу сўзни худди бадавлат инсон олтинини қўриқлаганидек юрагини туб-тубига яширган, ёлғиз қолганида онасини фақат шу сўзини эсга оларди. У бўй-бастига ярашмайдиган, аммо одамзод рад этолмайдиган туйғуни ҳис этди. Кўз ёшларини тутиб туролмади. Ёш боладек йиғлаб юборди. Нақадар кучли экан бу ширин сўз. Ҳар қандай ёвузни бир онда юввош мушукчага айлантира оладиган. Анварнинг ёш боладек югуриб бориб, онахоннинг бўйнига осилиб эркалик қилгиси келди. Аммо у йигирма тўрт йилга кечикиб эшитди бу сеҳрли, инсонни нарвонсиз осмонга олиб чиқадиган сўзни. Онахон жилмайиб, худди ҳеч нима бўлмаган-у, кечаги ўқувчиси бугун дарс жадвалини сўрагани келгандек ширин муомаласини канда қилмади.

– Болам, ваннага кирсанг сенга кийим-кечак тайёрлаб қўйдим, бўлақол овқат совумасин-а. Ҳа демай уканг ҳам келиб қолади. – Анвар нима бўлаётганига тушунмаётганди. Қанақа укаси? Нима бало эси оғганми бу онахонни, деб ўйлаб ваннага кирди. Қараса илгакда ўлчами ўзига мос, шойи пижама турибди. У яхшилаб ювинди, соқол- мўйлабини олди. Уни ҳеч қачон, ҳеч ким одам деб овқатга чақирмаган эди. У қушдей енгил тортиб, ёқимли ҳислар оғушида чиқиб столга ўтирди.

Икки хоналик уй, ошхона деворига гул қоғозлар эътибор билан ёпиштирилган, дераза пардалари гул тувакдан сал баландроқ қилиб, ҳошиялар қўйиб тикилган. Дераза олдида ўтирган одамга, кўчадаги ёш келинлар йўлакларини супираётганлари, болалар майдончаларида кичкинтойларнинг қийқириб, бир-бири билан нарса талашиб йиғлашлари, янги машина олган рўпара йўлакдаги қўшниниг завқланиб, қўшиқ ҳиргойи қилиб машинасини юваётганигача яққол кўриниб турарди. Стол устида эса иккита шиша идишда конфет, вазада олма ва битта хурмо. Хурмони суви қочиб қолганига қараганда, уйда ёш бола йўқ. Онахон ошхонанинг у бошидан бу бошига бориб келиб, анча эскириб қолган газ плитасидаги қозондан косаларга овқатни сузарди. Атрофга аланглаб ўтирган Анвар ундан:

– Қанақа укам? – деб сўради.

– Ие-е! мени ўғлим-да, сен ҳам менга боламдексан ахир. Сени ўқитганман-ку, сенга ука бўлади-да. – кулиб қўйди онахон. Анвар бошини эгиб, – Кампир мени танибди-да, – деб ўйлади изтироб билан. У бир пайтлар ўқитувчисига нисбаттан қилган ишларидан уялиб кетди. Шу пайт эшик тақиллаб, онахоннинг ўғли кириб келди. Анвар соқол- мўйлабини олгани билан, йиллар давомида ичкилик яратган турқи унинг кимлигини шундоққина фош қилиб турарди. Искандар хонасига кираётган чоғида, ошхонадан эркак кишини овозини эшитиб ортига қайтди. Нотаниш эркак унинг халатини кийиб ўтирганини кўриб, бир онасига, бир Анварга қараб қолди. Бўй басти ҳақиқатдан ҳам Анвар билан бир ҳил, фақат бир икки ёшга ундан кичикроқ. Танасининг тузилиши худди жангда пишган, мускуллари анча ишлов берилган спортсменни эслатарди. Ўртаси билан ёйилиб кетган қоши чимирилганидан худди пешонасигача ўсиб кетгандек туюларди. Сочлари тақир қилиб олинган, жаҳлдан мушт қилинган қўлининг томирлари бўртиб, кўкариб турарди. Уканг, дегани бекормас шекилли кўзлари Анварга жуда ўҳшарди. Умуман олганда билмаган одам уларни ака-ука деб ўйлаши тайин. У қўлидаги иккита ёпган нонни на қўйишни ва на отишни билмай гаранг эди.

