Buch lesen: «Эссенциализм»
1- БОБ
Эссенциалист *
Доноликка эришиш учун инсон, энг аввало, ҳаётидаги кераксиз машғулотлардан воз кечиши керак.
– Лин Ютан
Графика бўйича дизайнер Эммет ўз ишида шижоат билан ишлайдиган ходим. Унинг битта шиори бор: "Ёрдамингни ҳеч кимдан асло аяма!" Одамлар унинг ёнига бирор юмуш билан ёрдам сўраб келишса, у ўйлаб ўтирмасдан, "Албатта, бажарамиз"– дея жавоб берарди. Унга инсонлардан миннатдорчилик эшитиш, уларнинг оғирини енгил қилиш жуда ёқарди.
Бахтга қарши, Эммет бир неча ишни ўз бўйнига олганлиги сабабли тезда чарчаб қолаётганди. Ҳамма нарса назоратидан чиқиб кета бошлади. У мижозларнинг кўнглини топиш учун кун давомида тинмай ишлар, аммо унинг ишларида борган сари камчиликлар ва нуқсонлар кўзга ташланарди. Бир қанча вақтдан сўнг унинг қилган ишларига бўлган талаб камайиб кетди.
Ноқулай аҳволдан ўзини сақлаш учун Эммет "йўқ" сўзидан фойдалана бошлади. Дастлаб, унда жасурлик бироз етишмади. Бирин-кетин мижозлардан буюртмалар қабул қилишга келганда у ўзига "Буюртмани ўз вақтида тугатишга улгура оламанми?"– дея савол берарди. Жавоби "йўқ" бўлса, таклифни ўйлаб ҳам ўтирмасдан рад қиларди. Гарчи мижозлар бундан мамнун бўлишмаган бўлса ҳам улар Эмметни адолатлилиги учун ҳурмат қилишарди.
Ҳар бир кичик ғалаба Эмметнинг ғайратига ғайрат қўшди. Шундан кейин у буюртмаларни қуйидаги шарт билан қабул қилишни бошлади:
"Вақтимни ҳамда ўзимда мавжуд бўлган имкониятларимни яхшироқ нарсага сарфлаяпманми?"
Жавоб "ҳа" бўлмаса, бу таклифдан ҳеч иккиланмай воз кечарди. Бундан унинг айрим мижозлари норози бўлишган бўлса-да, кейинчалик улар Эмметнинг кўплаб рад қилишларига ўрганиб қолишди.
Ҳайратланарлиси шундаки, бироз муддат ўтгандан сўнг мижозлар Эмметга илгаргидан-да кўпроқ ишонишни бошлашди. У мижозларга шу даражада босиқлик билан муомала қилардики, улар Эмметнинг айтган сўзларига бутунлай ишонч билдира бошладилар. Эмметга доимий мижозлардан буюртма келиб тушгудай бўлса, ишдан унинг кўнгли тўладиган даражада бўлса, у ишни бажонидил қабул қилар ва уни якунламагунча бошқа буюртмаларни қабул қилмасди. Ишлар ўз жойига тушиб кетди. Мижозлар ҳам ундан янада яхши натижалар кута бошлашди.
Юқорида келтирилган Эммет мисолида биз сизга эссенциализмнинг муҳим бир фундаментал кўринишини кўрсатишга ҳаракат қилдик. Яъники, ўз-ўзингизга ҳамма ишга улгура оламан дейишни ва ҳар бир учраган инсоннинг ёрдам сўраб қилган мурожаатига "ҳа" деб жавоб беришни тўхтатиш билан сиз ўзингиз учун муҳим деб санаган нарсаларга қай даражада ҳисса қўшишингиз мумкинлигини исботладик.
Сизчи? Неча марта ўйламасдан "ҳа" деб юборгансиз? Ўзгаларга ёқиш ёки муаммолардан қочиш учун-чи?
Сизга бир неча саволларим бор: Бир вақтнинг ўзида кўп ва шу билан бирга самарасиз ишларни қилганмисиз? Узоқ муддатли, аммо натижасиз машғулотларни-чи?
Агар сизнинг жавобингиз, шубҳасиз, "ҳа" бўлса, демак, сиз учун бу муаммоларга ечим бўладиган ягона йўл мавжуд. У ҳам бўлса, эссенциалист бўлишдир.
