Buch lesen: «ОМОНЛИК ТИЛАЙЛИК 2-жилд»
МАҲМУД ТОИР
ОМОНЛИК ТИЛАЙЛИК
2-жилд
Шеърлар
достонлар
ТОШКЕНТ-2022
Сўзбоши ўрнида
ЯХШИЛИК САДОЛАРИ
Насрий асар ёзиб юрган адибнинг таниқли шоирнинг янги китобига сўз ёзиши осонмас. Ёш шоирнинг биринчи китобига сўзбоши ёзиш анча осон, қисқача таништириб, сўнг оқ йўл тилайсан, ижодкорнинг руҳини кўтарасан. Мақтов пилигини сал кўтариб қўйсанг, шодликдан осмонларда учиб юради. Кўп китоблари нашр этилган, ҳикматларга бой шеърлари қўшиқ қилиб куйланаётган, мақтовларни, олқишларни хуш кўрмайдиган Халқ шоирини нима деб мақташ мумкин. Оёғи Ердан узилиб осмонларда учишни истамайдиган шоирни қандай қилиб ҳаволатиш мумкин?
Йўқ, бу каминанинг қўлидан келмайди. Шунинг учун янги китобни мақтамайман, балки ундан олган таассуротларимни рўйи-рост, оширмасдан, тоширмасдан, ерга ҳам урмасдан холис баён қиламан.
Маҳмуд Тоирнинг назм мулкига кириб келиши, шеърхонлар қалбидан жой олиши бошқа шоирларнинг йўлидан сал ўзгачароқ бўлган.
«Шарқ юлдузи» журналида ишлаб юрган кезларим эди. Маҳмуджон келиб, бир оз гаплашиб ўтирдик. Кейин: «Бир-иккита шеър машқ қилувдим, ўқиб берсам майлими?» деди. Маҳмуджонни нашриётда ишлашини билардим, бир-икки кўришган эдик, лекин шеър ёзиши каминага номаълум эди. Ўқиган шеърларини эшитиб, таъсирландим: биринчидан, ниҳоятда равон, алоҳида илҳом билан ўқиди. Айрим шоирларимиз гўзал шеърлар ёзадилар, аммо гўзал тарзда ўқиб бера олмайдилар, натижада шеърнинг сеҳри эшитувчи қалбига етиб бормайди. Диққатимни тортган иккинчи сабаб: услуб бошқача, аниқроғи, шеъритимиз учун унут бўлиб бораётган халқона, самимий услуб эди. Мен Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоҳёр, Махтумқули ва ниҳоят халқ достонлари руҳини сезгандай бўлдим. Маяковскийчасига бақириқ-чақириқ шеърият авж олаётган, сиёсий фаоллик, «ижтимоий дард» байроғини баланд кўтариб, партия берган чўлоқ отда назм бўстони топталаётган пайтда қалбни уйғотишга даъват қилувчи шеърларнинг ёзилиши чанг босиб ётган табиатга ёмғир ёққандаги шукуҳни берар эди. Мен шоир журналимизнинг назм бўлимидан рад жавоб олган шекилли деган фикрда: «Шеърларингиз катта шоирларга ёқмадими?» деб сўрадим. «Уларга кўрсатмадим, фақат сизга ўқиб бердим», деди шоир. «Бошқа жойларда чиққанми?» деб сўраб, «Йўқ», деган жавоб олдим. «Нега? Шеърларингиз яхши-ку? Тенгдошларингиздан ҳеч кам ерингиз йўқ», дедим. «Йўқ, ҳали маромига етмаган, кўп ишлашим керак, ҳозир устоз Озод ака илмий ишга даъват қиляптилар. Агар киришиб кетсам, шеър четда қолиши мумкин…»
Орадан қанчадир вақт ўтиб, эшитсам Маҳмуджон Тошкентдаги ишларини ташлаб, Паркентга оналари ҳузурига қайтиб кетибдилар. Район газетасида ишлаб юрганларида тез-тез учрашиб турардик. Мен: «Ижодни ташлаб, газетачиликка бутунлай ўтиб кетибдилар-да», деб ўйладим. Ўн йилнинг нари-берисида шу фикрда юрдим. Бир куни радиода маъноси чуқур бир қўшиқни эшитиб, таъсирландим. Қўшиқ сўнгидаги сатрдаги муаллифни англатувчи «Маҳмуд» исмига диққат қилдим. «Ким экан?» деб суриштирдим. Очиғини айтсам, бу қўшиқ муаллифи ўзим билган Маҳмуджон, шоир Маҳмуд Тоир эканини ўйлаб ҳам кўрмаган эдим. Билгач, жуда қувондим. У шеърни ташлаб, журналистикага ўтиб кетмаган экан. Ўзлари айтгандай кўп ишлаб, назм гулшанига қадам босиб кирмасдан илгари ҳар томонлама ўзларини тайёрлаган эканлар. Шунданми шоирнинг бу гулшандаги қадами қутлуғ бўлди, дадил бўлди. Эмаклаб юрмади, қоқилмади, суркалмади.
Ана ўша қўшиқни эшитганимдан бери, Маҳмуд Тоирнинг ижодий парвозини мароқ билан кузатаман.
Шу кунга қадар шоирнинг нашр этилган китобларини ўқир эдим, энди нашрга тайёрланган қўлёзма ҳолатида танишишга тўғри келди. Таъбир жоиз бўлса, янги китобни биринчи бўлиб ўқиш, шоирни янги муваффақият билан биринчи бўлиб табриклаш бахти каминага насиб этди, шукр!