– Ойи, ким бу? – жаҳл билан сўради у.

– Аканг болам. Келдингми, айни вақтида келдинг, овқат Сузаётгандим бўлақол, ечиниб, юз қўлингни ювиб чиқ! – деди косадаги иссиқ овқатни қўллари куйиб, столга қўяркан. Худди неча йиллар излаган, ёшлигида йўқотиб қўйган боласини топган онадек Анварга қараб тўймасди.

– Ойи… нима диганиз… қанака акам? – у нима қилишини билмай, онасига пешонасини тириштириб қараб турарди. Бегона кишини ёқасидан олиб кўчага улоқтирсаммикан деб хаёлидан ўтказди, аммо онасиннинг юраги кўтаролмаслигини ўйлаб ўзини аранг босди.

– Мен бу болани ўқитганман, ўқувчим, – деди қаттий оҳангда. Бу гапни эшитиб, Искандарнинг таранг тортилиб турган мускул-лари сал бўшади. Худди анчадан бери ташлаб қўйган ишини яна бошлаган одамга, энди сени нима қилсам экан, дегандек онасига ўқрайиб қаради-да, уни четроққа тортди.

– Ойижон, яна бошландими меҳрибончилигиз? Ахир унга яхшилаб қаранг, у энди сизни ўқувчингиз эмас! – деди у ўзини базўр босиб.

– Ундай дема. Одамзод мушкул чоғда бир-бирини қўлламаса бўлмайди болам.

– Унда ҳамма ўқувчиларингизни етаклаб кела қолинг! – энди жаҳлини яширолмай, икки қўлини икки ёнига ёзганча, мана кенг уй дегандек бақириб юборди. Онаси бир муддат ўғлига қараб жим турди-да, худди ёш боладек кўзларига ёш қалқиди, – Онанга тик қарагани уялмадингми болам? Сенга шундай тарбия берганмидим? – Искандар дарров онасини бағрига босиб уни овута бошлади.

– Онажоним, кечиринг билмасдан… жаҳлим чиқиб кетди-да. – кейин овозини пасайтириб деди, – ахир унга яхшилаб қаранг, ким-лигини билиш қийин эмас-ку, кўча бангиларидан. Ниятини билиб бўлмайди, биринчи синф боласимас ҳар ҳолда.

Ая ўзини ноқулай ҳис этиб, гоҳ-гоҳ титраб кетаётган қўлларини яшириб ўзини чалғитишга уринаётган Анварга қараб йиғламсираб:

– Биламан, кўриб турибман, шунинг учун ҳам олиб келдим-да.

Қарасам, йўл четида жунжикиб ётибди шўрлик. Аввал ҳам кўрган эдим, айб ўзида, ўқиса одам бўларди, деб ўтиб кетаверардим. Аммо қуръонда «жардаги инсонга қўлини чўзганга, мен жаннат эшигини очиб қўяман.» деган мазмундаги оятни ўқиб шундоқ уялдим.

– Қуронда айнан шундай дейилган эканми? – дея, ўйлаб гапиринг

Аллоҳнинг сўзи билан ўйнашманг, жавоби оғир бўлади дегандек урғу берди Искандар. Ая ўйлаб қолди-да:

– Мен айнан деганим йўқ, шу мазмунда дедим. Ҳар ҳолда мен Шундай тушундим. —деб юзини аразлагандек ёнга буриб, ёш боладек қўлини қовуштириб лабларини чўччайтирди. Бу қилиғи билан Искандарни жахл отидан тушириб, ўз эркаллиги билан унинг юзига пича табассум югуртирмоқчи бўлди. Ва бунга эришди ҳам, Искандарнинг юзига табассум югуриб сал бўшашди ва онасини қаттиқ қучоқлади. – Болам, ахир уни ҳеч ким танимайди, бу атрофда қариндош-уруғлари ҳам йўқ. Биттагина тоғаси ҳам ўлиб кетган. Онасидан эса шу кетганча дарак бўлмаган. Мендан бошқа ким унга қўл чўзади деб, Аллоҳдан қўрққанимдан уйимга олиб келдим болам. Унга юрагим ачишди болалигида яхши ўқирди, зеҳнли бола эди.

