Nur auf LitRes lesen

Das Buch kann nicht als Datei heruntergeladen werden, kann aber in unserer App oder online auf der Website gelesen werden.

Buch lesen: «Тахмина»

Schriftart:

ЭНГ КЎП ЎҚИЛАДИГАН КИТОБ

Хар қандай китобхон ўқиса бўладиган китобни излаб юради ва уни топиб олса, қўлдан қўймайди. Ўзининг қалб мулкига айлантиради. Унинг хоҳиш-иродасига қарши боришнинг иложи йўқ – чунки, китоб мутолааси эркин танлаш ҳуқуқига асосланган ҳақиқий жараён, агар буни кимлардир бошқара олганида халқ орасидан истеъдод эгаларини излаб юришнинг ҳожати қолмасди. Мустабид тузумнинг адабиётни ўз измига солиб, уни маьлум қолипда ушлаб туриш каби тазйиқлари эркинлик шабадалари туфайли аста-секин йўқола бошлагач, бизда ҳам кенг китобхонлар орасида яшин тезлигида тарқаб тилга тушадиган, ўқиладиган китоблар кўпайди. Қанча қоғоз қоралангани билан ёзганларини ўзидан бўлакка маъқул қилолмайдиганлар бу ҳолдан анча ғашланишиб «китоб бозорини ундоқ китоблар босиб кетди, бундоқ китоблар босиб кетди», дея айюҳаннос сола бошлашди. Улар қанчалик айюҳаннос солишмасин, бунинг фойдаси йўқ, чунки китобхон ўзига керакли нарсани қаердан бўлмасин топиб ўқийди ва у бунга ҳақли ҳисобланади. Солиҳ Қаҳҳор (Солижон Қаҳҳоров)нинг «Дайди қизнинг дафтари» романи ҳам қисман бу қисматни ўз бошидан кечирди, десам янглишмайман.

Эсимда бир куни бетакрор ёзувчимиз Шукур Холмирзаев:

– Солижонни танийсизми? – деб қолди.

– Ҳа, албатта, ҳикоялариниям ўқиганман. Менга унинг «Меҳмон», «Айри йўл» деган ҳикоялари ёққан.

Бу гап Шукур акага маьқул келгандай жилмайди. У ўз яқинлари, яхши кўрган инсонлари ҳақида илиқ гап эшитса, беихтиёр суюниб кетарди.

– Яшанг! – хитоб қилди Шукур ака. – Солижон ёзишни билади. Аммо ялқовлиги бор, шунинг учун катта нарсаларга қўл урмайди, деб юрардим. Яқинда менга бир қўлёзмасини берди, Чустдамиди билмадим, қаерлардадир айрим қисмларини китоб қилиб чиқарибди. Аммо менга номи ёқмади.

– Номи нима экан?

– «Фоҳишанинг бошдан кечирганлари».

– Ў-ҳў! Бунақа номда чиқариб бўлмаса керак.

– Гап бунда эмас. Барибир сал яшириш керак. Фоҳишами, ўғри-қаллобми, унгаям одам сифатида қараш адабиётда янгилик эмас. Мопассани биласиз, кўп ёзган бунақа нарсаларни. Чеховнинг «Тутқаноқ» ҳикоясида ҳам исловатхонага бориб қолиб, кейин ўша исловатхонадаги қизларни қутқармоқчи бўлган рассомнинг изтироблари тасвирланган. Адабиётда шунақа бўлиши керак. Солижон тўғри йўл танлаган…

Хуллас, Шукур аканинг маслаҳатлари билан асар қайтадан ишланди, «Дайди қизнинг дафтари» номини олди, Шукур Холмирзаевнинг сўзбошиси билан «Шарқ» нашриётида ўн минглаб нусхаларда чоп этилди. Асар қаҳрамони Тахмина китобхонлар қизғин мухокама қиладиган образга айланди. Бу бежиз бўлмай, дунё адабиётининг йирик вакили, Нобель мукофоти лауреати Уильям Фолкнернинг асарга иқтибос қилиб олинган қуйидаги фикри унинг моҳиятини очиб берувчи ишора эди: «Иллатни ҳеч қачон унинг айнан ўзини кўрсатиш учунгина тилга олманг. Иллатдан фақат кўзингизга табиий бўлиб кўринаётган қайсидир ҳақиқатни очиб бериш мақсадидагина фойдаланиш лозим. Шундай вақтлар бўладики, одамларга ҳаётда ана шундай ҳақиқат ҳам борлигини ва ундан халос топиш ҳамда аҳволни ўзгартириш зарурлигини эслатиб қўймоқ зарур. Зеро, нуқул яхшилик ва гўзаллик ҳақида гапириш ҳамиша ҳам иш беравермайди».

Энг кўп ўқиладиган китобнинг сирини ана шу сўзлар мағзини чаққан китобхонларгина теран англашларига шубҳа йўқ.

Шойим БЎТАЕВ

Иллатни ҳеч қачон унинг айнан ўзини кўрсатиш учунгина тилга олманг. Иллатдан фақат кўзингизга табиий бўлиб кўринаётган қайсидир ҳақиқатни очиб бериш мақсадидагина фойдаланиш лозим. Шундай вақтлар бўладики, одамларга ҳаётда ана шундай ҳақиқат ҳам борлигини ва ундан халос топиш ҳамда аҳволни ўзгартириш зарурлигини эслатиб қўймоқ зарур. Зеро, нуқул яхшилик ва гўзаллик ҳақида гапириш ҳамиша ҳам иш беравермайди.

Уильям ФОЛКНЕР

Биринчи фасл
ҲАСРАТ КЕЧАСИ

I

– Менга… суюқоёқ қизлардан топиб берсангиз.