Эссенциалист йўли
Дитер Рамс узоқ йиллар Браун компаниясида бош дизайнер бўлиб ишлаган. Унинг шахсий кундалигининг кириш қисмида шундай сўзлар ёзиб қўйилган: "Деярли ҳамма нарса шовқиндир. Фақатгина бир нечтаси муҳим". У ўз олдига бу шовқинлар оралаб асл моҳиятга етишни мақсад қилиб олганди. Мисол учун: компаниядаги 24 ёшли йигитчага овоз ёзиш қурилмаси(граммофон) дизайнини яратиш вазифаси юклатилди. Ўша пайтларда меҳмонхона жиҳозлари билан уйғунлик бахш этиш учун граммофонлар уст қопламаларини дарахт ёғочи билан қоплаш урф бўлган эди. Аммо у ва унинг жамоаси биргаликда ускунанинг асосий қисмини пластик қоплама билан ўрашди. Натижада, шовқин ҳам йўқолди, ускуна ҳам ихчамлашди. Илк бора қўлланган бундай дизайндан баъзилар "буни ким ҳам сотиб олиши мумкин?"– дея таҳликага ҳам тушишди. Лекин гарчи янгича ғояни талқин этиш катта жасорат талаб қилган бўлса-да, бу иш ўзини оқлади. 60-йилларга келиб камхарж усулда яратилган граммофонлар оммалашиб кетди.
Дитернинг замонавий дизайнерлик қобилиятини немисча учта сўз орқали яққол ифодаласа бўлади: Weniger аber bеssеr ("Оз – соз"). Бу ибора эссенциализм ҳақида юритиладиган фикрларнинг энг маъқулидир.
Эссенциалист йўли – ҳар доим камроқ, лекин яхшироқ усулларни излашдан иборат. Шу билан бирга, эссенциалист учун ҳал қилувчи рол – интизом.
Эссенциалист йўли Янги йилга келгуси йилдан бошлаб фақат "йўқ" дейишни режалаштириш ёки почтангизга келган хабарларнинг барчасини ўчириб ташлаш-у ўзингиз учун янги тайм-менежмент тузишдан иборат эмас, балки "Ҳақиқатан, мен вақтимни керакли машғулотга сарфлаяпманми?" – дейишдан иборат.
Дунёда биз вақтимизни ва имкониятларимизни сарфлайдиган машғулотларимиздан кўра кўпроқ фойдали ишлар мавжудки, улар биз учун керакли ва айни пайтда зарур бўлиши мумкин. Аммо шуни унутмаслик лозимки, уларнинг барчаси ҳам муҳим эмас! Эссенциалист йўли бизга ўзимизда мавжуд танловларни кўриб чиқиш ва улар ичидан энг мақбулини танлашни ўргатади.
Эссенциализм бир нечта юмушларни бир вақтнинг ўзида бажаришга ёрдам бермайди, аксинча бизга муқобил вариантларни танлашни ўргатади. Бу дегани "кам натижа учун кам меҳнат" дегани ҳам эмас. Эссенциализм – ўз кучингиз ва вақтингизни сиз учун асосий ва муҳим ишларга сарфлаш, бунинг натижасида максимал самарадорликка эришиш маҳоратидир.
Эссенциалист ва ноессенциалист орасидаги фарқни кейинги саҳифада берилган расм ҳамда жадвал орқали яққол кўришимиз мумкин.
Қуйидаги вазиятларда ҳар иккиласи ҳам тенг миқдорда куч сарфлашган. Чапдаги расмда энергия бир вақтнинг ўзида бир нечта машғулотлар томон йўналтирилган. Натижада, қилиниши керак бўлиб турган ишлар атиги бир миллиметрча олдинга силжиган, холос. Ўнгдаги расмда эса энергия бор-йўғи бир қанча машғулотларгагина ажратилган. Хулоса сифатида шуни айтиш ўринлики, кам машғулотларга кўп кучни тақсимлаш бизга энг муҳим ишларни қониқарли даражада бажара олишдек тажрибани беради.
Эссенциалистик йўл "ҳамма нарсага улгурамиз"деган фикрни ёқламайди. Аксинча, у мавжуд масалаларни аниқлаш ва муҳим қарор қабул қилишни таклиф этади. Маълумки, бир марта қабул қилинган қарор келгусидаги минглаб аҳамиятга молик қарорларни вужудга келтиради. Хуллас, биз ўзимиз учун ниҳоятда керакли саволларга жавоб топишдан асло тўхтамаслигимиз лозим.
