Қурилишда меҳнатни мухофаза қилиш

Text
0
Kritiken
Leseprobe
Als gelesen kennzeichnen
Wie Sie das Buch nach dem Kauf lesen
Қурилишда меҳнатни мухофаза қилиш
Schriftart:Kleiner AaGrößer Aa

© Рахматулла Усманов, 2024

ISBN 978-5-0062-8666-5

Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero

КИРИШ

Қурилишда меҳнат шароитлари саноат корхоналаридаги меҳнат шароитларидан кескин фарқ қилади. Агар саноат корхоналарида иш жойлари озми кўпми ўзгармас ва ишловчи узоқ вақт ўрнатилган технология операцияларини муқим ускуналарда бажарса, қурилишда эса унинг бутун қурилиш вақти даври давомида қурилаётган объект периметри ва баландлиги бўйича иш жойи узликсиз силжиб боради. Иш жойида меҳнат шароитлари ҳам ўзгариб боради: иш жойи қулай ва ноқулай (ишловчини танаси ҳолатини мажбурий ўзгаришига боғлиқ равишда), хавфли ва хавфсиз бўлиши; у пастда ва юқорида, хона ичкарисида ва хона ташқарисида бўлиши мумкин.

Қурувчига тез-тез қурилаётган бинода ноқулай шароитларда силжишга, қўлда материалларни, асбобларни, мосламаларни, баландликда ишлаш ва тўсиқлаш воситаларини силжитишга тўғри келади. Унга очиқ ҳавода ёқимсиз метеорология шароитларида: иссиқ ва совуқда, нам об-ҳавода ва кучли шамолда ишлашга тўғри келади. Шунинг учун қурилишда иш жойларида ишларни хавфсиз бажарилишини таъминлаш халқ хўжалигининг бошқа тармоқлари ва саноат корхоналариникидан кўра анча мураккабдир.

Қурилиш ташкилотларини иқтисодий самарадорлигини ошириш, барқарор ва узликсиз ривожлантиришга меҳнат жамоаси барча аъзоларининг фаол меҳнат қилиши ва уларни ҳаёт фаолиятини хавфсизлигини таъминланиши, барча хавф-хатарлар таъсирини бартараф этилиши, ресурслар ва тадбиркорлик имкониятларидан, фан-техника тараққиёти ва унинг янгиликларидан самарали фойдаланилиши ҳамда ижтимоий ривожлантиришга кафиллик берилиб эришилади.

Қурилиш ташкилотларида фан ва техника тараққиёти натижалари асосида, замонавий техникалардан фойдаланиб қурилишда бино ва иншоотларни тезкор қуриб битириш технологияларини жорий қилиш, машиналар комплексларининг «одам-машина» тизимини мураккаблашувига, меҳнат хусусиятларини ўзгаришига, меҳнат жараёнида янги хавф-хатарларни вужудга келишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида хавфсизликни таъминлаш масалаларига жиддий эътибор берилишини, меҳнат жараёнида аввал сезилмаган ва қурилишни интенсив технологияларини амалга оширишда машиналар комплектларини тадбиқ этилишидан янгидан вужудга келган хавф-хатарларни доимий равишда ўрганилиши, уларни бартараф этишни машиналар системасини самарадорлигини таъминлаш муаммолари билан уйғунликда ечиш эса, жуда кўп капитал маблағлар ва юқори даражадаги ишлаб чиқариш маданиятини талаб қилади. Бундан, меҳнатни мухофаза қилиш вазифаларини ечмасдан туриб юқори ишлаб чиқариш маданиятига эришиш ва капитал маблағларни камайтириш мумкин эмаслиги келиб чиқади.

Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқаришдаги барча нохуш ҳолатлар бартараф этилиши мумкин бўлган сабаблар оқибатида пайдо бўлади. Шунинг учун, ташкилотлар иш берувчиларидан мавжуд қонунларни бузилишига ва меҳнат жамоаси манфаатларини суистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, меҳнатни мухофаза қилиш қоидаларига, технология ва меҳнат интизомига риоя қилиш ҳамда ночор кун кечиришлар оқибатидаги бефарқликлар, бахтсиз ҳодисалар ва касалликлар туфайли ишга чиқмасликлар, ишчи кучининг қўнимсизлиги ташкилот ва унинг жамоаси учун кўп миқдордаги иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлишини эсда тутишлари талаб этилади.