Милиция участкаси бошлиғи капитан Суннатов менинг бу илтимосимдан ҳайратга чўкди.

– Кечирасиз… бу ер мелисахона. Биз қўшмачилик билан шуғулланмаймиз, – чиндан ҳам таажжубда ғўлдиради у. – Иккинчидан, сиз ўзингизга ярашмаган ишни қилмасангиз бўлармиди…

– Узр, узр. Лекин мен жиддий гапиряпман, ишонаверинг.

Капитан энди бошини бошимга яқинлаштириб, ҳузур билан қиқирлади: – Қани, ёрилинг, ўртоқ журналист, кеннойим уйдан кетиб қолганларми дейман?

– Кеннойингиз, худога шукур, уйда, – дедим унга жавобан, – мен ҳозир бошқа маънода сўраяпман.

Суннатов яна сергак тортди.

– Тушунмадим…

– Очиқроқ айтсам, редакция топшириғи шундай. Фоҳишалар ҳаётидан материал тайёрлашим керак. Сиздан ёрдам сўраб келдим. Рўйхатингизга тушган бирон нуқта бўлса, ишни ўшаттан бошласамми, дейман. Капитан «ҳаммаси тушунарли» деган маънода бош қимирлатиб қўйди-да, ўрнидан вазминроқ туриб, хона ичида иягини қашиганича уёқ-буёққа ҳорғин юра бошлади. Энди унинг кайфияти бузилгандек эди. Сигарет тутатди. Кейин менга юзланиб, гапга чоғланган эдики, ногоҳ телефон жиринглаб қолди.

– Капитан Суннатов, эшитаман…

Қўнғироқ қилган одамнинг шанғиллаган овози эшитилди. Суннатов уни босиқлик билан бир дам тинглаб турди-да, кейин асабийроқ оҳангда жавоб қилди:

– Қўрқадиган жойимиз йўқ, жаноб. Сизни поездингиз жўнаб кетиб бўлган. Истиқлол қонунлари билан ҳисоблашишга тўғри келади энди. Ҳадемай кўрамиз, ким кимнинг думини тугиб қўяркин!

Капитан телефон гўшагини тарақлатиб жойига қўйди.

– Тинчликми, ака?

У саволимни жавобсиз қолдирди. Нималарнидир хаёлдан кечирганча, сигаретни буруқсатиб хона деразаси билан иш столи орасида сокин юра бошлади. Мен унинг эгнидаги оҳори тўкилиб бўлган усти-бошига, кийимдаги тугмаларни ҳолдан тойдириб турган йўғон гавдасига, силлиқ қилиб таралган сийрак оқ сочи-ю, ҳорғин қадам ташлашига зимдан назар ташлаб, жим ўтирибман. «Қарибди, кечаги Суннатов эмас…–хаёлдан ўтказаман ўзимча.–Яқиндаям қанақа эди-ю. Пошнасининг товуши юз метр жойдан эшитилиб турарди. Ҳалол одам. Ўзи шундай, яхшилар тез ишдан қолишади…»

Суннатов билан танишганимизга кўп бўлгани йўқ. Исми Турдимат ака. Милиция ҳаётидан материал лозим бўлганда унча-мунча ёрдами тегиб турарди. Газетани, газетачиларни хуш кўради. Ҳузурига мухбир кириб борса, худди генерал кириб келгандай, астойдил хизмат қилишига бормиз.

– Очиғи, сиз қизиқаётган фоҳишалардан гап очилса, қон босимим кўтариладиган бўлиб қолган, – қўлидаги сигаретини кулдонга босиброқ эзғилади у.– Яқинда ҳайфсан олдим… Йил охирида нафақага чиқадиган одамман. Юзингда кўзинг борми, дейишмайди. Нима эмиш, менинг мавзеимда чурраклар кўпайиб кетган эмиш!

Кулиб юборишдан ўзимни базўр тийиб қолдим. Чунки кекса ва ҳорғин, соддадил капитаннинг юзи янаям жиддий, бароқ қошларини чимириб, лабларини болаларча чўччайтириб олган эди.

– Хафа бўлманг, Турдимат ака, – унга тасалли бермоқчи бўлдим.–Раҳбарларни ҳам тушуниш керак. Бор, нима бўлсанг-бўлавер, дейиш билан иш битмайди-ку, ахир. Яқинда ҳокимиятда вилоят бош врачи ҳисобот берди. Сира кутилмаган гаплар чиққанидан бехабарсиз, шекилли. Фаҳш билан шуғулланувчилар, юқумли таносил касалликларини тарқатувчилар сони кескин кўпайиб кетибди. Айниқса, сиз ишлаётган мавзеда шароит оғирроққа ўхшайди.

– Шароитнинг оғирлиги ҳаммага аён,–гапимни бўлди у.–Бу шаҳарчада ҳар хил миллатга мансуб ўн мингдан ортиқ ишчи оила яшайди, уларнинг аксарияти шўро даврида турли ҳудудлардан келиб қолишган.

– Бу билан… шароитимиз носоз, демоқчимисиз?

– Нима десамикин…–капитан бир зум ўйга чўмиб қолди.–Халқимизда «Йиғлаб-йиғлаб ариқ очсанг, кулиб-кулиб сув ичасан» деган мақол бор. Гап йўқ, ҳадемай фароғатли кунлар кириб келади. Яна шунисиям борки, ишчи оила ўз нонини ҳалол меҳнати билан топиб ейишга ўрганган. Уларда орият ҳам кучлироқ. Фақат… муҳтожлик айрим иродасиз кишиларни маълум даражада сўнгги чораларга етакларкан. – Эҳтимол шундайдир. Бироқ ориятли инсон учун энг сўнгги чора ўлимдир. Мен фаҳшни ожизлик, заифлик, енгилтабиатлилик маҳсули, деб тушунаман.