Муҳаррир кўзи билан ўқишни «қилични яланғочлаб» ўқишга ўхшатадилар. Шунга кўра, мен ҳам «қилични яланғочлаб», «Бу китобга тартиб беришдан Маҳмуджоннинг мақсади нима экан?» деган саволга жавоб топиш учун дастлабки сатрларни ўқий бошладим. Дастлабки шеърлариёқ мени шундай сеҳрлаб олдики, қўлимда «қилич» борлигини унутдим. «Тўртликлар»ни ўқишга ўтганимда қилични қинига солиб қўя қолдим. Қилич ўрнига қўлимга табрик гулдастасини олдим. Бу гапларим ортиқча олқиш эмас, фикримни исботлашга уриниб кўраман:
Китобга тартиб беришдан мақсадини очишдан олдин билайлик: у дунёга яхшиликка келган бу дунёга! Аслида бу гапни ҳар бир одам айтиши мумкин. Аслида ҳар бир одам дунёда яхшилик қилиши керак. Аммо гап айтиш осон, яхшилик билан умр кечириш қийин эканини ҳамма билади.
Ўйламангки оламга бахшиликка келганман,
Ниятларим аввали яхшиликка келганман.
Шоир назарда тутган яхшилик нимадан иборат?
Навоий навосидан туғёнларга тўлганман,
Шеъримда шарбат тутиб, яхшиликка келганман.
Шоир «атиргул армонини тикан туғида тутар» замонда, «шайтонфеъл ёлғонини сохта йиғида тутган» даврда, «тақдир отган тошига кўп бор тикка» келган. Лекин чекинмаган, йўлидаги «янтоқдек ёмонликни» юлган. Чунки бу шоирга: «Кўз берган ҳам Ўзинг Аллоҳ! Сўз берган ҳам Ўзинг Аллоҳ!»
Шоир бу савоб йўлни тасодифан танламаган. Раҳматли отаси деганки:
Деразадан тушган нурда, ўғлим, менинг кўзим бор,
Элга қилган савобингда билки, ёруғ юзим бор,
Гар ғафлатдан йироқ эрсанг, вужудингда ўзим бор,
Болам, отам ўлган дема, мен ўзингда яшайман.
Ким ортингдан дуо қилса, мен изингда яшайман…
Бу сатрлардан таъсирланиб, қайта-қайта ўқидим. Худди менинг отам менга гапираётгандай бўлдилар.
Муҳтарам китобхон, сизга ҳам шундай таъсир этганига ишонаман. Фақат отаси вафот этганлар эмас (Аллоҳ мағфират этсин), оталари ҳаёт (Аллоҳга шукр) одамлар ҳам таъсирлангандирлар. Оддий ҳақиқат: ким сизнинг каттами ё кичикми яхшилигингиз учун «Отангга раҳмат, онангга раҳмат!» дедими, демак, уларнинг аъмол номаларига кўп-кўп савоб ёзилди. «Падарингга лаънат!» дейишдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Мен бу беш сатрни кўчириб, кўпайтириб, отаси ёки онаси ёки иккови вафот этган танишларимга, айниқса ёшроқ танишларимга бердим ва дедимки: «Бу сатрларни уйингиздаги кўринарли ерга осиб қўйинг ва ҳар куни ўқиб туринг, шунда тўғри йўлдан адашмайсиз».
«Отам (ёки онам) ўлган» деганлар янглишадилар. Улар биздан фақат жисман ажралганлар, вақтинча ажралганлар, иншааллоҳ, улар билан жаннатда юз кўришмоқ орзусида яшаймиз. Демак, ота ва оналаримиз тирик, шоир буни исбот этади:
Дилинг, тилинг бир бўлса, гар мен сўзингда яшайман,
Ҳалол бўлса топган нонинг мен тузингда яшайман…
Бақиришни хуш кўрувчи шоирларга халқона оҳанглар ёқмайди. Улар Яссавийни, Румийни, ҳатто Навоийни ўқимайдилар, руҳланмайдилар. Начора, шу усул уларга маъқул экан, бақираверсинлар, лекин гап шундаки, бақириқларни тўзон учириб кетади. Бақироқ сатрлар халқ қалбига сингмайди. Шеър бўғизда эмас, қалбда туғилади. Қалбдан чиққан сатрлар оҳиста айтилади ва ундаги ҳикмат ўзга қалбга оҳистагина кўчиб, ўрнашиб олади. Бу қалбни яшнатади, янгратади.
Маҳмуд, шеърда сўз айтмоқнинг шарти бор:
Ҳар яхши байт умринг учун сеп бўлар.
Ҳамма билади: ота ва она қизи учун сеп йиғади: «Қизингни бешикка сол, сепини сандиққа сол». Ҳеч бир келин янги уйига сепсиз келмайди. Яна бир ҳақиқат: ҳар бир келиннинг сепи ҳар хил бўлади. Яна бир ҳақиқат: энг қимматбаҳо сеп ҳам эскиради, оқибат ташлаб юборилади. Моддий сепнинг тақдири шунақа. Қизига қимматбаҳо сеп тўплаган ота ва она бундан ўзи фахрланади, ўзи мақтанади, уни ҳеч ким мақтамайди. Кўнгил учун «Яхши» ёки «Зўр» деб қўйиши мумкин. Сандиқда тўпланган сеп – қадрсиз. Лекин маънавий сеп ҳам бор. Матоларни сандиққа солаётган ота ва она қизининг онгига чиройли ахлоқ ва одобни сингдириши керак. Одамлар одоб сепини, ҳаё сепини, ғайрат сепини, вафо сепини… мақташади, мақтайвериб-мақтайвериб чарчашмайди. Бундай мақтовлар оддий сўзлар гулдастаси эмас, дуо кўринишида бўлади ва ота-онага савоб ёзилаверилади. Яна бир ҳақиқат: маънавий оламни бойитувчи сеп фақат қизлар учун эмас, йигитлар учун ҳам зарур.Шеърда ана шундай сеп назарда тутиляпти. Ундан икки маъно уқиш мумкин: ёзилажак ҳар бир байт ҳикматга эга бўлсин, ўқиганга бир кучли бир ҳикматли маъно берсин. У ўзининг «маънавий сепини» шу байт туфайли бойита олсин. Иккинчи маъно: шоир шеъриятдаги хайрли хизмати билан ўзининг охирати учун ҳам сеп йиғишни мақсад қилган. Мавлоно Румий ўлимни никоҳ кечасига ўхшатганлар. Яъни, никоҳдан кейин янги ҳаёт бошланади. Маънавий сеп ана шунда асқотади.