Қурилиш ташкилотлари ишлаб чиқаришидаги авариялар ва бахтсиз ҳодисалар тахлили ишлаб чиқариш жароҳатланишлари ва касб касалликларига чалинишларнинг асосий сабаблари меҳнат ва технология интизомини бузилиши, персоналнинг касбий тайёргарлик даражасининг пастлиги, хавфсизлик соҳасида унинг малакасизлиги, техноген хавфлар ва улардан ҳимояланиш методларини билмаслиги, яъни, кўпчиллик ҳолларда, инсон омили нохуш оқибатларнинг бош сабабчиси бўлишини кўрсатади. Шунинг учун қурилиш ташкилотларидаги замонавий ишлаб чиқаришнинг хавфлари ва зарарларини ўрганиш турли даражадаги мутахассисларни касбий тайёрлашни таркибий қисмларидан бири бўлади.

Бозор иқтисодиёти шароитида ишловчиларни яшаш шароитларини яхшиланиши, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари сонини камайиши, хавфсизликни ошиши ва меҳнат гигиенасини яхшиланишига олиб келувчи энг муҳим омил – қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишда иш берувчиларни иқтисодий рағбатлантириш принципидан кенг фойдаланишдир. Иқтисодий рағбатлантириш, шароитларни яхшилаш ва меҳнатни мухофаза қилишга воситалар сарфлашни жарималар, оширилган суғурта бадаллари, ноқулай шароитларда ишлаганлик учун компенсация тўловлари ва меҳнат қобилияти йўқотилганда зарарларни қоплаш сарфларига нисбатан, моддий манфаатлилигини назарда тутади.

Мутахассисларнинг фикрича, ноқулай меҳнат шароитлари билан боғлиқ имтиёзлар тўлови харажатлари меҳнат шароитларини яхшилаш воситалари харажатларидан икки баробар кўпни ташкил қилади. Бунда иқтисодий самарадорликка жароҳатланиш, умумий ва касбий касалланиш оқибати харажатларини камайиши, иш вақти йўқотилишини камайиши эвазига меҳнат унумдорлигини ошиши, оғир ва зарарли меҳнат шароитлари бўйича имтиёзлар ва компенсациялар харажатлари ҳамда авариялар моддий зарарларини камайиши эвазига эришилади.

Қурилиш ташкилотларида меҳнатни мухофаза қилишни вазифаси соғлом ва қулай меҳнат шароитларини яратиб меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, ишловчиларни ҳаётини ва соғлиғини сақлаш, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар сонини камайтириш билан биргаликда максимал меҳнат унумдорлигида қурилиш объектларини фойдаланишга топшириш ва юқори даражадаги иқтисодий самарадорликка эришишдан иборат.

Дунёдаги энг катта компанияларнинг юқори даражадаги раҳбарлари ҳам меҳнатни мухофаза қилишни бош устивор йўналишлардан бири деб ҳисоблашади. Масалан, улар корхона фаолиятининг ўнлаб кўрсаткичларидан меҳнатни мухофаза қилиш ва ўзларини ишловчиларини соғлиғини сақлашни, персонални малакаси ва компетентлигидан кейин, 2- ўринга қўйишади. Европа иттифоқи мамлакатларида ҳозирда меҳнатни мухофаза қилиш маданиятини юқори даражага кўтариш тўғрисида савол кўтарилаяпти, бу эса ташкилотлар ва корхонаналарни бошқаришни бош элементларидан бири бўлади.

