Buch lesen: «АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар»
а-том
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
1. Ўта кичик миқдордаги модда; тизимнинг энг кичик, бўлинмайдиган қисми.
2. Улкан қувват манбаи.
о-дат
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
1. Доимий равишда бажариладиган ҳаракат; маълум вазиятга нисбатан автоматик жавоб реакцияси.
КИРИШ
МЕНИНГ ҲИКОЯМ
Менинг ҳикоям
10-синфни битираётган кунимизда бейсбол таёқчаси юзимга кучли зарб билан урилган. Синфдошим тўпни уриш учун таёқчани қаттиқ силтаганда, таёқча унинг қўлидан сирғалиб чиқиб тўғри мен томонга учиб келди ва пешонамга урилди. Ўша зарб еган онимни ҳанузгача эслай олмайман.
Таёқча юзимга куч билан урилганидан у бурнимни мажақлаб ташлади. Зарба таъсирида миямдаги юмшоқ тўқималар бош суягимнинг ички деворига куч билан урилди. Натижада бошимда шишлар пайдо бўла бошлади. Бир сония ичида бурним синди, бош суягим бир неча жойдан дарз кетди, иккала кўз косам ҳам дабдала бўлганди.
Кўзимни очганимда одамлар менга хавотир билан қараб турар, баъзилар эса ёрдамга чақириб югуриб юрар эди. Уст-бошимга қараб кийимимдаги қизил доғларга кўзим тушди. Синфдошларимдан бири футболкасини ечиб, менга узатди. Мен у билан синган бурнимдан оқаётган қонни тўхтатмоқчи бўлдим. Зарбадан эсанкираб қолганим сабабли жароҳатим нақадар хавфли эканини англамас эдим.
Ўқитувчим елкамдан ушлаб олди ва мени ҳамширанинг хонасига олиб кетди. Биз узоқ йўл юриб спорт майдончасидан ўтдик, сўнг тепаликдан пастга тушдик ва мактаб биносига бордик. Нотаниш қўллар у ер-бу еримдан тутиб, тик туриб юришимга ёрдам берарди. Шошилмасдан, секин юрардик. Ҳар бир сония ғанимат экани ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмади.
Ниҳоят, ҳамширанинг хонасига етиб бордик ва у мени текшириш учун қатор саволлар берди.
– Ҳозир нечанчи йил?
– 1998, – дея жавоб бердим. Aслида, ўшанда 2002 йил эди.
– AҚШ президенти ким?
– Билл Клинтон, – дедим мен. Тўғри жавоб Жорж Буш эди.
– Онангизнинг исми нима?
– Ҳалиги… – дея ўйланиб қолдим. Орадан 10 сония ўтди.
Кейин эса ўз онамнинг исмини эслаш учун 10 сония кетганига парво қилмагандек, “Патти” деб жавоб қайтардим.
Бу эсимда қолган охирги савол бўлди. Миямдаги шишлар тез кўпаяётганди. Мен унга ортиқ бардош бера олмадим ва тез ёрдам машинаси етиб келгунча ҳушдан кетиб қолдим. Тез орада мени яқин атрофдаги шифохонага олиб боришди.
Шифохонага қабул қилишганидан сўнг танам ишлашдан тўхташни бошлади. Нафас олиш ва ютиниш ҳам қийинлашди. Ҳаётимда биринчи марта тутқаноқ тутди. Сўнг умуман нафас ололмай қолдим. Шифокорлар мени кислород билан таъминлашга уринаётган пайтда мени бу шифохонада даволаш учун етарли ускуналар йўқлигига кўзи етди. Улар мени Цинциннатидаги каттароқ шифохонага жўнатиш учун вертолёт чақирди.
Мени тез ёрдам хонасидан ташқарига, кейин эса йўлнинг нариги бетида турган вертолётга олиб боришди. Бир ҳамшира аравачани ўнқир-чўнқир йўлдан итарар, бошқаси эса қўлидаги қопча билан менга сунъий нафас берарди. Шифохонага эндигина етиб келган онам вертолётга тирмашиб чиқиб, ёнимга ўтириб олди. Парвоз пайтида у қўлимни ушлаб кетарди. Мен эса ҳушсиз ва мустақил нафас ололмай ётардим. Худди шу пайтда отам укам ва синглимга қараб туриш ва уларни бўлган воқеадан бохабар қилиш учун уйга шошарди. У саккизинчи синфда ўқийдиган синглимнинг битирув маросимига қатнаша олмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилар экан, кўз ёшларини тўхтата олмасди. Укаларимни қариндошларимиз қўлига топширгач, онамнинг ёнида бўлиш учун у ҳам Цинциннатига йўл олди.
Шифохона томига қўнганимиздан сўнг йигирмага яқин шифокор ва ҳамшира қўниш майдончасига югуриб келди ва мени травматология бўлимига олиб кетди. Бу вақтга келиб миямдаги шиш шу қадар кучайиб кетгандики, талвасалар тўхтамасдан бир-бирига уланиб кетарди. Синган суякларимни дарҳол тиклаш керак эди, аммо мен операцияга ярамасдим. Учинчи куни ҳамон давом этган навбатдаги талвасадан кейин мени дори билан сунъий комага туширишди ва сунъий нафас аппаратига улаб қўйишди. Шифохона ота-онамга бегона эмас эди. Ўн йилча аввал уч ёшли синглимда оққон касаллиги аниқланганда ҳам улар шу эшиклардан кирганди. Ўшанда мен беш ёшда, укам эса атиги олти ойлик чақалоқ эди. Синглим икки ярим йил давомида ўсмага қарши кимётерапия олди, унинг орқа мия суюқлиги ҳамда суяк кўмигидан кўп марта намуналар олинди. Ниҳоят, ўтказилган даво чораларидан кейин синглим хурсанд, ўзини яхши ҳис қилган ҳолда ва энг муҳими касалликдан бутунлай фориғ бўлиб, шифохонадан ўз оёқлари билан юриб чиқиб кетди. Энди эса орадан ўн йил ўтар-ўтмас, ота-онам бу ерга бошқа фарзандининг ортидан яна келди.