– Ҳа, умуман олганда шундай. Бироқ типратикан тикансиз туғилади, тикани кейин пайдо бўлади. Одам боласи яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ўзини ўраб турган муҳит ва шароитдан олиб ўсади.

– Бу гапларни қўйинг, Турдимат ака. Сиз, афтидан, энг ривожланган давлатларда, роҳат ва фароғатда яшаётган зодагон мавзеларда фоҳишабозлик кўпроқ авж олганидан бехабарсиз чоғи. Лекин бизни кўпроқ даҳшат ва ҳайратга солаётган нарса – ор-номусини, ҳаё ва иффатини, иймон ва диёнатини азал-азалдан муқаддас билиб, ҳамма нарсадан устун қўйиб келган бизникилар орасида… ана шундай жирканч жароҳат газак олаётганидир… Буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг сўзларини эсланг: «Номуссиз хиёнатдан номусли ўлим афзал…».

– Ёки бўлмаса Зебунисони айтмайсизми! – жонланиб кетди капитан. – Мен унинг хотин-қизларимиздаги ҳаё тўғрисида ёзган байтини биламан:

 
Лайли зотидан эрсам-да дилда Мажнунча ҳаво,
Тоғу тош кезгим келур, лекин йўлим тўсгай ҳаё.
 

– Отангизга раҳмат, жудаям топиб айтдингиз! – уни қувватлаб қўйдим.– Энди яна бир нарса: илгарилари ўзимизда зино устида қўлга тушганларни тириклайин девор остига бостириб юборишаркан. – Худди шундай, мен бу ҳақда жуда кўп эшитганман, – уям гапимни тасдиқлади.

Мен капитанга ён дафтаримда қайд этиб қўйилган бир нарсани ўқиб бердим.

– Эрига хиёнат қилганлиги учун Эрон ва Қурияда, Мавритания ва Суданда, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистонида, фоҳишалик учун Эронда, фоҳишахона очганлиги учун ёки қўшмачилик қилганлиги учун Хитойда ўлим жазоси берилади.

– Менинг кўнглимдагидек экан, – сўзимни илиб кетди у.– Хўш, бизда-чи? Фоҳишанинг фоҳиша эканлигини била туриб, сен фоҳишасан деб кўринг-чи. Бир дамда иштонини бўйнингизга илиб қўйиб, шармандангизни чиқаради. Чунки унинг қўрқадиган, ҳайиқадиган қонуни йўқ. «Сен мени аввал биронта билан ушлаб ол, ана ундан кейин гапир», дейди. Боринг ана, фоҳишани фоҳиша эканлигини исботлаб ҳам бердингиз дейлик, хўш, нима бўпти? У арзимаган жарима билан халос топади-да, кейин ўз йўлида кетаверади.

Суннатов ўрнидан турди. Олдимиздаги кулдонни олиб бориб, ёзув столи биқинидаги ахлат қутисига бўшатди-да, яна бир бор «Падарига минг лаънат» деб қўйди.

Сўнгра дераза ёнига бориб, бир дам ташқарига лоқайд назар ташлаб турди. Кейин яна менга ўгирилиб, босиқ оҳанг билан сўзида давом этди: – Рости гап, ҳаммасидан чарчаганман. Тезроқ нафақага чиқиб кетсам, дейман. Кенжамни уйлантиришим керак. Шу йил кузакда бир амаллаб тўйини ўтказиб олсам бас, уёғига худо пошшо!

– Ўша кунларга етказсин. Қамишдан бел боғлаб, ғалвирда сув ташиб хизмат қиламиз,–унинг руҳини кўтармоқчи бўлдим.

– Раҳмат, ука. Дунё фақат яхшилар билан обод.– Суннатов шундай дея, ёзув столи ёнига ўтди. Тортмадан бир дафтар чиқариб варақларкан, ногоҳ кабинет эшиги зарб билан очилиб, ичкарига ўрта ёшлар чамасидаги йўғон-лўппи бир аёл ҳарсиллаганча отилиб кирди. Важоҳатидан от ҳуркигудек. Ёшига, биқиқ жуссасига ярашмаган мини юбкада, ҳандалаклар-у дўмбира-дўмбиралар бу дунёга сиғмаяпти…

У мен томонга ақалли қараб ҳам қўймади, тўғри Суннатовга яқинлашиб, қаҳр билан сўради:

– Начайний сиз бўласизми?!

Кутилмаган ташрифдан бир дам анграйиб қолган кекса капитан дарҳол ўзини қўлга олиб, аёлга мулозамат кўрсатган бўлди:

– Қани, манави стулга ўтириб, ўзингизни бироз босиб олинг-чи… – Мен сиздан сўраяпман, массивти начайниси ўзизми?! Аёл тафтидан тушмайдиган кўринарди.

Шунда мен бошлиққа халақит бермайин, деган ўй билан «ташқарига чиқиб турсамми?» маъносида сохта йўталиб қўйдим. Капитан ишорамни тушунди ва мен томонга боқмаёқ қўли билан «ўтиравер» ишорасини қилди. Аёлга энди дадилроқ оҳангда деди:

– Сиз афтидан, қаерга кириб келганингизни унутяпсиз, хоним. Қани, ўтирасизми-йўқми?