Қурилиш майдончасини ва қурилиш-монтаж ишларини бажаришни тўғри ташкиллаштириш – бу юқори унумли ва хавфсиз меҳнат учун шароитлар яратиш, бўлиши мумкин бўлган хавфларни назарда тутиш ва улардан огоҳлантириш, ишловчиларга санитария-гигиена хизмати кўрсатилишини таъминлашдир. Шунинг учун қурилиш бошланишидан узоқ вақт илгари қурилишни ташкиллаштириш ва ишларни бажариш лойиҳаларини ишлаб чиқиш вақтида лойиҳа ва пудрат ташкилотлари меҳнат хавфсизлиги ва уни тўғри ташкиллаштириш саволлари билан шуғуллана бошлайдилар. Лойиҳалаш Қурилиш нормалари ва қоидалари (СНиП) талабларига қаттиқ риоя қилиниб, хусусан СНиП 12-03-2001 «Қурилишда меҳнат хавфсизлиги. 1-қисм. Умумий талаблар», ва СНиП 12-04-2002 «Қурилишда меҳнат хавфсизлиги. 2-қисм. Қурилиш ишлаб чиқариши» биноан олиб борилади.

Ўзбекистон республикасида биноларни қуришда, бино ва иншоотларни реконструкция қилишда, таъмирлашда, кенгайтиришда ва техник қайта қуришда, қурилиш-монтаж ишларини бажаришда, қурилиш материаллари, конструкциялари ва маҳсулотларини ишлаб чиқаришда архитектура ва қурилиш соҳасида фаолият юритаётган барча ташкилотлар, корхоналар риоя қилиши лозим бўлган «Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ШНҚ 3.01.02.20 Қурилишда хавфсизлик техникаси» ишлаб чиқилган.

Ушбу ўқув қўлланмасининг мақсади – корхоналар ва ташкилотлардаги меҳнатни мухофаза қилиш ҳақида асосий маълумотларни бериш. Қўйилган мақсадга эришиш учун:

меҳнатни мухофаза қилишни бошқаришни қонунчилик ва иқтисодий методлари билан танишиш;

меҳнатни мухофаза қилиш хизматининг мақсади ва вазифаларини кўриб чиқиш;

меҳнат хавфсизлиги методлари, ҳимоялаш ва профилактика (олдини олиш) воситаларини ўрганиш.

Одам меҳнати содир этилишида соғлом ва хавфсиз шароитларни таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва ечиш, – янги технологияларни ва ишлаб чиқариш тизимини ишлаб чиқишда энг муҳим вазифалардан биридир. Ишлаб чиқариш бахтсиз ҳодисаларини, касб касалликларини, авариялар, портлашлар, ёнғинларни ўрганиш ва мумкин бўлган сабабларини аниқлаш, бу сабабларни бартараф қилишга йўналтирилган тадбирлар ва талабларни ишлаб чиқиш, одамни меҳнат қилиши учун хавфсиз ва ёқимли шароитларни яратиш имконини беради. Қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари – ишловчиларнинг соғлиғи, меҳнат хавфсизлиги ва иш унумдорлигига таъсир этувчи асосий омиллардан биридир.

Қўлланма қурилиш ташкилотлари рахбарлари, мутахассислари, турли касб ишчилари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим ўқув юртлари талабалари учун мўжалланган.

Ушбу ўқув қўлланма тўғрисидаги танқидий мулоҳазалар, мутахассислар фикрлари муаллиф томонидан миннатдорчилик билан қабул қилинади ва қўлланмани янада жонли ҳамда таъсирчанлигини ошириб уни такомиллаштиришда фойдаланилади.

1. МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШНИ УМУМИЙ САВОЛЛАРИ

1.1. Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича асосий атамалар ва таърифлар

Меҳнатни мухофаза қилиш – бу тегишли қонун ва меъёрий ҳужжатларга биноан амал қилувчи, инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика ва реабилитация қилиш тадбирлари ва воситалари тизимидир.

Техника хавфсизлиги – ташкилий, техник тадбирлар ва воситалар тизими бўлиб, жароҳатланишга олиб келувчи ишлаб чиқариш омилларининг ишловчиларга таъсирини бартараф қилишга йўналтирилган.

Ишлаб чиқариш санитарияси – ташкилий тадбирлар ва техник воситалар тизими бўлиб, ишловчиларга зарарли ишлаб чиқариш омиллари таъсирини камайтириш ёки уларни олдини олишга йўналтирилган.