Комага тушган пайтим шифохона маъмурияти отаонамга тасалли бериш учун руҳоний ва ижтимоий ходим жўнатди. Руҳоний ўн йил аввал синглимда оққон касаллиги аниқланганда уларга юпанч берган одам бўлиб чиқди.
Кун тунга алмашар экан, бир гуруҳ қурилмаларгина мени тирик ҳолда сақлаб турарди. Ота-онам тунни шифохонанинг ноқулай ўриндиқларида ўтказди. Ҳолдан тойиб бир муддат мудраб қолса, тез орада хавотирдан яна уйғониб кетар эди. Кейинроқ онам менга бу унинг умридаги энг ёмон кеча бўлганини айтган.
Соғлиғимнинг тикланиши
Минг шукурки, эртаси куни эрталаб нафас олишим бирмунча тикланди ва шифокорлар мени комадан чиқаришга қарор қилди. Ўзимга келганимда умуман ҳид сезмаётганимни билдим. Буни тасдиқлаш учун ҳамшира мендан бурнимни қоқиш ва олма шарбатини ҳидлаб кўришни сўради. Ҳид сезгим дарҳол тикланди. Aммо бурнимни қоқиш пайтида ҳаво суякнинг синган жойларидан ўтиб, кўз косамга кириб борганди. Натижада, ҳаммани қўрқитиб, чап кўзим бўртиб чиқиб қолди. Кўзим косасидан чиқиб кетай деб турар, фақатгина мия билан туташтирувчи кўз нерви ва қовоғим уни базўр ушлаб турар эди.
Шифокор ҳаво чиқиб кетгандан кейин кўз яна ўрнига тушишини, бироқ бунга қанча вақт кетиши аниқ эмаслигини айтди. Суякларни тиклаш бўйича операция бир ҳафта кейинга қолдирилди. Бу эса ўзимни тиклаб олишим учун қўшимча вақт эди. Мен худди боксда роса калтак еган одамга ўхшаб кўринардим. Шунга қарамай шифокорлар уйга кетишимга рухсат берди. Мен уйга бурним синган, бош суягимнинг бир неча жойидан дарз кетган ва чап кўзим бўртиб чиқиб турган ҳолда қайтдим.
Кейинги ойлар жуда оғир кечди. Соғайишдан ҳеч қандай дарак йўқ эди гўё. Бир неча ҳафта нарсаларни иккита кўриб юрдим. Том маънода бурнимнинг тагидаги нарсаларни кўра олмасдим. Бир ойдан сўнггина кўзимнинг соққаси ўз ўрнига қайтди. Тутқаноқлар ва кўриш билан боғлиқ муаммолар туфайли фақат саккиз ойдан кейингина яна машина ҳайдай олдим. Соғломлаштириш даврини тўғри чизиқ бўйлаб юриш сингари энг оддий ҳаракатлар қилишдан бошладим. Жароҳатни енгиб ўтишга қаттиқ аҳд қилган эдим, аммо баъзан тушкунликка тушиб, ўзимга бўлган ишончим йўқолиб қоларди. Орадан бир йил ўтгач, бейсбол майдончасига қайтганимда ҳали тўлиқ ўзимга келишдан анча узоқ эканимни ҳис қилиб умидсизликка тушиб қолдим. Бейсбол ҳаётимда алоҳида ўрин тутарди. Отам “Сент-Луис Кардиналс” жамоасида кичик лигада ўйнаган. Менинг ҳам профессионал ўйинчи бўлиш ниятим бор эди. Ойлаб даволанишдан кейин биттаю битта орзум ўйин майдонига қайтиш эди.
Бироқ орзумга етишиш осон бўлмади. Янги мавсумда биргина мени катта бейсбол жамоасига қабул қилишмади. Бунинг ўрнига ўзимдан кичик ўйинчилардан иборат кичик жамоага ўтказиб қўйишди. Мен бейсбол билан тўрт ёшимдан бери шуғулланиб келаман. Спортга шунча вақтини ва ғайратини бағишлаган одам учун бу ниҳоятда таҳқирли эди. Ўша кунни худди кечагидек эслайман. Мен машинада ўтириб олиб йиғлардим ва кўнглимни кўтарадиган бирон-бир қўшиқ қидириб, радио каналларини ўзгартирардим.
Бир йил ич-этимни кемириб юрдим. Ниҳоят мени катта жамоага қабул қилишди. Aммо ўйинларга кам тушар эдим. Мавсум давомида атиги ўн битта иннингда иштирок этдим. Бу битта тўлиқ ўйиндан сал ошар эди.
Юқори синфдаги мақтовга арзимас карьерамга қарамай, мен ҳали ҳам буюк бейсболчи бўлишимга ишонардим. Бундан ташқари, аҳволимни яхшилаш фақат ўзимнинггина қўлимдан келишини яхши тушунар эдим. Жароҳат олганимдан икки йил ўтгач, Денисон университетига ўқишга кирдим ва шундан сўнг ҳаётимда кутилмаган ўзгариш рўй берди. Aйнан шу ерда ҳамма нарса янгидан бошланди ва айнан шу ерда кичик одатларнинг ҳайратли кучини илк бора кашф қилдим.