Илкингдан узмасанг покликни Маҳмуд,
Кўзларга тик қараб сўйлатар ҳаёт.
Исломий руҳдаги шеъриятда ҳозир қўполроқ таъбир билан айтсам, «яланғочлик» кўзга ташланади. Бу услубда ҳаваскор ҳам, қалами ўткирлашиб бораётган шоир ҳам ёзяпти. Айрим шоирлар эса ислом илмидан, руҳидан бегона бўлганлари ҳолда ўқувчи меҳрини ўзларига жалб қилиш муддаосида сатрларига бир-икки исломий атама ва ибораларни сингдиришга уриняпти, оқибатда хатоликларга ҳам йўл қўйяпти. Бадиий адабиётни синчковлик билан кузатиб борган шайхур-раис Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бу ҳақда ачиниб гапириб турардилар.
Маҳмуд Тоирнинг бу китобга жамланган шеърларида Аллоҳнинг номи ҳадеб зикр этилаверилмайди. Унда шоир ўқувчини «Қандай қилсак, Аллоҳ рози бўладиган даражада яшаймиз, Аллоҳ бандаларида қандай фазилатларни кўришни истайди, қайсиларидан норози бўлади?» каби саволарга биргаликда жавоб топишга ундайди.
Шеърга сиёҳ бўлди бу кўнгил қони,
Шу қалам учинда кўнгилнинг жони.
Такрор айтса дилни эзгайдир тавба,
Балки эрта келмас, бу кун имкони.
Энди бу байтларга эътибор берайлик:
Қора ранг оламга кўмирдан қолган,
Ё кўмир бу рангни одамдан олган.
***
Иғвонинг қозонин қайнатиб толдинг,
Ўзинг ҳам қозоннинг рангида қолдинг.
***
Тилда тилагингга хуш ният ҳамроҳ,
Нечун сенга дилда шайтонинг паноҳ?
Суҳбатларимизнинг бирида Маҳмуджон Қуръони Каримнинг Ёсин сурасидаги шоирликка таалуқли оятдан сўз очдилар. Турли давраларда Ислом динининг санъатга, хусусан, шеъриятга муносабати ҳақида мулоҳазалар билдирилиб турилади. Даврада илмлилар бўлмаса, баъзан билими камроқ одамларнинг «фатвоси» билан «Бу билан шуғулланмоқлик ҳаром, буниси мумкин» деган хато хулосаларга ҳам келинади. Бундай масалаларда бағоят эҳтиёт бўлиш керак. Қайсидир даврада мен Ёсин сурасидаги оятни тилга олиб, «Шеър ёзиш таъқиқланади», деган фикрдан ажабланган эдим. Ояти кариманинг маъноси таржимасида бундай дейилган: «(Муҳаммадга) шеър таълим бермадик ва унга (шоирлик) мумкин ҳам эмас. У (ваҳий) фақат зикр (эслатма) ва аниқ Қуръондир». Шу ояти карима иккинчи таржимон қаламида бу тарзда келтирилади: «(Эй кофирлар, Муҳаммад (алайҳиссалом)ни шоир деманглар!) Биз унга шеърни таълим берганимиз йўқ ва унга шоирлик лойиқ эмас. Балки у ошкора (очиқ-ойдин) Қуръондирки, унда панду насиҳатлар бордир». Яна бир таржима бу тарзда: «Биз (Муҳаммад алайҳиссаломга) шеър ўргатмадик ва (шоирлик) унинг учун дуруст эмасдир».
Учала таржимада ҳам Аллоҳ Ўз расулига шеър ўргатмаганини зикр этяпти. Гап шундаки, Қуръон Карим нозил бўлаётган даврни араблар «Шоирлар замони», деб аташган. одамлар Каъбанинг деворларига шеърларнинг энг яхши намуналарини илиб кетишар экан. Аллоҳ пайғамбарининг ана шундай шоирлардан эмаслигини билдиряпти. Шайх Алоуддин Мансурнинг бу борадаги изоҳларида тўғри тушунча мавжуд: «Зотан, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таоло томонидан юборилган Пайғамбар эканлар, демак, фақат ва фақат рост сўзламоқлари лозим. Шеърият эса ўз кўтаринкилиги, муболағалари билан (яъни ўз табиати билан тўла маънодаги) ростгўйликни кўтара олмайди. Билъакс, шоирларнинг эътирофларича ҳам шеърнинг энг ширини энг ёлғонидир. Бинобарин, ўз умматларига бир умр амал қилиб ўтишадиган дин арконларини ўргатадиган ва ғайб олами, Охират диёри ҳақида хабар берадиган Пайғамбар шоир бўлиши дуруст эмасдир».