Ишлаб чиқариш санитарияси – зарарли ишлаб чиқариш омилларини ишловчиларга таъсирини бартараф этувчи ёки рухсатлисидан ошмайдиган қийматигача камайтирувчи ташкилий тизимлар, санитар-гигиеник тадбирлар, техник воситалар ва методлар.

Меҳнат гигиенаси – профилактик медицина сифатида тавсифланади, меҳнат шароитларини ва меҳнат характерини ўрганувчи, уларни соғлиққа ва инсонни функционал ҳолатига таъсирини ва ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнларини зарарли ва хавфли омилларини ишловчиларга таъсирини олдини олишга йўналтирилган илмий асослар ва амалий чораларни ишлаб чиқади.

 

Электр хавфсизлиги – электр токи, электр ёйи, электр магнит майдони ва статик электрнинг хавфли ва зарарли таъсиридан ишловчининг ҳимояланиш ҳолатини билдиради.

Ёнғин хавфсизлиги – шахсни, мол-мулкни, жамиятни, давлатни ёнғинлардан ҳимояланиш ҳолати. Ёнғин хавфсизлиги Меҳнат вазирлиги ваколатига кирмайди. Бу ФВВ (фавқулодда вазиятлар вазирлиги) соҳасидир. ФВВ бу соҳадаги ишларни меъёрлаштиради, назорат қилади ва текширади.

Ҳаёт фаолиятини хавфсизлиги – инсонни техносфера билан комфорт ва хавфсиз узвий боғлиқликдаги ҳаракати тўғрисидаги фан.

Саноат хавфсизлиги (Меҳнатни муҳофаза қилиш ўз ичига саноат хавфсизлигини олмайди) – шахс ва жамиятни хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги авариялар ва уларни оқибатларидан ҳаётий муҳим манфаатларини ҳимояланганлик ҳолати.

Авария – иншоотлар, ускуналар, техник қурилмаларни синиши, одамларни соғлиғи ва ҳаётини хавф остида қолдириши мумкин бўлган назоратсиз портлаш ва хавфли моддаларни чиқариб ташланиши.

Авария ҳолати – ишловчиларни жароҳатланишга, деталларни синишига ва бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёнғин ва моддий бойликларни ҳимоясизлигини таъминловчи ҳолат.

Атмосферанинг ифлосланиши – инсон ва ҳайвонларнинг саломатлиги, экотизим ва ўсимликларнинг нормал ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган ҳаво таркиби ва хусусиятларининг барча турдаги ўзгаришлари.

Антропоген ифлосланиш – инсон фаолияти натижасида ифлослантирувчи моддаларнинг атмосферага ташланиши.

Буюртмачи – қурувчи, инвестор ёки улар номидан инвестицион лойиҳани амалга ошириш ваколатига эга бўлган бошқа бир юридик ёки жисмоний шахс. Буюртмачи бажариладиган ишларни амалга оширувчилар таркибини шакллантиради, улар билан шартномалар тузади ва молиявий ҳисоб-китоб юритади, қурилишнинг умумий бошқарувини амалга оширади, қурилиши тугалланган объектларнинг қабул қилинишини ташкил этади. Буюртмачи бутун инвестицион давр мобайнида лойиҳани амалга ошириш бўйича инвесторнинг манфаатларини ҳимоя қилади, шу билан биргаликда қонун билан белгиланган тартибда ижрочилар олдида мулкий жавобгарликни ўз зиммасига олади.

Бош лойиҳачи – лойиҳанинг алоҳида қисмларини бажариш учун субпудратчилар билан шартномалар тузган ҳолда уларни жалб қилиб лойиҳа-қидирув ишларини тўлиқ ҳажмда бажариш учун буюртмачи билан шартнома (контракт) тузган лойиҳа ташкилоти.

Вахта усули – бу қурилаётган объектлар корхонадан узоқ масофада жойлашган шароитда ишларни меҳнат ресурсларидан фойдаланиш асосида ташкил этиш шакли. Вахта усули чекка ва узоқ ҳудудлардаги ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий соҳа объектлари, муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда, шунингдек, ишлар жадал суръатда олиб борилаётган, лекин маҳаллий меҳнат ресурслари билан таъминланмаган ҳудудларда қурилиш муддатларини қисқартириш мақсадида қўлланади.