Аёл капитан кўрсатган стулга жирканиброқ назар ташлаб олдида, кейин омонатгина қўнган бўлди. Бироқ стул худди жонивордек нолали ғичирлаб қўювдики, аёл яна шашт билан ўрнидан турди:

– Мани бу ерда бемалол ўтиришга вақтим йўқ!

– Ундай бўлса, гап мундай: мен милиция участкаси бошлиғи капитан Суннатов бўламан. Сиз-чи?

– Мен Хонпошшоман! Дурманова Хонпошшо. Вилоят заготзерносида бош котиб бўлиб ишлайман.

Капитан «бай-бай-бай!» деган маънода хиёл жилмайганча бош чайқаб қўйди-да, кейин жойига бориб ўтириб, қўлига қалам-қоғоз олди.

– Московда бош котиб Горбачёв эди. Заготзернода сиз экансизда? Яхши-яхши. Манави жойга Дурманова Хонпошшо, деб ёзиб қўямиз. Адресингиз?..

– Шаҳар марказида яшаймиз, Бойболаев кўчаси, 99 да. Шу чоғ милиция капитани гўё акт тузаётган ревизорга ўхшаб кетдими, Хонпошшонинг пилиги энди сал пасайгандек бўлди. Стулга эҳтиёткорроқ бўлиб қайта ўтирди.

– Шаҳар марказида яшасангиз, бу ерда нима қилиб юрибсиз?

Аёл энди менга бирров ўғринча назар ташлаб олди-да, кейин пастроқ овозда жавоб қилди:

– Ўн беш яшар қизим бор. Дурманова Ҳуснида. Еттинчи синфда ўқийди. Кеча кечқурун мана шу массивда яшовчи синфдошиникига туғилган кунга келса, Дангалов деган бир сиржантингиз давра қуриб ўтиришган ҳамма ёшлар қаторида мани қизимниям мелисахонага олиб келиб, актга қўшипти. Бундай қилишга нима ҳақларинг бор? Керак бўлса, биз прокуратурага арз қиламиз!

Капитан, «Ҳаммаси тушунарли» деган маънода бош қимирлатиб қўйди. Кейин босиқлик билан жавоб берди:

– Прокуратурага арз қилиш сизнинг ҳуқуқингиз, хоним. Нима ҳақларинг бор, деган саволингизга жавоб шуки, сержант Дангалов ўз хизмат бурчини бажарган. Бир гуруҳ маст-аласт ўсмир ёшлар ярим тунда кўчада бўмағур қилиқлар билан қийқиришиб жамоат тартибини бузишибди. Сизнинг қизингиз Дурманова ҳатто ёниб турган сигаретини Дангаловнинг лабига босиб, тан жароҳати етказган. Далолатнома тўғри тузилган. Шундан сўнг сержант навбатчи машинада ҳаммасини уймауй тарқатиб чиққан. Қизингизни эса, биз ҳали милицияга чақиртирамиз. Учётга қўямиз. Албатта, Дангалов мабодо уни кечирган тақдирда. Бўлмаса… – Бўлмаса, нима қила олардингиз?!–бошини масхараомуз ликиллатди аёл.

– Дело очамиз, судга оширамиз…

– Мана сизга дела, мана сизга суд!–Хонпошша энди бош бармоғини икки бармоғи орасидан нуқиб чиқарди. – Биз минан ҳазиллаша кўрманг, кейин пушаймонда қоласиз.

Суннатов қалам тутган қўли билан иягини қучганча, аёлни бефарқ кузатиб ўтираркан, Хонпошшо яна ўрнидан туриб, бидирлай кетди: – Замонадан орқада қолибсиз, ўртоқ начайний. Пора на пенсию! Не забудте, ҳозир мустақиллик! Ҳар ким ўзига хон, ўзига бек. Ичадими, чекадими, милиса билан ҳазиллашадими, кечалари кўчада бақирибчақирадими – бу, уни иши! Вот так!

Суннатов ҳам энди тоқатсизланиб, ўрнидан турди. Вазмин юриб келиб, хона эшигини очди:

– Кечирасиз, хоним. Сиз билан развод, тўрт томонингиз қибла…

– Нима, мени бу ердан ҳайдамоқчимисиз?– кутилмаган «илтифот»га норозилик билдирди аёл.

– Кечирасиз, кабинетни шамоллатмоқчиман.

– Мен сиз билан бошқа жойда гаплашаман! – Хонпошшо шундай деганча қандай кириб келган бўлса, ўша важоҳатда чиқиб кетди.

Мен «миқ» этмай ўтирибман. Энди ажабланарлиси шу бўлдики, Суннатов бўлиб ўтган бу ташриф билан боғлиқ ҳеч нима демади. Яна аввалги кайфиятда креслоси ёнига қайтиб, стол устида турган ҳалиги дафтарни қайта варақлай бошлади ва унинг қаеридадир тўхтади: – Ёзиб олинг ёки эслаб қолинг: Байналмилал кўчаси, 13. Квартираси ҳам 13. Хонадон бир кампирнинг номида. Уч хонали. Бу ерда ўша кампирнинг қизи яшайди. Исмиям, лақабиям кўп. Жойида танишиб оларсиз. Қўшмачи. Ўзиям ёмон эмас, дўмбоққина, лўмбиллаган… Сезишимча, аллақандай мафия гуруҳи билан алоқадор. Қўшни регионлардан турли маркалардаги автомашиналар келиб тураркан. Ҳозир четдан назорат олиб боряпмиз. Шояд сиз туфайли ишимиз тезлашиб кетиб, истеъфога чиқиш олдидан ҳайфсанимдан халос топсам. – Умид қилаверинг, Турдимат ака. Худо хоҳласа, сиз ҳақингизда ўзим алоҳида очерк ёзиб, таърифингизни бутун республикага ёяман. – Раҳмат, раҳмат,–болаларча қувониб деди соддадил капитан.–Энди бундай. Ўша жойга борсангиз, биз билан алоқадор эканлигингизни сираям сезишмасин. Эътибор беринг, бу квартира Воҳидов Абдусаттор деган кишиники эди. Такси ҳайдовчиси бўлган. Новча бўй, қотмадан келган, чўтир юз, аскиябоз. Лақаби Шўрбалиқ, ёши элликларда… Квартирани буларга бериб, Қаршига кўчиб кетган. Ўша одамни сўроқлаб борасиз, акахоним дейсиз… Эҳтиётроқ бўлинг, у ерга ҳар хил одамлар кириб боради. Мабодо лозим бўлиб қолсам, телефонларимни биласиз. – Хотиржам бўлинг. Жанг майдонидан тирик қайтишга ҳаракат қиламан, – дедим унга ҳазил аралаш.