Қуръони Каримнинг Шуаро сурасида ҳам бу мавзу зикр этилган: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, айтинг): «Мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб; эшитиб олганларини уларга ташларлар. Уларнинг (жинларнинг) кўплари ёлғончидирлар. Шоирларга йўлдан озганлар эргашур. Уларнинг (сўз водийларидан) ҳар водийда дайдишларини (яъни ўзгаларга ёқиб қолган энг тубан кимса ё нарсаларни ҳам кўкка кўтариб, ёқтирмаганларини тупроққа қоришларини) ва ўзлари қилмайдиган нарсаларни айтишларини кўрмадингизми?» Мазкур оятлар шайх Алоуддин Мансур томонидан бундай изоҳланади: «Бу оятлар барча замонлардаги Аллоҳдан қўрқмайдиган, устларидаги ҳокимият – сиёсат ўзгариши билан ёзаётган мавзулари, қаҳрамонлари ҳам ўзгариб кетаверадиган, ўзгаларга тўғрилик, эзгулик ҳақида лоф уриб, ўзлари нопок йўллардан юрадиган маддоҳ қаламкашлар ва ўзларининг бор илҳом ва истеъдодларини маъшуқаларининг таъриф-тавсифларига сарф қиладиган назмбозлар ҳақидадир.
Лекин иймонли, эзгу амаллар қиладиган ва доим Аллоҳни ёдда тутадиган шоирлар бундан мустасно эканлиги тўғрисида қуйидаги ояти каримада айтиб ўтилади: «Магар иймон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда доим Аллоҳни ёдда тутган ва (илгари) мазлум бўлганларидан кейин (Ислом зафар топгач), ғолиб бўлган кишилар (яъни, шоирлар йўлдан оздиргучи эмаслар). Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар». Яна бу хусусда Пайғамбар алайҳиссаломдан ҳам кўп ҳадислар ривоят қилинган. Шулардан бири мана бу ҳадисдир. Саҳобалардан бўлган бир шоир келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга, Аллоҳ таоло шоирлар ҳақида айтган бу сўзлардан кейин бизларнинг ҳолимиз не кечади, деганларида Ҳазрат шундай жавоб берганлар: «Мўмин киши ҳам тиғи билан, ҳам тили (яъни қалами) билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилур. Яратган Эгамнинг номига қасамки, сизлар отадиган ўқнинг тиғи ўткирроқдир».
Улуғ устозлар шеъриятининг минг йиллардан бери яшаб келаётгани айнан ўша ўқнинг ўткирлигида. Айтилаётган сўзнинг тўғрилигида, ниятнинг поклигида. Маҳмуд Тоир шу йўлни танлаб янглишмаганлар:
Яхшининг номидан раҳмат ёғилар,
Оқилнинг комидан ҳикмат ёғилар,
Қаролик ҳам қондан ўтса ёмондир,
Жоҳил жилмайса ҳам зулмат ёғилар.
Дунёда йиғламаган одам йўқ. Чақалоқ дунёга келиши билан йиғлайди. Қанчадир йиллар яшаб, ранжиса ҳам йиғлайди, қувонса ҳам йиғлайди, қўрқса ҳам йиғлайверади… Кераксиз йиғилар жуда кўп. Кераклиси –муножотдаги йиғи, қалб йиғиси. Шоир ижодида шунга эътиборни қаратади:
Шунчаки йиғламоқ аёлга одат,
Шунчаки йиғламоқ бермас саодат.
Шунчаки йиғлаган эркак зотига,
Ҳатто аёллар ҳам қилолмас тоқат.
Негаки, бу ёлғон йиғи, Аллоҳга яқинлаштирадиган кўнгил йиғиси эмас, бўғиз ва кўз йиғиси.
Йиғлашни билмаган кулиб ёлчитмас,
Зоғ қаҳри булбулни тиғсиз сўйибди.
***
Кўнглинг шабнам каби бўлса бокира,
Булбул юзин чаяр кўзинг ёшига.
***
Ёлғиз Аллоҳ кўргайдир дийдамдаги ёшимни…
Шоир мудроқ дилларни уйғотмоқ истайди: «Биз юрган йўлларда журъат уйғонсин», деб хитоб қилади. «Авлодини ўйлаган, бешикларин бўш тутмас», дейди.
«Юлдузларнинг кўзидан то тонгга қадар нур терган» шоир ўз боғидан «узмак бўлиб бир ғунчага қўл урса», «оҳлар уриб бол ари йиғлаб турибди». Нақадар нафис манзара.
Шеър ичра топишмоқ қидирганим йўқ,
Кўнглимнинг тубини сидирганим йўқ,
Балки билганимни билдирганим йўқ,
Билганимдан билмаганим кўп экан.
Шоирнинг шу камтарлиги ўзига илҳом, шеърларига бой мазмун беради. Яна: «Маҳмуд ҳам бир шоир, лек Чўлпон эмас», дейди. Бу сўзда икки маъно бор: Ҳали Абдулҳамид Чўлпон даражасида эмасман ва бунга даъво ҳам қилмайман, демоқчи ва яна ҳозир мақтанчоқ шоирлар (айниқса ёшлар орасида учраб туради) «назм осмонининг юлдузиман», деб юрган кезларда Маҳмуд Тоир ўзини осмон юлдузи эмас, элга холис хизмат қилаётган камтарин бир шоир сифатида танитмоқчи. Чунки у билади: «Гарчи бошинг осмон, оёғинг ерда, Сендан аввалгилар пойингда, гўрда». Ҳар бир одам, касби коридан қатъи назар, бу ҳақиқатни унутмагани маъқул: кибр майдонида от сурганларнинг қанчаси лаҳадда қандай ҳолатда ётибди экан?