Одатларни қандай ўрганганим ҳақида
Денисон университетини танлаганим ҳаётимдаги энг яхши қарорларимдан бири бўлди. Мен университет бейсбол жамоасидан ўрин олишга муваффақ бўлдим. Гарчи биринчи босқич талабаси сифатида рўйхатнинг энг охирида бўлсам ҳам бошим осмонда эди. Юқори мактабдаги алғов-далғов ҳаётимга қарамасдан, университетда тузуккина спортчига айлана олдим.
Бейсбол ўйинларида ҳали-бери қатнашмаслигим аниқ эди. Шу сабабли бошқа ишларимни тартибга солишга қарор қилдим. Тенгдошларим кечаси билан ухламай, видео ўйинлар ўйнаб чиққан пайтда мен соғлом кун тартибини яратиш учун барвақт уйқуга кетишни одат қилдим. Университетнинг бетартиб ётоқхонасида ўз хонамни озода ва саранжом сақлашга қаттиқ киришдим. Гарчи бу ўзгаришлар кичик бўлса-да, ҳаётимни ўзим назорат қилаётганимни ҳис қилардим. Ўзимга бўлган ишонч яна пайдо бўла бошлади. Биринчи босқични мен фақат “аъло” баҳолар билан тамомладим.
Одат – ҳар куни бажариладиган иш ёки кўп ҳолларда автоматик тарзда бажариладиган хатти-ҳаракатдир. Ҳар янги семестрда кичик, аммо узлуксиз бажариладиган одатларни шакллантириб бордим. Улар охир-оқибатда аввалига хаёлимга ҳам келмаган натижаларга олиб келди. Мисол учун, ҳаётимда биринчи марта ҳафтасига бир неча марта тош кўтаришни бошладим. Кейинчалик 193 см бўйим билан дастлаб камтаргина 77 килограммлик тошни, кейин эса мақтанишга арзигулик 90 килограммдан ортиқ оғирликни кўтардим.
Иккинчи курснинг бошида ўйинни бошлаб берувчи питчер даражасигача кўтарилдим. Учинчи курсда мени жамоа сардори этиб сайлашди. Мавсум охирида эса энг сара ўйинчилар жамоасига ўтдим. Бироқ фақат тўртинчи курсга келиб менинг эрта уйқуга ётиш, ўқиб-ўрганиш ва тош кўтариш одатларим ҳақиқий самарасини берди.
Бейсбол таёқчаси бошимга урилиб олган жароҳатимдан шифохонада комага тушганимдан олти йил ўтгач, мен Денисон университетининг энг яхши эркак спортчиси деб топилдим ва бутун мамлакат бўйлаб фақат 33 нафар ўйинчига насиб қиладиган ESPN академик умумамерика жамоасига қабул қилиндим. Битирув пайтигача университет рекордлар китобининг саккизта категориясида исмим қайд қилинди. Ўша йили мен университетнинг энг юксак академик унвони – Президент медали билан тақдирландим. Aгар юқорида ёзганларим мақтанчоқликка ўхшаб кетган бўлса, минг бор узр сўрайман. Тўғрисини айтганда, менинг спорт карьерамнинг ҳеч қандай афсонавий ёки тарихий жиҳати йўқ. Мен барибир профессионал ўйинчи бўла олмадим. Бироқ ўша пайтларга назар солганимда ноёб ишни амалга оширганимни, яъни ўз имкониятимни тўлиғича намоён қила олганимни кўраман. Чин дилдан умид қиламанки, ушбу китобда келтирилган ғоялар сизга ҳам имкониятингизни намоён қилишга ёрдам беради.
Барчамиз ҳаётда турли қийинчиликларга дуч келамиз. Менинг қийинчилигим эса олган жароҳатим бўлди. Бошимдан ўтказганларим муҳим бир нарсани ўргатди: кичик ва аҳамиятсиз кўринган ўзгаришлар ҳам, агар доимий равишда такрорланса, йиллар давомида ҳайратли натижаларга олиб келади. Ҳаммамизда ҳам ишимиз юришмаган пайтлар бўлади.1 Бироқ турмушимиз сифати одатларимизнинг сифати билан боғлиқ. Аввалги одатларингиз билан аввалгидек натижаларга эришасиз. Аммо уларни яхшироқ одатга айлантирсангиз, имконсиз нарсанинг ўзи қолмайди.
Эҳтимол, бир кечанинг ўзида улкан натижаларга эриша оладиган инсонлар ҳам бордир. Aммо мен бундай одамларнинг бирортасини танимайман. Ўзим ҳам, табиийки, бу тоифага кирмайман. Жароҳат олган кунимдан то юксак мукофотларга эришгунимгача ҳеч қандай кескин ўзгариш бўлмаган. Бу аста-секин кечган эврилишлар, кичик ютуқлар ва майда муваффақиятлар занжири эди. Ривожланишнинг мен танлаган ва танлашим мумкин бўлган ягона йўли бу кичик ўзгаришлар бўлди. Бир неча йилдан сўнг ўз бизнесимга асос солиб, қўлингиздаги китобни ёзишни бошлаганимда ҳам худди шу тамойилга амал қилдим.
Китоб нима учун ва қандай ёзилди?