– Кечирасиз, мелисачилик… Эҳтиёткорлик қонимизга сингиб кетган,–деди Суннатов менинг жавобимдан завқланиб.–Албатта, сиздайин йигитлар ҳар қандай жангдан омон қайтиши аниқ. Фақат… жанг майдонида бирон касалга чалиниб, «госпитал» га тушиб қолишдан сақлансангиз бас…

Қисқагина сўз ўйинидан икковимиз ҳам мазза қилиб кулишиб олдик. Чиқиб кетарканман, Суннатов эшик бўсағасида мени яна тўхтатди: – Айтмоқчи, у ерга кечки пайтроқ борсангиз маъқул. Иложи борича башангроқ кийининг. Қўлингизда дипломат бўлса, янаям яхши, бошқа шаҳарданман, дейсиз.

– Ҳаммасининг иложи бор, жаноб капитан. Фақат… келинингизга ниманидир баҳона қилиб уйдан чиқиб кетиш анча мушкулроқ,–дедим.

– Буёғига мен мутлақо хотиржамман, – Суннатов илжайганча яна бўш келмади. – Журналист халқи ёлғон учун ҳеч қачон бировнинг чўнтагига тушмаган.

II

Квартира қўнғироғини икки-уч марта босдим. Очишмайди. Ичкаридан телевизордами, магнитофондами, «Фарғонада биттагина» қўшиғи янграяпти. Кимдир эшик ёнига келиб тўхтаганини сездим. Афтидан, кўздарчадан мени обдон кузатяпти. Ниҳоят, ўзимни тоқати тоқ бўлиб, қайтиб кетаётганга солувдимки, қулф «шилқ» этиб очилди: – Хизмат, акажон?

Қаршимда… кўринишидан ёши қирқларга яқинлашган, тўладан келган, ўнг ёноғида нўхатдек қора холи бор, кўз остлари анча салқиб, ранглари сарғиш тортганини ҳисобга олмаганда, кўҳликкина бир жувон менга синовчан боқиб турарди. Эгнида хитойи халат, олди анча очиқлигидан дуркун сийналар оралиғи кўзга чандон ташланиб турипти. Бу қиёфа менга бир оз танишдай туюлди. Уни қаердадир учратгандекман. Камалак қошлар, ўнг ёноғидаги нўхатдек қора хол… Эслолмайман, ўйланиб туришга эса фурсат йўқ.

Уй бекаси ҳам менга бир дам тикилиб қолди. Бироқ хаёлини менинг бўй-бастиму, эгнимдаги оҳорли либос тортиб кетаётгани аниқ эди.

– Кечирасиз, менга Абдусаттор ака керак эдилар…

– Абдусаттор ака? Бу ерда унақа киши яшамайди-ку, – жувон узрли бир оҳанг ва назокатли қиёфада жавоб қилди.

– Нега яшамайди? Ахир… таксичи Воҳидов Абдусаттор аканинг уйи шуми?

– Э-э, Саттор шўрбалиқ денг!– У ўзича жилмайиб қўйди. Ҳа, шу. Лекин яқинда менга сотиб, ўзлари кўчиб кетишган. Бирон хизмат бўлса… – Мабодо телефон-пелефон қилиб қолсалар. Ўшдан Баҳодир деган бир укахонингиз келиб кетди деб қўярсиз. – Шундай дея, жўрттага кетишга чоғланган эдимки, у мени тўхтатди:

– Ие, ҳали меҳмонман денг?! Ундай бўлса, сизга жавоб йўқ, – у энди сира ийманмай, шошиб келиб тирсагимдан тутди. Димоғимга фаранги атирнинг ўткир ҳиди урилди. – Бир пиёла чой ичиб кетасиз. Ҳар ҳолда, ўзингиз учун қадрдон уй экан.

– Раҳмат. Кеч кирмай…

– Йўқ-йўқ. Ундай деманг. Қани, ичкарига марҳамат.

Ичкарига киришим биланоқ, эшик шарақлаб қулфланди. Этим сескангандек бўлиб, таъбим оз-моз хира тортди. Лекин сир бой бермадим. Жувон ғалати мулозамат билан қўлимдан дипломатимни олди. Туфлимни шиппакка алиштириб, ортидан юрдим. Таклиф қилинган хонага бош суқарканман, кутилмаган ҳолдан лол қотиб қолдим. Тўрдаги оромкурсида… деярли қип-яланғоч, оловдай ёниб турган, 16-17 ёшлар чамасидаги бир қиз ўтирарди. Тимқора, узун ва ёйиқ сочлари бир елкаси оша биқинигача чодра бўлиб тушган. Мармардек тиниқ бадан, шабнам еган амири нокдек куврак ва диркиллама сийналар…

Мен унга беихтиёр тикилиб қолдим. Лекин тезда ўзимни ўнглаб олдим. Хижолат тортгандай, ўхшовсиз йўталиб қўйдим.