Кўргин Маҳмуд, оқиллар кўп сендан кўра,
Вале, не тонг, жоҳиллар кўп сендан кўра,
Улуғликнинг увоғини Ҳақдан сўра,
Ботмон дема, ризқинг қийса, бир дона йўқ,
Бир дона йўқ, агар сенда шукрона йўқ.
***
Қалдирғочни қутла айвонингдаги,
Гардни тўтиё қил чопонингдаги,
Маҳмуд, нурни асра виждонингдаги,
Бу шеърни сўз излаб ёзмадим атай,
Гоҳи-гоҳи мен сўзга сиғмасам нетай?
***
Тирноқ тирнаш учун қўлингда эмас,
Белбоғ безак учун белингда эмас,
Агарки, юрт ишқи дилингда эмас,
Эл ичра эланма, яхши бўлмайсан,
Юз йил соз тутганда бахши бўлмайсан.
***
Ҳайратлан, бироқ ҳеч ҳаволанмагин,
Бахтдан балқисанг ҳам саболанмагин.
Ҳикматгўй хитобни хуш кўрмас, Маҳмуд,
Бемақсад, бемаврид садоланмагин.
Шоир Маҳмуд Тоирнинг киши диққатини тортадиган энг гўзал услуби: шеърларини ҳикматли сатрлар билан бошлаб, кутилмаган хулосалар беради: «Виждонинг олдида ҳеч тиз чўкиб турганмисан?» «Агарчи, ҳасаддан йироқ бўлмайсан, Маҳмуд, ҳеч бир дилга чироқ бўлмайсан».
Шоир яхшиликка келган, унинг саодати нимада? Яхшиликдан толмасликда! Унинг нима учун яшагиси келаверади? «Худойим бахт берса – яшаб тўймассан, яшагинг келаркан яхшини кўриб»!
Биз «Назм гулшани» дейишга одатланганмиз. Шеъриятни нафис гулларга ўхшатамиз. Шеъриятни баланд чўққили залворли тоғга ҳам ўхшатиш мумкин. Шоир эса юриб ўтиш азобли бўлган сўқмоқлардан юриб юқорилаётган алпинистга ўхшайди. Нурли чўққига етиб борувчилар кўп эмас. Ярим йўлга етмай, тўхтайдиганлар кўп. Маҳмуд Тоир назмнинг нурли чўққисига чиқишда ўзига сабр ва шукрни ҳамроҳ қилиб янглишмади:
Бўғзимга тиқилган ул тошларни ютолмадим,
Кўзимга сиғмаган ул ёшларни ютолмадим,
Миннатга дамланган ул ошларни ютолмадим,
Демангиз, мен ўзимга билиб жабр тиладим,
Тиласам гар Аллоҳдан фақат сабр тиладим.
***
Маҳмуд, айтар сўзинг фикрини қилганмисан,
Шеър берганнинг шаънига шукрини қилганмисан?
Сўзимиз аввалида шоирнинг яхшиликка келгани ҳақида айтиб эдик, мавзуни шоирнинг юракдан чиққан самимий сатрлари билан якунласак. Буларни шунчаки шеърий сатрлар эмас, балки шоирнинг ҳаёт йўлидаги шиори ва байроғи деб қабул қилсак тўғрироқ бўлар.
Кўнглингиз гавҳарида кўз бўлгим келар маним,
Кўзингиз дафтарида сўз бўлгим келар келар маним,
Ҳар ҳалол луқмангизда туз бўлгим келар маним,
Маҳмуднинг муроди шу, боғ қилинг боғбон бўлай,
Сизга ногоҳ ел эсмасин, гар келса қалқон бўлай.
Шоирнинг бу китобга тартиб беришдан муддаоси назм ихлосмандлари билан иймонлашишдир. Келинг, шу китоб саҳифларини баргаликда варақлаб, биргаликда иймонлашайлик-да, шоирнинг дунёга келишига сабабчи бўлган, яхши тарбия ва илм берган ота ва оналари, устозлари ҳақига хайрли дуолар қилайлик.
Тоҳир МАЛИК
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
2018 йил
МЕНДАН МЕНИ
СЎРАМА
(2003–2006 йиллар)
Атиргулнинг тикони,
Бекор тилмас қўлингни.
Гулзорга кирмоқ бўлсанг,
Поклаб олгин дилингни.
Парвоз олди оққушлар,
Сувга урар тўшини.
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.
ЎТИНЧ
Мени осмонларга олиб чиқмангиз,
Қуруқ ноғорани чалиб чиқмангиз.
Менинг кўнглим ерда, товоним ерда,
Осмондан уялиб қолмайин яна.
Менга амал эмас, ошиқ дард беринг,
Шеърнинг шаробидан чимдим гард беринг,
Ерда майса билан яшагим келар,
Райҳондан уялиб қолмайин яна.
Ерда онам яшар, болам яшайди,
Отам қабрин қучган нолам яшайди.
Онадан қарзини узган бормикин,
Виждондан уялиб қолмайин яна.
Қонимда ошиқлар исён қилади,
Жонимда қўшиқлар гирён қилади.
Шайтон ишвасида жаннат кўрсатманг,
Раҳмондан уялиб қолмайин яна.
Онам дедим, Момо Ерга юкундим,
Кўз ёш бўлдим, яна унга тўкилдим.
Ҳовучим тўлдириб буғдой берди у,
Сомондан уялиб қолмайин яна.