Эссенциалистик йўл хатолар билан яшаш керак дегани ҳам эмас, балки тартибли ҳаёт кечиришга чақиради. Кутилмаган қарорлар қабул қилишдан кўра эссенциалист арзимас, кўп машғулотдан бир нечта, бироқ муҳим бўлганини фарқлай олади; кераксизларидан воз кечади; шунинг билан у мақсад сари олдинда турган тўсиқларни аста-секин олиб ташлайди. Натижада, муҳим нарсалар ўз-ўзидан ойдинлаша боради. Қисқа қилиб айтганда, эссенциализм бу – тартибга келтирилган, тизимли ёндашув бўлиб, у инсонларга ўзлари ҳали англаб ета олмаган яширин кучларини амалиётда қўллашни ўргатади. Қачонки сиз эссенциализмнинг тўлиқ моҳиятини англаб етганингизда, ишончим комилки, албатта, ўз олдингизга қўйган мақсадларингиз томон улкан қадам ташлаган бўласиз.
МОДЕЛ
Эссенциалист – ўз шахсий ҳаёт йўлида борувчи, ўз ҳаракатларини назорат қила олувчи шахс. Шунинг учун ҳам бу принсип муваффақиятга эришишнинг янги босқичидир. Эссенциализм бизларни нафақат ҳаётимиздаги ютуқлардан завқ олишимизга, балки ўзимиздан шу йўлни танлаганимиз учун мамнунлик ҳиссини туйишга ундайди. Аммо бизнинг чинакам эссенциалист бўлишимиз учун қаршилик қиладиган анчагина тўсиқлар ҳам мавжуд.
Ноессенциалист йўли
Қуёшли қиш кунларининг бирида аёлим Аннани кўргани Калифорниядаги касалхоналардан бирига бордим. Гарчи унинг юзлари кулиб, хурсандчилигини яширолмаган бўлса ҳам мен унинг чарчаган ҳолатда эканлигини яхши сезардим. Чунки кеча кечқурун Анна қизимизни дунёга келтирган эди. Янги меҳмонимиз соғлом туғилди.
Ўша лаҳзалар ҳаётимдаги энг бахтли ва унутилмас онлар эди. Фарзандим онасининг қўлларида ширин уйқуда, мен эса гоҳ телефонимни, гоҳ электрон почтамни титиш билан оввора эдим. Мижозим билан учрашувга шошилардим. Бошлиғимдан хабар келган: "Жума куни соат 3 ва 4 орасида фарзанд кутишга ноқулай вақт. Мен мижоз билан учрашишингни хоҳлайман". Ишнинг пачаваси чиқди. Бугун жума. Нима қилишимни билмай оёғи куйган товуқдай у ёқдан бу ёққа бориб келишдан бошқа қиладиган эрмак тополмай бошим қотган. Буни ҳазил бўлиб чиқишини чин кўнгилдан хоҳлар эдим, аммо афсуски, бу ҳақиқат эди. Мен ишда бўлишим шарт.
Бундай чигал ҳолатдан чиқиб кетишим учун, албатта, нимадир қилишим керак. Ўша пайт оилам билан бирга бўлишни жуда хоҳлардим. Бирдан телефон жиринглади. Мижоз кутиб қолганлиги ҳақида хабар беришди. "Ҳозир етиб бораман", – деб беихтиёр айтиб юбордим ва гўшакни қўйдим.
Оилам олдида жуда хижолатли бўлдим. Аёлим ва фарзандимни туғуруқхонада қолдириб ўзим ишга кетдим. Учрашув якунланди. Раҳбарим мижоз мендан жуда миннатдор бўлганини таъкидлади. У менинг ўз ишимга садоқатли эканимга юқори баҳо берибди. Аммо мижоз-чи? Унинг юз қиёфаси, кайфияти аксини кўрсатар эди. У менга гўё "Бу ерда сен ўзи нима қилиб юрибсан?" дегандек қараб қўйди. Биргина раҳбаримга яхши кўринаман деб айтган "ҳа" жавобим орқали, бепарволигим туфайли нафақат оиламга, балки тўғри сўзлигимга ҳамда мижозим билан алоқамга путур етказиб қўйдим.
Учрашувдан деярли фойда чиқмади. Шу пайт ўзимни худди аҳмоқдек ҳис қилдим. Ҳаммани хурсанд қиламан дея энг муҳимини эсдан чиқариб қўйдим.