Доимий иш жойи – ишловчи ўзининг иш вақтини кўпчиллик қисмини ўтказадиган жой (50% дан кўп ёки 2 соатдан кўп узликсиз), агар иш ишлаш зонасининг турли пунктларида амалга оширилса, барча иш зонаси доимий иш жойи ҳисобланади.

Зарарли ишлаб чиқариш омили – таъсири ишловчини касал бўлишига олиб келувчи ишлаб чиқариш омили.

Зарарли ишлаб чиқариш омилининг чегаравий рухсатли қиймати – зарарли ишлаб чиқариш омилининг чегаравий қиймати, унинг ишловчига бутун меҳнат стажи мобайнида кундалик регламентланган давомийликдаги таъсири ҳам меҳнат фаолияти даврида, ҳам кейинги ҳаёти даврида ишлаш қобилиятини пасайишига ва касалланишга олиб келмайди, шунингдек ишловчиларнинг бўлғуси авлодлари соғлиғига ноқулай таъсир ўтказмайди.

Ишловчи (ходим) – иш берувчи билан меҳнат муносабатларига кирган жисмоний шахс ёки меҳнат қонунчилигининг субъекти, иш берувчи билан меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган ва бунинг учун иш ҳақи оладиган жисмоний шахс.

Иш берувчи – ташкилот рахбари (ҳуқуқий шахс) номидан иш юритадиган (нотариус далолатномаси бўйича расмийлаштирилган) ёхуд ишловчи меҳнат муносабатларида бўладиган жисмоний шахс.

Иш жойи (ўрни) – ишловчи туриши керак бўладиган жой ёки иши туфайли бориб турадиган жой ва бевосита ёки билвосита иш берувчининг назорати остида турадиган жой.

Иш зонаси – пол сиртидан 2 метргача баландликда жойлашган фазовий ҳудуд ёки ишловчиларни меҳнат фаолияти жараёнида вақтинчалик ва доимий келиб турадиган майдонча шаклидаги иш жойи.

Ишлаб чиқариш фаолияти – ресурсларни тайёр маҳсулотларга айлантириш учун, турли хил хом-ашё, қурилиш, турли-туман хизматларни бажаришни ўз ичига олган, меҳнат қуролларини қўллаб одамларни бажарадиган ҳаракатлари тўплами.

Ишлаб чиқариш жараёнлари хавфсизлиги – норматив-техник ҳужжатлар билан ўрнатилган шароитларда олиб бориладиган ишлаб чиқариш жараёнининг меҳнат хавфсизлиги талабларига мослик хоссаси.

Ишлаб чиқариш ускунасининг хавфсизлиги – меёрий ҳужжатлар билан ўрнатилган, ишлаб чиқариш ускуналарининг монтаж (демонтаж) ва фойдаланиш жараёнларида меҳнат хавфсизлиги талабларига мос бўлиш хоссаси.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса – ишловчи томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини ёки иш берувчининг топшириғини бажараётганда ишлаб чиқаришнинг хавфли ёки зарарли омилининг таъсири натижасида содир бўлган ҳодиса.

Ишлаб чиқаришнинг зарарли омили, зарарли омил – ишлаб чиқариш омили, унинг ишловчига таъсири маълум шароитларда касалланишга олиб келиши, ишлаш қобилиятини камайишига ва (ёки) ишловчини келгуси авлоди соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ишлаб чиқаришнинг хавфли омили – таъсири ишловчини маълум шароитларда жароҳатланишга, ўткир заҳарланишга ёки бошқа беҳосдан тезда соғликни ёмонлашувига ёхуд ўлимга олиб келадиган ишлаб чиқариш омили.

Ишловчиларни шахсий ва жамоавий ҳимояловчи воситалари – ишловчиларга зарарли ёки хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсирини камайтириш ёки бартараф этиш ҳамда уларни ифлосланишдан ҳимоялаш учун фойдаланиладиган техник воситалар тўплами.

Ишловчини шахсий ҳимоя воситаси – одам танаси ёки унинг қисмига кийиладиган ҳимоя воситаси.