Мен ердан кузатган жоним, офтобим,
Мен ердан термилган ойим, моҳтобим.
Осмонингиз ўзингизга буюрсин,
Иймондан уялиб қолмайин яна.
Мени осмонларга олиб чиқмангиз,
Чиқсангиз, сиз ердан нолиб чиқмангиз.
Худонинг олдида, ернинг олдида,
Инсондан уялиб қолмайлик яна.
ДЎСТИМГА САВОЛ
Бойлик бахтнинг бошимикан, айт,
Бойлик кўзнинг ёшимикан, айт,
Бойлик тақдир тошимикан, айт?
Билсам, сендан сўрамас эдим.
Кулиб чиқиб йиғлаб ботар кун,
Тунда қайда ухлаб ётар кун,
Олов бўлмас нега ҳар учқун?
Билсам, сендан сўрамас эдим.
Тилим бунча узунсан, айтгин,
Дилим бунча маҳзунсан, айтгин?
Онам дейди: ёшимга етгин…
Билсам, сендан сўрамас эдим.
Ўзингда йўқ – оламда йўқми,
Лек ўзингдан, айт, кўнглинг тўқми?
Юрак қайдан оларкин чўғни,
Билсам, сендан сўрамас эдим.
Сувдек сероб бўлмоқ не ўзи,
Бахтдан бетоб бўлмоқ не ўзи,
Қандай шароб шоирнинг сўзи?
Маҳмуд, билсам, сўрамас эдим.
КЎРГАН БОРМИ?
Ким учириб юборса
Қўлидаги қушини.
Овчилардан орланмай,
Сувга айтсин тушини.
Йиғлаб келиб дунёга
Бўзлаб кетган зотлар кўп.
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.
Ўтиннинг умри қисқа,
Мўл юрса қаловгача.
Кўпчиб турган хамир ҳам,
Боргайдир оловгача.
Омбир билан олдирар,
Одам оғриқ тишини,
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.
Кўрган борми, айтинглар,
Ўз кўнглининг кулини.
Ким бошга ёстиғ қилар,
Виждон сотиб пулини.
Айб ундамас, ёронлар,
Шайтон олган хушини,
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.
Онам дейди: – Сенга ҳеч
Насиҳат кор қилмайди.
Онасин ерга қўйиб,
Бўзламаган билмайди.
Кеч очилган кўзингни,
Ким артади ёшини.
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.
Атиргулнинг тикони,
Бекор тилмас қўлингни.
Гулзорга кирмоқ бўлсанг,
Поклаб олгин дилингни.
Парвоз олди оққушлар,
Сувга урар тўшини.
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.
Қайси дорбоз лангарсиз,
Дор устида ўйнайди.
Қорин тўяр бир зумда,
Кўзлар нечун тўймайди.
Кимга сотар қассоблар,
Ҳеч суяксиз гўштини.
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.
Худойимга қай кимса,
Кўз ёш қилса ёлғондан.
Омаднинг оқ тулпори,
Тушиб келмас осмондан.
Қурт еркан азалдан,
Дарахтнинг ҳам бўшини,
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.
ОНАМ БИЛАН КЕТМОН ЧОПГАН АЁЛЛАР
Борга боқмай, йўқни йўқлар хаёллар,
Онамдек бокира, офтобжамоллар,
Кўргим келиб тўрт тарафга термилдим,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Бир туп райҳон қошида юз тиз буккан,
Йиғи келса, ялпизларга дил тўккан.
Қўлингиз гул, райҳон эккан, гул эккан,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Пешонангиз тери томган Момо Ер,
Қайда қолди фариштадек момом, дер,
Қалдирғочлар қўлингиздан таом ер,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Бу дунёнинг кори сира битмаган,
Тақдир сизга не юмушлар тутмаган,
Дилингиздан, айтинг, нелар ўтмаган,
Онам билан кетмон чопган аёллар?
Сочларингиз қорлардан ҳам оқ бугун,
Кўнгил ярим, кўнгил бунча тоқ бугун,
Ўнингиздан тўққизингиз йўқ бугун,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Ёмон ёвдан ҳатто йўлбарс ўкирар,
Битта кетмон бир эркакни чўкирар,
Изингиздан не чаманлар гуркирар,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Бир ўғилмиз, мингта ўғил, хўш нима,
Кўрмаганмиз бизлар ахир қўш нима,
Гоҳо ойлаб кўрмаганлар гўшт нима,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Сиз Ватаннинг юзидаги ёғдуси,
Сиз Тангрининг тўкилмаган туйғуси,
Кетмон бетин куйдирган гоҳ қайғуси,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Шойи сотиб алп йигитлар шод келар,
Маҳмуд каби кўп шоирлар мот келар,
Дил тубидан билмам қандай дод келар,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
ҚАЙТАЙИН
Тишлатмангиз тилимни,
Билганимни айтайин.
Кўнглингизнинг кўзини
Кўргим келса, қайтайин.
Деманг буни нолиш-да,
Офтоб мендан олисда.
Бахт балқиган болишда,
Бўлгим келса, қайтайин.
Ғунчанинг ҳайронлиғин,
Булбул дил вайронлиғин,
Манов сут айронлиғин,
Сизга қандоқ айтайин?
Кўҳна тоғлар чўкмасми,
Арча хазон тўкмасми,
Қувонч ғамдан қўрқмасми,
Билгим келса, қайтайин.
Чақмоқдаги чиройни,
Ҳеч доғи йўқ бир ойни,
Кўзлари тўқ гадойни,
Кўргим келса, қайтайин.