Бундан ўзим учун ўрнак бўладиган, манфаатли дарс олдим:
ЎЗ ҲАЁТИНГНИ ЎЗИНГ ТАРТИБГА СОЛА ОЛМАСАНГ, БУ ИШНИ ЎЗГАЛАР СЕНИНГ ЎРНИНГГА ҚИЛИШАДИ
Бу воқеадан сўнг менда айрим саволлар пайдо бўла бошлади: қандай ва нима сабабдан инсонлар шахсий ҳамда профессионал ҳаётларида у ёки бу ечимларни танлашади? Нега биз ўзимизда мавжуд имкониятлардан фойдаланишни хоҳламаймиз? Қандай қилиб биз ички имкониятларимизни юқори даражага олиб чиқадиган танловларни амалга оширамиз?
Бундай саволларга жавоб топиш ҳисси мени Англиядаги юридик мактабни тугатмасдан, Калифорнияга, Стенфортда битирув малакавий ишимни тугатиш учун саёҳат қилишга ундади. Саволларимга жавоб излаш давомида икки йил ўз жамоам билан биргаликда Multipliers: How the Best Leaders make Everyone Smarter* китоби устида иш олиб бордик. Ва ўша дамларда Силиcон Валлейда ўз компаниямга асос солдим. Ҳозирги кунда мен минглаб дунёнинг кўзга кўринган компанияларининг иқтидорли вакиллари билан ишлайман ва уларга эссенциалист йўлини ўргатаман.
Менинг ташкилотимга турли тоифадаги инсонлар мурожаат қилишади. Улардан баъзилари доимий оғир муаммолар остида яшаб келаётганлар. Баъзилари эса муваффақиятли кўринишса-да, аммо барини мукаммал қилиш нияти борлигини айтиб қолишади. Айримлари эса (уларга бир томондан раҳминг ҳам келади) менежерлар буюрган барча вазифаларни бажариш шарт эмаслигини тушунмас эдилар. Улар билан ишлаб мен нега шундай малакали, ақлли, иқтидорли инсонлар кераксиз ишлар билан гулдек умрини беҳуда ўтказишларини тушунишга уриндим. Жавоблар эса ҳайратланарли.
Бир гал ўз ишига муккасидан кетган бир менежер билан ишладим. У касбини жуда яхши кўрар ва тинмай изланар эди. У тез-тез қилган меҳнатлари учун мукофотлар билан ҳам рағбатлантириларди. Бу эса унга илҳом бағишларди. Муваффақият зинапояларидан аста-секин кўтарилиб борар экан, бекор қолди дегунча, турли-туман китоблар титкиларди. Мен у билан илк учрашган пайтимда у жуда серғайрат кўринди. Ҳамма нарсани билишга, ҳамма ишни бажаришга шай эди. У менга ҳар куни, баъзан ҳар соатда янги ғояларни ўйлаб топадигандек туюларди. У иш жараёнида муҳим қисмни арзимаганларига диққатни қаратиш натижасида йўқота бошлади. Унинг учун бари зарур эди. Бунинг натижасида кундан кунга оза бошлади: ишида миллиметргина силжишга эришди; жуда толиқди. Ўшанда унга мен чапда жойлашган суратни хомаки нусхасини чизиб бердим.
У суратга узоқ вақт жим тикилиб қолди. Сўнгра маъюс бир оҳангда менга қараб шундай деди: "Бу менинг ҳикоям!" Сўнг мен ўнгдаги чизмани чизиб кўрсатдим. "Агар биз сиз бажарадиган, ҳиссангизнинг юқори даражасини қўшадиган бирор-бир масалага ечим топсак, нима бўлади? " – деб сўрадим. "Тўғри савол…" – дея жавоб қилди у.
Кўриб турганимиз каби кўпчилик доно инсонлар ушбу оддий саволга аниқ жавоб беришга қодир эмаслар. Бунга сабаб шуки, жамиятда биз яхши хулқ учун ("йўқ" дея) жазоланамиз ва ёмон хулқ учун ("ҳа" дея) рағбатлантириламиз. Дастлабки жавоб ўша онда ноқулай сезилади ва 2-жавоб эса нишонланади. Бу мен атайдиган тахминий 4 фазани умумлаштирувчи омад парадоксига етаклайди.
1-фаза: Қачонки бизда чиндан-да мақсаднинг аниқлиги бўлар экан, у ўз ташаббусимиз билан муваффақиятга эришишимизга ундайди.