– Тортинманг, сираям тортинманг, – далда берди уй бекаси. – Қани, юқорига марҳамат.

Ноилож, қиз олдидаги курси томон йўналдим. У эса жим, ўрнидан қимирлаб ҳам қўймайди. Менга хотиржам ва беписанд боқади.

– Салом… яхши қиз… – Ғўлдираб қўйдим.

Шундан кейин у менинг ночор аҳволимдан анча жонлангандек бўлди. Ёнидаги магнитофон овозини бироз пасайтириб, чиройли жилмайиб қўйди:

– Окей, тоға! Намунча имиллайсиз, ўтирсангиз-чи!

Мен креслога ўнғайсиз чўкарканман, у қўлидаги сигарет қолдиғини кулдонга ташлаб, қўшиб қўйди:

– Терладингиз. Ёввойи пляжларда бўлмагансиз чоғи. Ё мени… яхши кўриб қолдингизми?

Қиз кутилмаганда қийқириб, мазза қилиб кулди.

– Бас қил, Тахмина. Тур, устингга бирор нима ташлаб чиқ, – унга беозор оҳангда буюрди уй бекаси. Кейин менга: – Парво қилманг, ҳозиргина ваннадан чиқувди… – деб қўйди.

Тахмина минг таманно билан ўрнидан турди. Бўйлари узун, сарвқомат. Бўлиқ ва оппоқ, силлиқ болдирлар сезилар-сезилмас жимирлаб турипти…

Ўз-ўзимча хўрлигим тутади: манаман деган бир йигитга вафоли ёр, умид ва орзулар ғунча очувчи покиза бир даргоҳга малика бўла оладиган шундайин паризод нималар қиляпти бу ерда?

Тахмина мен учун кутилмаган бир тарзда, ўз ёшига, ҳусну малоҳатига ярашмаган усулу қилиқлар билан ётоқхонага ўтди.

– Бу қиз… жияним бўлади, – уй бекаси Тахминанинг ўрнини эгалларкан, халат этакларини икки ёнига ташлаб, хушбичим оёқларини устма-уст алмаштирганча, «энди менга боқ» мазмунида кўз сузиб, эътиборимни ўзига қаратди: – Танишиб олайлик, Баҳодир ака. Менинг исмим Феруза…

Мен Ферузанинг бодом қовоқларига, қайрилма қошлари-ю, ёноғидаги чиройли холига ўғринча назар ташлаб қўяман. Аёл кишига хол деган нарса бунчалар ярашмаса! Болалигимда худди шунақа чиройли холи бор қизчани яхши кўриб қолувдим. Ҳечам эсимдан чиқмайди. Исми Холниса эди. Одатда холи бор қизларга шунақа исм қўйишади. Холниса, Холби, Холдона, Холида… Тўхта, тўхта, бу ахир ўша… Бир вақтлар шаҳримизда Куйдирги лақаби билан овоза бўлган ва кейин гумдон бўлган фоҳиша Холиданинг ўзи-ку?! Зап қизиқ бўлди-да, шу бугун капитан Суннатовнинг кабинетида эслагандим-а! Куни кеча редакцияда зиммамга фоҳишалар ҳаётидан, фоҳишабозлик иллатининг ижтимоий илдизлари ҳақида материал тайёрлаб бериш вазифаси юкланганда ҳам, мен ўша Куйдиргини учратаман, у ишим учун яна асқотади, деб сира ўйламовдим. Энди буёғи қандай бўлди? Ишқилиб, шубҳаланиб қолмаса гўрга, деб турибман.

Куйдирги, Куйдирги… Анча ўзгарибсан… Ёшинг эндигина ўттизлардан ошган бўлиши керак. Лекин тез сўла бошлабсан. Юзингдаги ўша тиниқлик ва тароватлар, вужудингдан уфуриб турган ўша шаддодлик оловлари энди қани?..

Бир дам ўй суриб, жимиб қолишим Куйдиргини шу ондаёқ безовта қилди:

– Тилингизда ширинлик. Лекин дилингизда бошқа нарсалар кечяпти. – Ҳа, топқир экансиз, – дарҳол ҳушёр тортдим. – Бугун… сизлардек новвот қизлар ҳузурига тушиб қоламан, деб сираям ўйламаган эдим. – Нима, новвот қизлардан чўчияпсизми?

– Наҳот энди шундай деб ўйласангиз…

– Ундай бўлса, гап нимада, Баҳодир ака?

– Ўзим шундай. Илгари бунақа жойларда бўлмаганим учунми… Ниҳоят Куйдирги таскин топгандек бўлди. Ичкари томон юзланиб: «Тахмина, тезроқ бўл. Меҳмонга бирон нима олиб чиқ», деб қўйди. Кейин менга хотиржам ва хушнуд қиёфада боқиб:

– Ризқи улуғ йигит экансиз, – деди. – Жаннатга «топ» этиб осмондан тушиб қолдингиз.

– Бироқ жаннатда кўриш бору, ейиш йўқ деб тўғри айтишган чоғи. – Тушунмадим. Нега ундай дейсиз?

– Ахир, вақт кеч бўляпти. Тезроқ шаҳарга чиқиб, бирон меҳмонхонадан жой топмасам, бугун кўчада қолишим аниқ-ку.