Ишловчиларнинг жамоавий ҳимоя воситаси – ишлаб чиқариш жараёни, ишлаб чиқариш ускунаси, ишлаб чиқариш хонаси (биноси) ёки ишлаб чиқариш майдончаси билан конструктив ёки функционал боғланган ҳимоя воситаси.

Ишлаб чиқариш ҳудуди – қурилиш ёки ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун ажратилган ҳудуд, ундаги қурилаётган ёки ишлаётган бинолари ва иншоотлари билан.

Иш вақти – ишловчи ташкилотни ички меҳнат тартиби қоидалари ва меҳнат шартномаси шартларига кўра меҳнат мажбуриятларини бажариши керак бўлган вақт давомийлиги, шунингдек қонунларга биноан ва бошқа ҳуқуқий норматив ҳужжатларга биноан иш вақтига киритилган бошқа вақтлар даврлари.

Касбий тавакалчилик – ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омиллари таъсири натижасида, меҳнат шартномаси бўйича ишловчини ўз мажбуриятларини бажариш чоғида ёки меҳнат кодекси томонидан ўрнатилган ёхуд бошқа ҳолларда соғлиққа зарар келтириш эҳтимоли.

Касб касаллиги – зарарли ишлаб чиқариш омили таъсири оқибатидаги сурункали ёки ўткир касалланиш.

Лойиҳа олди ишлари – қабул қилинган параметрларга кўра лойиҳани амалга ошириш имкониятини ва мақсадга мувофиқлигини, шунингдек унинг ҳаётийлигини асослаб берувчи ишлар йиғиндиси.

Меҳнат хавфсизлигини бошқариш – меҳнатни хавфсиз ва зарарсиз шароитларини яратиш мажмуи вазифалари ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонуний норматив ҳужжатларни қўллаш асосида, хавфсизликни таъминлаш, жароҳатланиш, авариялар, касбий касалланишларни камайтириш ва меҳнат шароитларини яхшилаш ишларини ташкиллаштириш.

Меҳнат шароитлари – ишловчини ишлаш қобилияти ва саломатлигига таъсир этувчи ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг омиллари тўплами.

Меҳнат шароитларини гигиеник нормативлари – зарарли ишлаб чиқариш омиллари даражаси, улар ҳар куни, аммо бутун иш стажи мобайнида ҳафтасига 40 соатдан кўп бўлмаган ишлашда, ишлаб чиқариш жараёнида ёки ҳозирги ва ҳаётининг охирги муддатларида ҳозирги ва кейинги авлодларида, замонавий изланиш методлари билан аниқланадиган, касалланишлар келтириб чиқармаслиги ёки соғлик ҳолатини чегарадан чиқмаслиги.

Меҳнат хавфсизлиги – ишловчиларга ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омиллари таъсир кўрсатмайдиган меҳнат шароитлари.

Меҳнат хавфсизлиги шароитлари – меҳнат шароитларининг ҳолати, бунда ишловчига ишлаб чиқаришни зарарли ва хавфли омиллари таъсирлари бўлмайди, ёхуд уларни таъсир этиш даражаси ўрнатилган меъёрий даражадан анча паст бўлади.

Меҳнат хавфсизлиги талаблари – бажарилиши ишловчиларни хавфсизлигини таъминлайдиган қонунчилик ҳужжатлари, норматив-техник ҳужжатлар, қоидалар ва йўриқномаларда ўрнатилган талаблар.

Меҳнат шароити – меҳнатни амалга ошириш вақтида ижтимоий ва ишлаб чиқариш омиллари йиғиндиси.

Объектнинг хавфсизлиги – бу объектга нисбатан ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликнинг салбий оқибатларига олиб келмаслик шартлари.

Скаффолдинг – биноларни қуришда, таъмирлашда ёки бинони тозалашда ишчилар томонидан фойдаланиладиган махсус қисқичли металлдан ясалган ҳавоза. Асосан бино ташқарисидаги вақтинчалик хавфсиз ишлатиладиган темир конструкцияли ҳавоза ҳисобланади.