2-фаза: Қачонки муваффақиятга эришсак, биз "биринчи борадиган" одамдек обрў-эътиборни қўлга киритамиз. Қачон керак бўлганда тайёр турадиган "эски (исм)" га айланамиз ва янада кўпроқ танловлар ва имкониятлар билан учрашамиз.
3-фаза: Қачонки биз ўзимизнинг вақтимиз ва энергиямиз учун талаб коди бўладиган имконият ва танловларга эга бўлганимизда бу тарқоқ ҳаракатларга олиб келади. Биз ингичкароқ ва ингичкароқ ёйила бошлаймиз.
4-фаза: Биз ўзимизнинг юқори ҳиссамиздан чалғиб қоламиз. Бизнинг омад таъсиримиз биринчи навбатда муваффақиятимизга олиб келган аниқликни бузиш эди.
А
жабланарлиси, бирор иш қиламан деб ошириб юбориш, омаднинг кетидан қувиш омадсизлик учун катализатор бўлиб қолиши ҳам мумкин. Аниқроқ қилиб тушинтирсам, омад бизни муваффақиятга эриштирувчи муҳим нарсалардан четлатиб қўяди.
Буни ҳамма ерда кўриш мумкин. Ўзининг "Қандай буюклар ўлади" (How the Mighty Fall) китобида Жим Коллинз бир вақтлар Уол Стрит дарғалари бўлган, бироқ якунида бонкротга учраган компанияларни ўрганади. Ва уларда нима хато бўлганини тадқиқ қилади. Унинг таъкидлашича, кўпчилик катта компанияларнинг касодга учрашининг асл сабаби: кўпни изидан тартибсиз қувишдир. Бу ҳақиқат нафақат йирик корпарация ва ташкилотларга хос, балки инсонларга ҳам тегишли. Аммо нега?
Нега ноессенциализм ҳамма ерда
Айрим трендлар мукаммал ноессенциалистик бўронни ҳосил қилиш учун аралашиб кетган. Қуйидагига эътибор беринг.
Жуда кўп танлов
Биз барчамиз ўтган ўн йил давомида танловдаги тўхтовсиз ўсишнинг гувоҳига айландик. Ҳатто ярмига етганимизда балки, шунинг учун биз муҳим бўлганларини эсдан чиқардик.
Питр Дрункер таъбирича:
"Бир неча юз йилларда, бизнинг ҳозирги тарихимиз узоқ муддатли нуқтаи назардан ёзилганда, тарихчилар кўриши мумкин бўлган энг муҳим воқеа технология ҳам, интернет ҳам, электрон савдо ҳам эмас. Бу – инсон муҳитининг мислсиз ўзгариши. Илк бор, сўзма-сўз айтилса, инсонларда тўхтовсиз ўсиб бораётган танлов мавжуддир. Биринчи маротаба ўзларини назорат қилишлари мумкин ва жамият бунга батамом тайёрланган эмас".
Биз қисман тайёр эмасмиз, чунки биринчи марта танлов устунлиги бизнинг уни бошқариш қобилиятимизни заиф қилди. Нима муҳим-у нима муҳим эмаслигини фарқлаш имкониятимизни бой бердик. Руҳшунослар тили билан айтганда, "танлов чарчоғи"ни бошдан кечиряпмиз: биз қанчалик кўп танлов қилишга мажбур бўлсак, қарорларимиз сифати шунчалик ёмонлашади.
Жуда кўп ижтимоий босим
Бизда фақат танлов миқдори ошди деб ўйлайсизми? Аслида аксинча. Бизнинг қарорларимизга таъсир ўтказувчи кучлар ва уларнинг сони ҳам ўз навбатида пропорсианал кўпайди. Айни вақтда биз қандай гипербоғланганлигимиз ва қандай чалғитувчи маълумот оқими бўлиши мумкинлиги ҳақида қанчалик кўп айтилиши-ю бу ҳақида варақ-варақ мақолалар ёзилишига қарамай, энг катта муаммо – бизнинг қандай боғланганлигимиз ижтимоий босим кучини оширганида. Бугунги кунда замонавий технологиялар айрим тўсиқларни камайтирди, масалан, ўзгалар учун биз нимага аҳамият қаратишимиз ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришга бўлган қарши тўсиқлар. Бу маълумот ортиқчалиги эмас, бу фикрлар ортиқчалиги, холос.