2012 йилнинг ноябрь ойида мен “jamesclear.com” сайти учун мақолалар ёза бошладим. Йиллар давомида мен одатлар ҳақидаги ўй-фикрларимни ёзиб борар эдим. Ниҳоят уларни кенг омма билан ўртоқлашиш вақти келганини ҳис қилдим. Ҳар душанба ва пайшанба янги мақола ёзардим. Бир неча ой ичида бу арзимас одат туфайли минглаб обуначилар пайдо бўлди. 2013 йил охирида уларнинг сони 30 мингдан ошди.
2014 йилда эса улар юз мингдан ошди. Натижада “jamesclear.com” интернетдаги энг оммалашаётган сайтлардан бирига айланди. Икки йил аввал илк мақолаларимни ёза бошлаганимда ўзимни худди чала билган нарсаларим ҳақида ёзаётгандек ҳис қилган бўлсам, эндиликда одатлар бўйича мутахассис сифатида ном чиқара бошладим. Бу бир томондан кайфиятимни кўтарди, бошқа томондан эса ўзимни ноқулай ҳис қилдим. Ўзимни ҳеч қачон бу соҳанинг мутахассиси деб санамаганман. Aксинча, муштарийларим билан биргаликда турли тажрибалар ўтказяпман, деб ҳисоблардим.
2015 йилга келиб, обуначиларим сони икки юз мингга етди ва мен “Penguin Random House” нашриёти билан қўлингиздаги китобни ёзиш бўйича шартнома имзоладим. Обуначиларим кўпайиб борган сари бизнес имкониятларим ҳам кенгайиб борди. Тобора кўпроқ компаниялар мендан одатларни шакллантириш, хулқ-атворни ўзгартириш ва ўз устида доимий ишлаш бўйича маъруза қилишга таклиф этарди. Тез орада AҚШ ва Европадаги анжуманларда асосий маърузачи сифатида қатнаша бошладим.
2016 йилдан бошлаб мақолаларим “Time”, “Enterpreneur” ва “Forbes” сингари йирик газета ва журналларда мунтазам чоп этила бошлади. Ўша йили мақолаларимни саккиз миллион киши ўқиганини ақлимга сиғдира олмасдим. NFL (Миллий футбол лигаси), NBA (Миллий баскетбол ассоциацияси) ва MLB (Асосий бейсбол лигаси)даги мураббийлар ёзганларимни ўқиб, уларни ўз жамоалари билан ўртоқлашди.
2017 йил бошида иш ва шахсий ҳаётда яхшироқ одатларни шакллантиришни истаган инсонлар ва ташкилотларга хизмат кўрсатувчи илғор платформалардан бирига айланган “Habits Academy”га асос солдим. “Fortune-500” рўйхатига кирган нуфузли компаниялардан тортиб ёш стартапларгача раҳбар ва ходимларини ўқишга юбора бошлади. Жами ўн мингдан ортиқ раҳбарлар, лидерлар, менежерлар, мураббий ва ўқитувчилар “Habits Academy”ни муваффақиятли тамомлади. Улар билан ишлаш давомида реал ҳаётда одатларни йўлга қўйиш учун нималар зарур бўлиши ҳақида қимматли билимлар олдим.
2018 йилда китоб деярли тайёр бўлиб қолганда “jamesclear.com”ни миллионлаб обуначилар ўқир, электрон почтамдаги ахборот бюллетенига эса қарийб беш юз минг киши обуна бўлган эди. Бу рақамлар фаолиятимни бошлаган пайтдаги кутувимга нисбатан шунчалар кўпки, буни қандай изоҳлашни ҳам билмайман.
Бу китоб сизга қандай наф келтиради?
Тадбиркор ва инвестор Навал Равикант айтганидек, “Яхши китоб ёзиш учун муаллиф бутун борлиғи билан шу китобга айланиши керак”. Китобда келтирилган ғояларни ўзимнинг бошимдан кечириш орқали ўргандим. Жароҳатдан сўнг ўзимни ўнглаб олиш, спорт залида кучимни ошириш, ўйин майдонида яхши натижаларга эришиш, ёзувчи бўлиш, муваффақиятли бизнесни йўлга қўйиш ва масъулиятли етук инсон бўлиш учун кичик одатларга таянишга мажбур бўлганман. Улар менга ўз потенциалимни намоён қилишга кўмаклашган. Ушбу китобни қўлингизда тутиб турар экансиз, сиз ҳам ўз потенциалингизни тўлалигича намоён қилишни истайсиз, дея тахмин қила оламан.
Китобнинг кейинги қисмларида мен яхшироқ одатларни шакллантиришнинг қадам-бақадам режаси билан ўртоқлашаман. Бу одатлар бир неча кун, ҳафта ёки ой эмас, балки бутун умр сиз билан қолади. Гарчи китобда келтирилган ғояларнинг барчаси илмий жиҳатдан исботланган бўлса ҳам, китоб илмий иш эмас, балки амалий қўлланмадир. Одатларни ўзгартириш ва янгиларини яратиш санъатини тушуниш ва амалда татбиқ қилишни қулай тарзда ёритар эканман, сиз ҳар бир саҳифада ёрқин мисоллар, фойдали маслаҳатлар ва амалий тавсияларга дуч келасиз.
Китобни ёзиш пайтида асос бўлган биология, нейрология, фалсафа, психология ва бошқалар аввалдан мавжуд. Мен таклиф қилаётганим донишманд кишилар аллақачон тушуниб етган ғоялар ва сўнгги йилларда олимлар томонидан қилинган энг ҳаяжонли кашфиётлар қоришмасидир. Вазифам ушбу ғоялар ичидан энг муҳимларини танлаш ва уларни осонлик билан амалиётга боғлашдан иборат деб умид қиламан. Китобни мутолаа қилиш давомида учратган барча доно фикрлар менгача бўлган закий кишиларга тегишли. Бирорта аҳмоқона гап ўтган бўлса, у менинг хатом бўлади.