Субпудратчи – (субпудрат лойиҳа ташкилоти) лойиҳа ишларининг алоҳида қисмларини бажариш учун лицензияга эга бўлган ва бош лойиҳачи билан тузилган шартнома мажбуриятлари асосида лойиҳанинг тегишли қисмларини бажарувчи юридик шахс.

Ташкилот – мулк шакли ва бўйсинишидан қатъий назар корхона, муассаса ёхуд бошқа ҳуқуқий шахс.

Хавфли ишлаб чиқариш омили – таъсири ишловчини жароҳатланишига олиб келувчи ишлаб чиқариш омили.

Хавфсизлик – бу шундай ҳолатки, бунда персоналнинг соғлиғи ва хавфсизлигига тавакалчилик етарли даражада бўлади.

Хавсизлик белгилари – сигнал ва ёрқин ранглар, график белгилар ёки тушунтириш ёзувлари ёрдамида маълум бир геометрик шаклга эга бўлган рангли тасвир. Одамларни бевосита ёки рўй бериши мумкин бўлган хавф-хатар ёки муайян ҳаракатларнинг тақиқланиши ҳақида огоҳлантириш учун мўлжалланган, шунингдек, хавфли ёки зарарли ШНҚ 3.01.02—20 3 омилларнинг таъсирини бартараф этадиган ёки камайтирадиган объектлар ва воситаларнинг жойлашуви ҳақида маълумот тарқатувчи восита.

Хавфсиз меҳнат шароитлари, меҳнат хавфсизлиги – меҳнат шароитлари ҳолати, бунда ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омилларини ишловчига таъсири бўлмайди ёки ишлаб чиқаришни хавфли ва зарарли омиллари таъсири чегаравий рухсатли қийматларидан ошмайди.

Хавфсиз масофа – одам ва хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омили орасидаги энг кам оралиқ, бунда одам хавфсиз масофада турган бўлади.

Хавфсизлик белгиси – одамни бўлиши мумкин бўлган хавф тўғрисида огоҳлантириш, маълум ҳаракатларни тақиқлаш ёки бажарилишини буюриш, шунингдек фойдаланилиши хавфли ёки зарарли ишлаб чиқариш омили таъсири оқибатини бартараф этиш ёки камайтириш билан боғлиқ, объектларни жойлашуви тўғрисида маълумот бериш учун мўлжалланган белги.

Хавфсизлик тизими – ишловчиларга хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсирини бартараф қилувчи ташкилий тадбирлар, техник воситалар ва методлар тизими.

Хавфсизлик ранги – одамни диққатини ишлаб чиқариш ускунасининг ёки қурилиш конструкциясининг алоҳида элементларига жалб қилиш учун мўлжалланган ранг, улар хавфли ёки зарарли ишлаб чиқариш омиллари манбаълари, шунингдек ёнғинни ўчириш воситалари ва хавфсизлик белгилари бўлиши мумкин.

Хавфли зона – одамга хавфли ва (ёки) зарарли ишлаб чиқариш омили таъсир этиши мумкин бўлган ҳудуд (макон).

Хавфли шароитлар – ўрнатилган меъёрларга мос бўлмаган ишлаб чиқариш муҳити ҳолати.

Хавфли ҳаракатлар – ишловчини ўқимаганлиги, қила билмаслиги, истамаслиги, қобилиятсизлиги алоҳида ҳолатларда эса – ишлаб чиқариш ҳолатларини тўғри баҳолаш ва меҳнат мухофазасини меъёрлари ва қоидаларини барча талабларини бажариш имконияти йўқлиги оқибатидаги нотўғри, уқувсиз ҳаракатлари.

Ходим – меҳнат қонунчилигининг субъекти, иш берувчи билан меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган ва бунинг учун иш ҳақи оладиган жисмоний шахс. ШНҚ 3.01.02—20 2

Шовқин – ҳар хил жадаллик ва частотадаги даврий бўлмаган товушлар тўплами.

Қурувчи – ўзига тегишли бўлган ер участкасида объект қурилишини, реконструкциясини ёки капитал таъмирланишини, муҳандислик-техник ишларни бажариш, уларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлашни амалга оширадиган жисмоний ёки юридик шахс.