 

– Тушунаман онажон, аммо уйимиздан у-бу нарса ўғирласа-чи? – эшиттириб гапирди Искандар. Она худди бир боласини иккинчисидан химоя қилаётгандек, ўғри деб сифат берилиши унга ёқмади, гарчи бунга унчалик ишонмаса-да уни ҳимоя қилди, – Ўғирламайди! —деди чуқур хўрсинганча.

Ўғли онасини қизғондими, ёки шу билан онасини аҳдидан қайтар-моқчи бўлдими.

– Бўлмаса мен кета қолай! – деди жаҳл билан, икки қўлини силтаганча.

– Сен шундоғам кетаяпсан-ку болам. Ҳиндистонда бошқа инженер қурибдими-ки, сен бормасанг, – деб онаси боғчага ташлаб кетилаётган болакайдек ўғлига мўлтиради. Бу нигоҳ бояги эркаликдан сўнг жаҳл отида, эгар жабдиқни бўшаштириб турган ўғил юрагини батамом юмшатиб, онасини бағрига босишга сабаб бўлди.

– Ойижон нима қилай, ахир ишим шунақа. Мен у ерда малака ошираман. Келгунимча сиз ўзингизга ёққан қизни топиб қўйсангиз, тўй қиламиз, нима дедингиз, – деб онасининг кўз ёшларини артиб, эркалаб қўйди. Эрининг ўлимидан кейин у ўғлига анча суяниб, қўнгли салга юмшаб кетадиган бўлиб қолганди.

– Ҳали ҳам уйланганинг йўқ, опаларинг сенга алла қанча сулув қизлардан топиб қўйишган, сен бўлсанг…

– Бўлди-бўлди ойижон, нима десангиз шу, майли қолса қола қолсин, фақат йиғламанг! Касал болиб қоласиз аҳир.

Анвар, она-боланинг муросаларига, деворга суянганча ҳавас билан қараб турарди. Бу гапларни эшитиб, кетмоқчи бўлди-ю, аммо у онасини энди топгандек, бу ердан қетгиси келмасди. Оила нимали-гини у шунча йил деганда мана энди кўрди. Овқатланиб ўтириб, у ёқ-бу ёқдан гаплашишди. Искандар худди жиноятчини сўроқ қилаётган прокурордек ундан ҳеч кўзини узмас, ҳали шошмай тур, мен сени йўқотмасамми, дегандек ўқраярди. У овқатини еб бўлди ҳамки, бу кўзлар уни ҳали ҳам таъқиб қиларди. Анвар ўзини ноқулай ҳис этиб, секингина уларга ўхшаб сочиққа оғзини артгач таҳлаб қўйди. У қанча ўзини уларга ўхшаб тутишга ҳаракат қилмасин, қўллари титрашдан тўхтамас, гаплари чалкашиб кетарди. Ахир шунча йил оғу ютиб унинг асаб тизимлари анча толиққан эди-да.

– Мен бора қолай, – деди худди қўша-қўша уйлари уни кутиб турган, меҳмонга келган аристократдек қаддини ғоз тутиб.

– Қаерга борасан болам? Барибир борар жойинг йўқ, қолавер, – деди ая.

Анварга бу таклиф ёқди-ю, аммо ҳайиқиб кўз қири билан Искандарга қаради. Шунда устози Анварга, – Қўрқма емайди, Искандар келаси душанбада Ҳиндистонга учиб кетади, хонаси сенга қолади. Менга ҳечам зараринг тегмайди. – деди жилмайиб. Бу гапдан Искандарнинг энсаси қотиб, юзини дераза томонга бурди. Искандарни шубҳаси аримаганини Анвар жудаям яхши билиб турар, шу сабаб имкон қадар унинг кўзидан узоқ бўлишга ҳаракат қиларди.

Бир ҳафта шу ердаман, ҳамма ишимни ташлаб, шу йигитни уйдан йўқотишим керак, билиб бўладими, нияти нима уни, деди ўзига ўзи Искандар.

Sie haben die kostenlose Leseprobe beendet. Möchten Sie mehr lesen?