Куйдирги менга синовчан боқиб қўйди-да, кейин кинояли оҳангда: – Ўзингизни гўлликка солманг, сиз кўчада қоладиган йигитларга ўхшамайсиз,– деди.– Ундан кейин… Меҳмонхонада сўппайи-иб, ёлғиз ётгандан кўра, ўша жойнинг ҳаққи-ю, харажатларини биззи бўстонларга сарфлаб, кечани ҳузур-ҳаловат оғушида ўтказсангиз яхши эмасми?.. – Кошки эди. Йигит киши учун бундай илтифотдан қимматлироқ нарса бўлармиди. Лекин бу бўстонларнинг қоровули келгинди ўғрини тутиб олса, сазойи қилмайдими ишқилиб?..

Куйдирги энди менга завқланиб, яшнаб, эркаланиб боқади:

– Хотиржам бўлинг, Баҳодир ака. Сиз тунаган тунда бу бўстонлар беқоровул бўлади…

Ичкаридан Тахмина чиқди. У олдимизга бир шиша коньягу учта биллур қадаҳ келтириб қўяркан, менга кибр ва беписандлик билан қараб қўйиб, Куйдиргига деди:

– Менимча, меҳмонимиз бу кеча на бизникида, на меҳмонхонада тунай оладилар…

Шишани очиб, қадаҳларни тўлдира бошлаган Тахминага иккаламиз ҳам ажабланиб боқдик. Ичимга бир оз ғулғула тушди. Нимага шама қиляпти у?

– Бу нима деганинг, Тахмина? – тоқатсизланди Куйдирги.

– Гап шундаки… – Тахмина менга яна бир бор истеҳзоли боқиб қўйди. Нафасимни ютиб турувдимки, хайрият, гап мавзуси бошқа жойдан чиқиб қолди:

– Саттор шўрбалиққа ишониб келган ўшлик тоғамнинг чўнтагида қирғизнинг увада сомидан бўлак ҳемириям йўқдир. Демак, бу кишини ким ҳам қабул қиларди…

Кейин у коньяк тўлдирилган қадаҳлардан бирини менга узатаркан, қўшиб қўйди:

– Ичинг тоға, буниси бепул.

Мен ўзимни қўлга олдим. Ундан кўра юқорироқ пардада жавоб беришга тўғри келди:

– Қирғизнинг соми ўтмай қолганича йўқ ҳали. Ҳамма гап тарозининг иккинчи палласига босиладиган юкда…

– Окей, тоға! – кутилмаган қувноқлик билан қийқирди Тахмина. – Тарозининг иккинчи палласига мабодо мени боссангиз, неча кило қирғиз соми олишим мумкин?!

Кўз олдимда икки Тахмина, икки вужуд намоён эди. Бир ёндагиси номусдан, ҳаё ва иффатдан бенасиб, шаҳвату ишрат бозорининг жонли, чиройли, бироқ совуқ ва ҳиссиз қўғирчоғи бўлса, иккинчи ёнда тақдирининг қандай кечишидан батамом бехабар, буни англамаган, тушунмаган ҳолда разолат ва қабоҳат гирдобига тушиб қолган ғўр ва калтабин, гўзал ва худбин бир қиз турарди.

Ҳозир мен кўпроқ хаёлимдаги иккинчи Тахминани кўраётгандек, уни қидираётгандек, унга интилаётгандек эдим. Шу боис у билан ҳар қандай шароитда ҳам дағаллик қилолмаслигимни ҳис этиб турибман.

– Ундай эмас, Тахмина, – жавоб қайтараман унга. – Мен сенинг қадру қимматинг учун бўйинг баравар тилла тўккан бўлардим!

Куйдирги енгил қарсак чалиб қўяди:

– Браво! Зар қадрини заргар билар, деб шуни айтадилар-да! Қани, қадаҳларни кўтарайлик!

Зимдан кузатиб турибман, Тахминанинг чеҳраси ёришиб, кўзлари ишва билан яшнади. Қўлидаги қадаҳни бир кўтаришда сипқордида, шоколадли конфетдан жиндай газак қилиб олгач, мен жойлашган креслонинг суянчиғига келиб ўтирди. Димоғимга лорсиллаб турган куврак бадандан мастона бир ҳид урилди.

– Қани тоға, бўшатинг.

Ичдим. Столча устидаги конфетга қўл чўзмоқчийдимки, у менга энгашиб, ғунча лабларидан бўса ҳадя этмоқчи бўлади.

– Шошма, жоним, – дейман ундан беозор узоқлашиб, – сендан бўса олмоқ учун аввал жон куйдириш керак…

У сергак тортади. Юзи янаям ёришиб, бир қўли билан оқ аралаш сочларимни аста силаб қўяди. Кейин ширин табассум билан:

– Бир гап айтайми, – деб қолди. – Мана сизда кумуш билан олтин бор экан ҳисоб…

Кутилмаганда Куйдирги қиқирлаб қўяди:

– Бас қил, Тахмина. Меҳмонни уялтирма.

Гап нимадалигини тушунолмай, икковига ҳайрон боқаман. Лекин Тахмина гапидан қайтмайди, кўнглидагини айтиб қўя қолади:

– Биз учун… эркак зоти ёшми-қарими, хушрўйми-хунукми, совсем не фарқует. Бошида кумуши, чўнтагида олтини, тиззасида темири бўлса бас!

Учовлон мириқиб кулишиб оламиз. Бу «формула» учун яна биттадан қадаҳ бўшатамиз.