Қўл тафтини қўл билар,
Қор қақшаса, дўл бўлар,
Шоир бунча гўл бўлар,
Кулгим келса, қайтайин,
Билгим келса, қайтайин.
ОРИЯТ УСТУНИ ЭДИ
«Озод Шарофиддинов дунёдан ўтибди!» Бу совуқ хабар бир зумда қалбларни қалқитиб, юракларни чақмоқдек тилиб ўтди. Назаримда, Ўзбекистонимизнинг энг чекка қишлоқларида истиқомат қилувчи ҳамюртларимиз дилидан ҳам «Озод Шарофиддинов ким эди?» деган савол ўтгани йўқ. Озод акани ҳамма биларди, танирди, ҳурмат қиларди. Чунки Озод ака том маънода халқ фарзанди эди. Озод акани зангори экранда кўрганлар ҳақиқатнинг овозини эшитгандек бўларди. У кишидан фақат одилликни, ёлғон яшамасликни, оддий халқ дардига шерик бўлишни, Ватанга муҳаббатни, китобга муҳаббатни ўрганиш мумкин эди.
Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳордек буюк алломалар кўзига қараб рост сўзни айтолган Озод Шарофиддиновнинг сўзи бошқа ҳар қандай шоир ёки ёзувчи томонидан қонундай қабул қилинарди. Чунки бир қарашда содда кўринган бу инсоннинг тафаккур тиғи қиличдек кескир эди. Агар Озод ака кечирмаса сохталикни, ёлғонни кечирмасди.
Мен олий ўқув юртида шу инсондан сабоқ олганимдан, Миртемир домланинг «Излаганим» тўпламига ёзган диплом ишимга раҳбар бўлганидан, у кишининг тавсияси билан шоир Миразиз Аъзамнинг «Севаман» шеърий тўпламига ёзган илк тақризим «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилганидан учиб юрган кезларим ҳамон эсимда.
Кейинчалик устоз менинг шеърларим ҳақида самимий фикрлар билдириб, «Отамнинг ўкинчи» достонимга сўз боши ёздилар. Қишлоқда яшаб, ижод этаётган мендек шоир учун бу олий мукофот эди.
Озод аканинг рост сўзларини, ўгитларини, кези келганда койишларини ҳам эшитганман. Камтарин ижодим давлатимизнинг юксак унвонига муносиб топилган куннинг эртасигаёқ устоз ҳузурига дуоларини олгани бордим. Шодон кайфиятда қарши олдилар. Қучоқ очиб қутладилар. Бир муддат суҳбатлашиб ўтирдик. Гап айланиб Паркент узуми, меваларига тақалди.
– Қизиқ, – дедилар устоз самимий жилмайиб, – шу пайтгача олмага олма, узумга узум деб қараб келган эканман. Одам тўрт мучаси соғ бўлиб, чопиб юрганда кўзига ҳамма нарса оддий кўринар эканми?.. Қўлимга олиб қарасам, олма мўъжиза экан. Ундаги тарам-тарам изларни ким чизган, битта олма ичига шунча муаттар ҳидни ким жойлаган?.. Узум ҳам бир мўъжиза-ку. Нега шуни аввалроқ англаб етмадим. Сизга кулгили туюлмасин-ку, баъзан миямга келган фикрдан ўзим уялиб кетаман. Наҳот энди кетиб қоламан… Наҳот ана шу мўъжизалар ҳаммаси қолиб кетади?
– Ундай деманг, устоз, – дедим, – аямни олиб, Паркентга чиқинг. Бироз ҳаво олиб келасизлар.
– Албатта чиқамиз, – дедилар юзлари ёришиб.
– Аянгизни ҳам қийнаб юбордим. Озгина ҳордиқ чиқарса, яхши бўларди.
Афсус, бу орзу армонга айланди. Илоҳим, охиратлари обод бўлгай. Бу шеър эса шогирдлар соғинчининг нидосидир:
Тўкилмоқ йўқ тўлмай қолганга,
Гулзорлар бор сўлмай қолганга,
Бир ўлмоқ бор ўлмай қолганга,
Осмон бугун паст келди, устоз,
Кетганингиз рост келди, устоз.
Азал қалбан озод эдингиз,
Қадди доим шамшод эдингиз,
Рост сўз айтиб сиз шод эдингиз,
Видо билан қайтгим йўқ, устоз,
Алвидо деб айтгим йўқ, устоз.
Дард бўлганга дард ҳам пушаймон,
Армонликдан лол қолар армон,
Эй дарёдил, эй метин инсон,
Жонни ўтга солдингиз, устоз,
Оташ бўлиб қолдингиз, устоз.
Оёқингиз кесган дўхтирлар,
Сиздан эмас, ўздан қўрқурлар,
Сабрингизга таҳсин ўқурлар,
Тош ҳам гоҳо толаркан, устоз,
Сизга ҳайрон қоларкан, устоз.
Шафоатли Шарофат ая,
Садоқатли Шарофат ая,
Бошингиздан минг ўргилди-я,
Ая сизга тоғ бўлди, устоз,
Бағрингизда боғ бўлди, устоз.
Адабиёт – одил сўз, деган,
Қадрига ет, қаро кўз, деган,
Ёлғон ёзган қўлни кес, деган,
Сиз тўғри сўз тумори, устоз,
Тутар шу сўз хумори, устоз.
Қуёш бу кун сизсиз юз очди,
Қабрингизга куз баргин сочди,
Соғинч милт-милт мижжамдан тошди,
Ўлиб ўлмай яшайсиз, устоз,
Сиз тирикка ўхшайсиз, устоз.