Китоб тўрт босқичли одат модели (сигнал, истак, жавоб ва мукофот) ҳамда ушбу босқичлардан келиб чиқадиган хулқ-атвор ўзгаришларининг тўрт қоидасини ёритиб беради. Психологиядан хабардор инсонлар учун оперант шартлиликка оид айрим атама ва тушунчалар таниш бўлса ажаб эмас. Оперант шартлилик тушунчасини илк бор Б.Ф.Скиннер 1930 йилда “стимул (қизиқтирувчи омил), жавоб ва мукофот” кўринишида фанга киритган. Кейинроқ эса Чарльз Дахиггнинг “Одатлар кучи” китобида “сигнал, аниқ белгиланган тартиб (рутина) ва мукофот” тарзида оммалаштирилган.
Скиннер сингари бихевиорист олимлар тўғри жазо ёки мукофот ёрдамида инсон хулқ-атворини маълум йўналишга ўзгартириш мумкинлигини таъкидлайди. Гарчи Скиннернинг модели ташқи таъсирлар одатларга қандай таъсир қилишини жуда яхши тушунтириб берса ҳам, у ўйларимиз, туйғуларимиз ва эътиқодимиз хулқатворимизга таъсир ўтказиши ҳақида мақбул бир изоҳ бермайди. Инсоннинг ички ҳолати, яъни кайфияти ва ҳислари ҳам катта аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда олимлар фикрларимиз, туйғуларимиз ҳамда хулқ-атворимиз ўртасидаги боғлиқликни аниқлай бошлади. Мазкур тадқиқотлар ҳам қўлингиздаги китобда ёритилган.
Умумий қилиб айтганда, мен таклиф қилаётган ёндашув – когнитив ва бихевиористик фанларнинг уйғунлашган моделидир. Мен ушбу моделни инсон хулқатворига ҳам ташқи, ҳам ички омилларнинг таъсирини ҳисобга оладиган биринчи модел деб ҳисоблайман. Aйрим таниш ғоя ва тушунчалардан фойдаланилганига қарамасдан, ишонаманки, китобда келтирилган майда деталлар ҳамда хулқ-атвор ўзгаришининг тўрт қоидаси одатларни тушунтиришда янгича ёндашувни тақдим этади.
Инсон хулқ-атвори доимий равишда, ҳар дақиқада, бир вазиятдан бошқасига ўтганда ўзгариб туради. Ушбу китоб эса инсон табиатининг ўзгармайдиган жиҳатларига, хулқ-атворнинг асосларига бағишланган. Унда келтирилган тамойиллардан йиллар ўтса ҳам фойдаланиш мумкин. Ундаги ғояларга асосланган ҳолда бизнесга асос солиш, оилани юритиш ва ҳатто бутун умрни ҳам режалаштириш мумкин.
Яхшироқ одатларни шакллантиришда яккаю ягона тўғри йўл йўқ, аммо мен китобда ўзим биладиган энг яхши йўлни келтирганман. Ўзгаришларни қаердан бошлашингиз ёки нимани ўзгартирмоқчилигингиздан қатъи назар, ундаги тавсиялардан фойдаланиш самара беради. Китобда келтирилган ғоялар моддий аҳволини ўнглаш, иш самарадорлигини ошириш, инсоний муносабатларни яхшилаш ёки юқоридагиларнинг барчасини ўз олдига мақсад қилиб қўйган инсон учун қизиқарли бўлади. Инсон хулқ-атвори тўғрисидаги китоб ҳамма учун қимматли қўлланмадир.
АСОСИЙ ТАМОЙИЛЛАР
НЕГА КИЧИК ЎЗГАРИШЛАР КАТТА НАТИЖАЛАРГА ОЛИБ КЕЛАДИ?
1
AТОМ ОДАТЛАРНИНГ ҲАЙРАТЛАНАРЛИ КУЧИ
Британия велосипедчилари федерациясининг тақдири 2003 йилнинг бир кунидаёқ бутунлай ўзгарди. Британия профессионал велопойгачилари бош ташкилоти Дэйв Брэйлсфордни натижалар бўйича янги директор сифатида ёллади. Деярли бир асрдан бери Буюк Британия велоспортчилари ўртасида ўртамиёналик ҳукмронлик қиларди. Улар 1908 йилдан бери Олимпиада ўйинларида атиги бир мартагина олтин медалга сазовор бўлган. Велоспорт бўйича энг нуфузли мусобақа “Тур де Франс”даги натижалар эса бундан-да аянчли аҳволда эди. Сўнгги 110 йил ичида бирорта ҳам британиялик спортчи бу мусобақада ғолиб бўлмаганди.
Британия велоспортчиларининг нуфузи шу қадар тушиб кетган эдики, энг йирик велосипед ишлаб чиқарувчилар уларга ўз маҳсулотларини сотишдан бош тортарди. Чунки британиялик велопойгачилар уларнинг велосипедларидан фойдаланаётганини кўрган бошқа спортчилар харидни тўхтатишидан қўрқарди.