Ичимда ўз-ўзимдан ҳайратланаман. Турмуш чиғириқлари кимларни не йўлларга бошламайди, не кўйларга солмайди. Ҳаётнинг ўзи унисини ундай, бунисини бундай андозада, кимнидир анча барвақт, кимнидир анча кечроқ дурадгор уста қўлидаги оддий ёғочдек тарошлайди. Инсон ундан топган ўз тушунчаси ва тафаккури, идрок ва ақидаси билан ўралашиб, бу ёруғ дунёнинг мағзи ва мазмуни, бор-буди ва ниҳояси шундангина иборат, деб умр кечираверади…

Базми жамшидимиз тобора қизиётгани ёки бирон-бир тамаддисиз қуруқ конфет билан газак қилинган уч-тўрт қадаҳнинг таъсириданми, ҳар қалай орамиздаги бегоналик пардалари анча кўтарилиб, гапларимиз қовушиб қолди.

Мен нишонга етиб бораётганимдан хурсанд эдим. Лекин ўз ўрнида, мени шу тоб масаланинг бошқа томонлари ташвишга солиб турарди. Аввало, Куйдиргининг ҳамон менга гоҳ-гоҳ тикилиброқ қўйишидан ҳадикдаман. Бундан ташқари, ҳалироқ ўртада «Меними ё уними?» деган савол туғилганда қандай йўл тутиш лозим? Мабодо лозим келиб қолса, ишора қилинаётган, уларни руҳлантираётган пулни мен қаердан олиб бераман?

Шундай қилиб, бу кечани шу ерда ўтказишга қарор қилганим хонадон маликаларига анча маъқул тушди. Куйдирги ҳам, Тахмина ҳам очилибсочилиб кетишди. Бирон-бир таом тайёрлаб, стол тузамоқчи ҳам бўлишди. Қорним очроқ бўлишига қарамай, кўнглим тортмади. Ортиқча машмашанинг ҳожати йўқ, суҳбатимиз совумасин, деган баҳонани қилдим. Шундан кейин столча устига Куйдирги келтириб қўйган озгина колбасаю, уч-тўртта олма ва конфет билан кифояланган бўлдик.

Фақат… ҳамон ўша ҳолатда, бор-будини жўрттага кўз-кўз қилаётган Тахминадан фикру хаёлимни узолмайман. Тобора қизиб, гулхан бўлиб кетишдан ўзимни базўр сақлаб ўтирибман. Ахийри бўлмади, мен ундан эгнига халат ташлаб чиқишини илтимос қилдим. Тахмина қийқириб кулиб юборди:

– Тоғам ахийри чидамадилар!

Куйдирги ҳам унга қўшилишиб кулди-да, кейин менга далда берган бўлди:

– Ҳа энди, эркак киши эркаклигига боради-да. Тағинам Баҳодир ака анча сипо эканлар, бўлмаса аллақачон таъзирингни бериб қўярдилар…

– Ёмон кўрганим сиполик, – Тахмина тафтидан тушмайди. Темирни қизиғида босмайдиган эркакларга дуч келсам, қиз бола бўлиб туғилганимга ўкинаман!

Бопладинг, дейман ўзимча. Эркак бўлиб туғилиб, бундайин ҳақоратга сираям дуч келмаганман. Бироқ наилож, сабрнинг таги олтин, деганлар. Чидайман.

У мендан жўрттага аразлаган бўлиб, ғунча лабларини чиройли буриб яна саллона-саллона юриш билан ичкари хонага кириб кетди. – Киринг. Орқасидан киринг…

Куйдирги менга синовчан қараб қўяди.

– Йўқ, – дейман чўрт кесиб. – Кирмайман.

– Нега энди? – ажабланади уй бекаси. – Нима, сиз бу ерда… фақат тунаш учун қолдингизми?

Мен шоша-пиша гапимни ўнглайман:

– Ундай эмас, албатта. Мен… сал кейинроқ, демоқчиман.

Орага жимлик чўкди. Тахмина ҳадеганда чиқавермади. Куйдирги ўртадаги ширин кайфиятни совутиб қўйишдан чўчиб, ичкари хона томон қичқирди:

– Бунча имилладинг?!

Унга жавобан Тахминанинг:

– Мен озгина чўзилиб оламан, қизиб кетяпман, – деган овози эшитилди.

– Бўпти, лекин ухлаб қолма. – Кейин менга юзланиб, илова қилади: – Маст ҳолда ухлаб қолган аёлни уйғотиб, ким ҳузур топибди… Индамайман. Куйдирги негадир ўзича жилмайиб қўяди. Магнитофон тасмасини алмаштириб, Юлдузнинг «Сени осмонимга олиб кетаман»ини пастроқ овозда қўяркан, сўрайди:

– Баҳодир ака, қанақа жойга тушиб қолдим, деб ҳайрон бўлаётганингиз йўқми?

Сигарет тутатдим. Шу баҳонада ўй-хаёлларимни оз-моз жамлаб олган бўлдим.

– Нега энди, ҳаммасини тушуниб турибман…

– Қандай тушунсангиз ҳам, ёмон хаёлга борманг. Мен… ишлайман, касалхонада ҳамшираман…

У ёлғон тўқий бошлаганини сезиб турибман. Сендайлар маош оламан деб ишлаб бўпти, деб қўяман ўзимча.

– Эрим офицер эди, Афғонистонда ҳалок бўлган, герой. Иккита норасидам бор, кампир онамнинг қўлларида…

Бу гапларни у менда бу хонадонга, ўзларига нисбатан ишонч туғдириш учун айтаётганини ҳам билиб турибман.

– Баъзан-баъзан бугунгидек кўнгилочарлик қилиб қоламиз. Сизга ўхшаган бамаъни улфатлар учраб қолса, занглаган, шўрлаган юракларни бир ювиб оламиз.