ҒАНИМ
Кўкардим, кўрдинг-у, босиб ўтдинг сен,
Қуёшга юз тутсам, тўсиб ўтдинг сен,
Қаҳрингдан дор ясаб, осиб ўтдинг сен,
Гулга умр берса, сўлдиролмайсан,
Аллоҳ жон олмаса, ўлдиролмайсан.
Элнинг эъзозидан баландроқ тоғ йўқ,
Меҳр қўрғонидан гўзалроқ боғ йўқ,
Оқибат юзидан ёруғ чироқ йўқ,
Минг йил яша, йўқни йўндиролмайсан,
Бу дунё камини тўлдиролмайсан.
Куймаган кўнгилда ўт ёқиб бўлмас,
Ниятинг нохушдир тик боқиб бўлмас,
Чоҳни чамаласанг, хуш оқиб бўлмас,
Ситам-ла сабримни синдиролмайсан,
Сойнинг суронини тиндиролмайсан.
Булбул дилим қафасларга сиғмаган,
Онам мени қул қилиб ҳам туғмаган,
Мендан нари юрсин мени уқмаган,
Менга чирмандангни чалдиролмайсан,
Аллоҳ жон олмаса, ўлдиролмайсан.
НАБИРА
(Набирам Муаззамга)
Орзулар кўзида жилмайган зиё,
Қартайган қувончга тутилган асо,
Жоним жарангида, эй янги наво,
Яратган бизга ҳам айлади карам,
Боболик бахтини берган набирам.
Йўлларингни кутиб толганди момонг,
Аллани соғиниб қолганди момонг,
Сени қўлларига олганда момонг,
Аллага айланди бу кўҳна олам,
Момолик бахтини берган набирам.
Бағрим баҳорида очилган ғунча,
Куртак кулгусидек ширинсан бунча,
Онанг минг тўлғонди кундек кулгунча,
Бизни қутлаганлар биздан-да хуррам,
Шодлик шаробини тутган набирам.
Ой бизга эгилди, қайрилди қуёш,
О мулки малагим, о жажжи дилдош,
Ширин бўлар экан севинч тўккан ёш,
Кулбамиз сен билан қасрдан кўркам,
Сен асли кўнглимиз кўрки, набирам.
БИР КАМЛИГИ ЁЛҒОН ДУНЁНИНГ
Бир ошиқ самога учган кун,
Бир қўшиқ оламни қучган кун,
Шодликни шаробдек ичган кун,
Бир камлиги ёлғон дунёнинг!
Ҳасадни хазондек ёқсалар,
Ҳавасдан чақмоқлар чақсалар,
Кўзингга беминнат боқсалар,
Бир камлиги ёлғон дунёнинг!
Дўст тутганинг туморинг бўлса,
Дилингдаги дилдоринг бўлса,
Тинглашсалар гар зоринг бўлса,
Бир камлиги ёлғон дунёнинг!
Етим бола ердаги майса,
Сув тилаган майса жилмайса,
Офтоби бор кўнгил кўпайса,
Бир камлиги ёлғон дунёнинг!
Учраштирмай унашмасалар,
Кундузи ҳам тунашмасалар,
Синдиргунча синашмасалар,
Бир камлиги ёлғон дунёнинг!
Ортга боқиб, ёруғ из кўрсанг,
Эл алқаган ўғил-қиз кўрсанг,
Юртни озод, элни хуш кўрсанг,
Бир камлиги ёлғон дунёнинг!
ВАФО
Мен қўшиқда Ватан кўрдим,
Ватан кўрдим аллаларда.
Қизғалдоқлар қирга олов
Ташлаган хуш паллаларда.
Ватан бордир, аё дўстлар,
Юрт соғинчин сабосида.
Ўлмайдиган ўзбек яшар,
Маъмуржонлар навосида.
Ватан асли вафога эш,
Қўшиқ кўнгил вафосида.
Жонга малҳам қўшиқ бордир,
Онажонлар дуосида.
Қўшиқ қилсам, қўшилиб ён,
Ошиқларнинг жафосини.
Саҳролар ҳам соғингайдир,
Комилжонлар садосини.
Ватан сўзин ёзгин, Маҳмуд,
Вафо деган имло билан.
Мардларининг номини эл,
Тилга олур вафо билан.
ҲИКМАТ
Мен келдим-у, мен бўлди дунё,
Сен келдинг-у, сен бўлди дунё,
Дунё ёшдир, дунё кўҳнадир,
Сену менга тенг бўлди дунё.
Одамзотнинг ёшин сўрама,
Мингга кирмас ахир бандаси.
Қайғулари ернинг остида,
Биз дунёни янги хандаси.
***
Бир мисра шеър битсам, қани, онажон,
Оппоқ сочларингиз толасидай хуш.
Соғинч саҳросида тизилган маржон,
Ашки қувончингиз жоласидай хуш.
Аллоҳ илҳом берур баҳорий бир тонг,
Меҳримни бир шеърда зуҳур этурман.
Турналар қувончдан уришганда бонг,
Бойчечак баргида сизга тутурман.
ОМОНЛИК ТИЛАЙЛИК
Кун ўтар аслида бурда нон бўлса,
Эл ичра қаддинг тик, чимдим шон бўлса,
Барчаси топилгай бош омон бўлса,
Омонлик тилайлик бир-биримизга.
Кулиб кўришсангиз, кўзлар ёришгай,
Юз йил умр тиланг, юзлар ёришгай,
Хуш ният янграса, сўзлар ёришгай,
Омонлик тилайлик бир-биримизга.
Бахтим боқий деган беклар кетдилар,