Брэйлсфорд Британия велоспортчилари федерациясининг аҳволини ўнглаш ва уни янги даражага олиб чиқиш учун ишга олинганди. Унинг бошқа мураббийлардан фарқ қилиб турувчи асосий жиҳати “майда устунликларни жамлаш” стратегиясига содиқ қолишида эди. Ушбу стратегиянинг бош мақсади ҳар бир бажарилаётган ишда такомиллаштириш мумкин бўлган митти имкониятларни қидиришдан иборат. Брейлсфорднинг ўзи бу борада қуйидагиларни айтган: “Aгар велосипед ҳайдаш билан боғлиқ барча жараёнлар таркибий қисмларга бўлиб чиқилса ва улар ҳеч бўлмаганда бир фоиздан яхшиланса, йиғинди сезиларли натижаларга олиб келади. Менинг иш услубим шу тамойилларга асосланади”.
Брейлсфорд ва унинг қўл остидаги мураббийлар профессионал велосипедчилар билан боғлиқ жараёнларга кичик ўзгартиришлар кирита бошлади. Велосипед ўриндиқлари янги, қулайроқлари билан алмаштирилди. Ғилдираклар ерга яхшироқ тирмашиши учун уларга спирт суртилди. Спортчиларга машғулотлар давомида мушаклар самарали ишлашини таъминлаш учун электр билан иситиладиган устки кийимлар тарқатилди. Ҳар бир спортчи машқларни қандай бажараётганини назорат қилиш учун биоҳисобот берувчи сенсорлардан фойдаланилди. Жамоа шамол туннелида турли материаллардан тикилган кийимларни синаб кўрди. Натижада енгиллиги ва ҳаво қаршилигини яхшироқ енгиб ўтгани сабабли очиқ ҳавода кийиладиган кийимлар ёпиқ залда кийишга мўлжалланган кийимга алмаштирилди.
Жамоа юқоридагилар билан қаноатланиб қолмади. Брейлсфорд ва унинг мураббийлари бир фоизлик яхшилаш имкониятларини аввал кўздан қочирилган ва кутилмаган жойлардан топишда давом этди. Улар турли хилдаги массаж гелларидан фойдаланиб, қайсилари мускулни энг тез вақтда тиклашини ўрганди. Улар ёллаган жарроҳ спортчиларга қўлни тўғри ювишда бажариладиган ҳаракатларни ўргатди. Бу эса тумов юқтириб олиш эҳтимолини камайтирди. Шунингдек, тунда яхшироқ ухлашга ёрдам берадиган янги ёстиқ ва тўшаклар ҳам танланди. Улар ҳатто жамоанинг юк машинаси ички қисмини оқ рангга бўяб чиқди. Натижада пойга велосипедларининг нозик механизмларига шикаст етказиши мумкин бўлган, аммо одатда эътибордан четда қолиб кетадиган чангни аниқлаш енгиллашди.
Шу ва шунга ўхшаш юзлаб майда ўзгаришларнинг таъсири жамланиб борар экан, натижалар ҳеч ким кутмаган тезликда кўзга ташлана бошлади.
Брейлсфорд бошқарувга келганига беш йил ўтарўтмас Британия велосипедчилар жамоаси 2008 йилда Пекинда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида барча турдаги велосипед пойгаларида устунликни намоён қилди.2 Улар мавжуд олтин медалларнинг олтмиш фоизини қўлга киритди. Тўрт йилдан кейин Лондонда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида эса тўққизта Олимпиада рекорди ва еттита жаҳон рекорди янгиланиб, янада юқорироқ марраларга эришилди.
Шу йилнинг ўзида Брэдли Уиггинс “Тур де Франс”да ғолиб бўлган биринчи британиялик велопойгачига айланди. Кейинги йили унинг жамоадоши Крис Фрум ғалаба қозонди. Фрум 2015, 2016 ва 2017 йилларни ҳам муваффақиятли якунлади. Хуллас, Британия жамоаси олти йил ичида беш марта “Тур де Франс” ғолибига айланди.
2007 йилдан 2017 йилгача бўлган 10 йил оралиғида британияликлар Жаҳон чемпионатида 178 марта, “Тур де Франс” мусобақаларида беш марта ғолиб бўлди. Олимпия ёки Паралимпия ўйинларида олтмиш олтита олтин медал қўлга киритилди. Бу велоспорт тарихида энг муваффақиятли давр сифатида кўпчилик томонидан тан олинди.
Хўш, бундай натижаларга қандай эришилди? Ўртамиёна спортчилар жамоаси катта натижаларга олиб келмайдигандек кўринадиган митти ўзгаришлар билан жаҳон шоҳсупаларига қандай кўтарилди? Нима сабабдан майда ўзгаришлар йиғиндиси шу қадар ҳайратланарли натижаларга олиб келади ва ушбу ёндашувни ўз ҳаётимизга қандай татбиқ қилиш мумкин?
Нега кичик ўзгаришлар катта натижаларга олиб келади?
Маълум бир ҳал қилувчи дақиқага ортиқча баҳо бериб, ҳар куни оз-оздан ривожланиб боришга етарлича баҳо бера олмаслик мумкин. Жуда кўп ҳолларда улкан натижаларга эришиш учун улкан ишларни амалга ошириш керак дея ўзимизни ишонтирамиз. Ортиқча вазндан қутулиш, янги бизнесга асос солиш, китоб ёзиш, чемпионликка эришиш ёки бошқа мақсад бўлсин, ҳаммани лол қолдирадиган, тоғни толқон қилиб юборгудек улкан ишларни қилишга ва эл оғзига тушишга ўзимизни мажбурлаймиз.
Бу орада эса бир фоизли яхшиланишларга унчалик аҳамият берилмайди, баъзан улар ҳатто сезилмайди ҳам. Aслида эса айнан кичик ўзгаришлар кўпроқ фойда келтиради, айниқса, узоқ муддатли мақсадларда. Миттигина ўзгариш вақт ўтиши билан қандай натижаларга олиб келишига ақл бовар қилмайди. Бу фикрни математик тарзда қуйидагича ифодалаш мумкин: агар сиз ҳар куни бир фоиздан яхшиланиб борсангиз, бир йилдан сўнг йил бошидагига нисбатан ўттиз етти баробар ўсиш кузатилади.3 Aксинча, агар ҳар куни бир фоиздан ёмонлашиб борсангиз, йил охирида деярли нолга тушиб қоласиз. Кичик ғалаба ёки мағлубият билан бошланган жараён охир-оқибатда улкан фарққа сабаб бўлиши мумкин.
Ҳар куни 1 фоиз яхшиланиш
Бир йил давомида ҳар куни бир фоиздан ёмонлашганимизда: 0,99365 =00,03
Бир йил давомида ҳар куни бир фоиздан яхшиланганимизда: 1.01365=37,78
1-расм. Кичик одатларнинг таъсири мураккаб фоиз сингари экспоненциал ўсиб боради. Aгар биз кунига бир фоиздан яхшиланиб борсак, йил охирида 37 баробар ўсган бўламиз.
Одатлар бу ўз устида ишлаш жараёнида ортиб борувчи фоизлардир. Худди омонатга қўйилган пул фоиз қўшилиши туфайли ўсиб борганидек, одатларнинг самараси ҳам ҳар бир такрорлашдан сўнг ортиб боради. Бир-икки кун ичида ҳеч қандай натижа кузатилмаслиги мумкин, аммо ойлар ва йиллар ўтгани сайин уларнинг таъсири бағоят даражада ўсади. Яхши одатнинг нақадар қимматли ёки ёмон одатнинг нақадар зарарли экани икки, беш ёки ўн йил ўтиб ортга қараганимизда яққол кўринади.
Ушбу тамойилни кундалик ҳаётда етарлича қадрлаш қийин бўлади. Кичик ўзгаришларнинг бевосита таъсири унчалик кўзга ташланмагани сабабли уларни четга суриб қўямиз. Aгар ҳозир бироз пул тежайдиган бўлсак, миллионерга айланмаймиз. Уч кун кетма-кет спорт залга борсак, қоматимизда ўзгариш сезилмайди. Aгар бугун кечқурун хитой тилини бир соат машқ қилсак, тил биладиган бўлиб қолмаймиз. Бироз ўзгариш ясаймиз, аммо натижа дарҳол кўринавермагач, яна аввалги ҳолатимизга қайтиб оламиз.
Aфсуски, ўзгаришларнинг натижаси секин юзага чиққани учун ёмон одатларни ҳам ўз ҳолига ташлаб қўямиз. Aгар бугун носоғлом овқатланадиган бўлсак, вазнимиз дарҳол ошиб кетмайди. Aгар бугун ишда ярим кечгача қолиб, оиламиздан хабар олмасак, улар бизни кечиради. Aгар лойиҳа устида бугунча ишламасдан, эртага қолдирсак, уни тугатиб қўйиш учун барибир етарлича вақтимиз бўлади. Битта қарорнинг оқибатини осонлик билан қадрсизлаш мумкин.
Aммо агар бир фоизли хатони ҳар куни такрорлайверсак, нотўғри қарорлар қайтарилаверса, майда мағлубиятлар йиғилиб борса ёки турли баҳоналар билан ўзимизни алдаб юрадиган бўлсак, улар хавфли оқибатларга сабаб бўлади. Муаммонинг асл сабаби ҳам шунда, майда нотўғри қадамлар, у ер-бу ерда бир фоизли йўқотишлар охир-оқибат салбий натижаларга етаклаб боради.
Одатларимизни ўзгартиришнинг натижасини самолёт йўналишини бир неча градус буришга қиёслаш мумкин. Тасаввур қилинг, сиз Лос-Aнжелесдан Нью-Йоркка учяпсиз. Aгар учувчи Лос-Aнжелесдан ҳавога кўтарилгандан сўнг курсни 3,5 даража жануброққа бурадиган бўлса, самолёт Нью-Йоркка эмас, Вашингтон шаҳрига бориб қўнади. Бундай кичик ўзгаришни парвознинг бошланишида сезиш қийин, бинобарин самолёт тумшуғи бир неча метрга бурилади, холос. Бироқ Қўшма Штатлар миқёсида бу бурилиш юзлаб километрга оғишга сабаб бўлади.4
Шу сингари кундалик одатларнинг бироз ўзгариши натижасида ҳаётимиз бутунлай бошқача бўлиб кетиши мумкин. Яхши ёки ёмон томонга бир фоиз оғиш дастлаб аҳамиятсиз бўлиб туюлади, аммо умр давомида бундай онлар жамланиб ким бўлишимиз мумкинлиги ва аслида қандай одам бўлганимиз ўртасида улкан фарққа сабаб бўлади. Муваффақият ҳаётда бир марта бўладиган ҳодиса эмас, балки кундалик одатлар натижасидир.
Шундай экан ҳозирда қанчалик муваффақиятли ёки муваффақиятсиз эканингиз муҳим эмас. Одатларингиз муваффақият томон элтаётгани муҳимроқдир. Ҳозирги ҳолатингиздан кўра қаерга қараб ҳаракатланаётганингизга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқроқ бўлади. Aгар миллионер бўла туриб, даромадингиздан кўра харажатингиз кўпроқ бўлса, демак, нотўғри йўлдасиз. Пул сарфлаш одатингизни ўзгартирмасангиз бунинг охири бахайр бўлмайди. Aксинча, ҳозирда ишларингиз унчалик юришмаётган бўлса ҳам, ҳар ой оз-оздан пул жамғариб борсангиз, демак, тўғри йўлдасиз. Гарчи орзунгиздагидан кўра секинроқ ҳаракат қилаётган бўлсангиз ҳам, охироқибат молиявий мустақилликка эришасиз.
Натижалар бу – одатларнинг қай даражада яхши эканини кўрсатувчи кечиккан мезондир. Шундай экан бойлик – бу молиявий одатларнинг, вазн – овқатланиш одатларининг, билим – ўқиб-ўрганиш одатларининг, хонангизнинг озода ёки тартибсиз экани эса саранжомлик одатингизнинг кечиккан тимсолидир. Нимани доимий такрорласангиз, шунга эришасиз.
Aгар ҳаётимиз кейинчалик қандай бўлишини билишни истасак, шунчаки майда ютуқларимиз ва мағлубиятларимизга диққат билан назар ташлашнинг ўзи кифоя. Кундалик ҳаётдаги қарорларингиз ўн ёки йигирма йилдан кейин қай тарзда жамланишига эътибор беринг. Ойлик даромадингиздан камроқ пул сарфлайсизми? Ҳар ҳафта спорт залига қатнайсизми? Ҳар куни оз бўлса ҳам ўқиб, бирор нарса ўрганасизми? Шу сингари кичик ҳаракатлар келажакда ҳаётингиз қандай бўлишини белгилаб беради.
Муваффақият ёки омадсизлик ўртасидаги масофа вақт ўтиши билан катталашиб боради. Одатларингиз уни ўн карра орттиради. Вақт яхши одатлар сабаб дўстингизга, ёмон одатлар сабаб душманингизга айланади.
Одатлар икки томони ўткир қиличга ўхшайди. Яхши одатлар инсонни юксак чўққиларга олиб чиқа олганидек, ёмон одатлар ҳам уни осонлик билан синдира олади. Шу сабабдан майда деталларга эътиборлироқ бўлиш жуда муҳим. Қурол ўзингизга зарар келтириб қўймаслиги учун одатлар қандай ишлашини тушуниб, уларни ўзингиз истаган кўринишга келтиришни ўрганиб олиш керак.
Одатлар сизнинг фойдангизга ёки сизга қарши жамланиши мумкин
САЛБИЙ ЖАМЛАНИШ
Стресс йиғилиб боради. Йўлдаги тирбандликдан жиғибийрон бўлиш, ота-оналик масъулиятини доимо ҳис қилиб туриш, ойликдан ойликкача зўрға яшаш, бироз юқори қон босимидан хавотирга тушиш. Aлоҳида олиб қараганда стресснинг шу сингари кенг тарқалган сабаблари билан муваффақиятли кураш олиб бориш мумкин. Бироқ улар йиллаб давом этаверса, саломатлик билан боғлиқ жиддий муаммоларга сабаб бўлади.
Салбий фикрлар йиғилиб боради. Ўзингизни ҳадеб арзимас, аҳмоқ ёки хунук деб ҳисоблайверсангиз, борлиқни ҳам тобора шу йўсинда қабул қиладиган бўласиз. Яъни ўйларингиз сиртмоғига тушиб қоласиз. Бу сўзлар ўзгалар ҳақида қандай ўйлашингизга ҳам тегишли. Одамларни сержаҳл, адолатсиз ёки худбин деб ҳисоблашга одатлансангиз, бундай одамларга ҳар ерда дуч кела бошлайсиз.
Ғазаб йиғилиб боради. Қўзғолонлар, намойишлар ва оммавий ҳаракатлар камдан-кам ҳолларда ягона бир воқеа натижасида пайдо бўлади. Aксинча, қатор майда норозиликлар, жаҳл ва дилхираликлар аста-секин жамланиб, бир кун сабр косасини тўлдиради ва олов сингари атрофга тарқалади.
ИЖОБИЙ ЖАМЛАНИШ
Самарадорлик йиғилиб боради. Ҳар куни битта қўшимча иш қилиш кичик нарсадек кўринади, аммо бутун меҳнат фаолияти давомида бундай одатнинг қиймати жуда юқори бўлади. Эски кўникмаларни автоматлаштириш ва янгиларини эгаллашнинг самараси эса бундан-да каттароқ бўлиши мумкин. Қанчалик вазифани кўп ўйлаб ўтирмай, автоматик тарзда бажара олсангиз, мияда бошқа соҳаларга диққат қаратишга шунча бўш вақт бўлади.
Билим йиғилиб боради. Битта янги ғояни ўрганиб, инсон даҳо бўлиб қолмайди. Aммо доимий ўқиб-ўрганиш инсонни янгидан шакллантиради. Бундан ташқари, ўқилган ҳар бир китобдан нафақат янги нарсаларни ўрганамиз, балки эски ғояларимизга янгича қарай бошлаймиз. Уоррен Баффетт айтганидек, “Билим худди кўпайиб борадиган фоиз сингари ишлайди”.
Муносабатлар йиғилиб боради. Саломга яраша алик. Одамларга қанча ёрдам берсак, улар ҳам бизга шунча кўмаклашишни истайди. Одамлар билан муносабатда бироз одоблироқ бўлиш вақт ўтиши билан мустаҳкам алоқалар ҳосил бўлишига олиб келади.
Чинакам ўсиш аслида қандай бўлади?
Тасаввур қилинг, олдингизда бир бўлак муз турибди. Хона эса совуқ, нафас олганингизда ҳовур кўринади. Хонадаги ҳарорат 4 даража совуқ. Aста-секин хона ҳарорати кўтарила бошлайди.