"Ҳаммаси сенда бўлиши мумкин" ғояси
"Бизда ҳаммаси бор" ва "ҳаммасини қила оламиз" ғояси янги эмас. Бу алмисоқдан қолган гап. Ишончим комилки, бугун ҳар бир инсон шу фикр билан зарарланган. Бу рекламада сотилади. Йирик қўшма корхоналарда эришилади. У стандарт қилиб кўрсатиладиган қобилият ва тажрибалар рўйхатини ташкил қилувчи иш тавсифномаларида ёзиб қўйилади. У ўнлаб машғулотлардан ташқари қўшимча машғулотларни талаб қилувчи университет дастурига киритилган.
Яхши янгилик ҳам бор: танлов ва кутиш тез суръатда ўсаётган даврда ушбу афсонанинг бугун қай даражада зарарли эканидир. Иш фаолияти тиғиз жадвалларга асосланган ҳаётига яна битта фаолиятни зўрлаб киритаётган асабий инсонларда кузатилмоқда. Бу иш ёки ҳаёт баланси ҳақида гапирувчи бирлашган муҳитни яратади, бироқ улар ҳали ҳам ўз ишчиларидан 24/7/365 фаол бўлишини кутишади. Бу "топ 10 талик"ни беҳуда муҳокама қилинадиган ходимлар учрашувларига олиб келади.
Priority (ўзбекчада устунлик, устун томони, биринчи қилиниши керак бўлган иш) сўзи инглиз тилига ХV асрда кириб келган. Ўша пайтларда бу сўз бирликда маъносида қўлланилган. Энг биринчи ёки устун маъноларини англатган. Кейинги 500 йил давомида ўзининг бирлик маъносини сақлаб қолди. Фақат ХХ аср бошларига келиб биз тушунчани кўпликка ўзгартирдик: "устунликлар" – "Priorities" – дея бошладик. Сўзни кўплик шаклга ўгирганимизга ҳақиқатни ўзгартирганимизни сабаб қилдик. Ҳозир биз қандайдир "биринчи" нарсаларга эга бўлишимиз мумкин. Одамлар ҳамда компаниялар шундай қилишга ҳаракат қилмоқда. Менга бир бошқарувчи компаниядаги ‘Pri-1’, (priority 1) ‘Pri-2’, ‘Pri-3’, ‘Pri-4’ va ‘Pri-5’ҳақида ўз тажрибасини гапириб берди. Бундан эса мен кўп нарсалар муҳим бўлиши, аммо аслида ҳеч нарсани англатмаслигини тушуниб етдим.
Бироқ ҳамма нарсани бажаришга ҳамда ҳамма нарсага эгалик қилишга интилган пайтда биз ўзимизни мақсадли стратегиямиз деб ҳеч қачон қабул қилмайдиган муқобил қийматлар(trade-offs)ни четлатаётгандек ҳис қиламиз. Биз ўз энергиямиз ҳамда вақтимизни қаерга мақсадли ва ўйлаб йўналтиришни танламас эканмиз, бошқалар – бошлиқларимиз, ҳамкасбларимиз, мижозларимиз ва ҳатто ўз оиламиз биз учун бу ишни бажаришади ва кўп ўтмай мазмунли ва муҳим нарсани унутган бўламиз. Биз ўз танловимизни қиламиз ёки ўзгалар режаси бўйича ҳаётимизни ўтказамиз.
Бронни Вар, беморларга сўнгги 12 ҳафтасида ғамхўрлик қилувчи австралиялик ҳамшира беморларнинг охирги онларида қилган энг кўп пушаймонликларини ёзиб борган. Рўйхат бошида: "Қани эди, мен ўзим учун тўғри яшашга куч топа олганимда эди…" – деган мазмундаги армонли сўзлар жой олган эди.
Бу фақатгина бетартиб "йўқ" дейишни эмас, аксинча мақсадли, ҳар томонлама ўйлаб, стратегик ёндашув орқали муҳим бўлмаган нарсаларни олиб ташлашни ва вақтни бекорга сарфловчи турли юмушлардан қутулишни эмас, чиндан яхши имкониятларни ажратиб олишни талаб этади. Ўзингизни турли томонга тортувчи ижтимоий босимга қарши жавоб қайтариш ўрнига мутлақо муҳимларни ажратиб олиш, аҳамият қаратиш, камайтириш ва соддалаштириш йўлларини ўрганинг.
Профессионал ташкилотчи сизнинг кийим жавонингиз учун нима қилса, қўлингиздаги китоб ҳам сизнинг ҳаётингиз ва карерангиз учун шуни қилшини ўйланг. Тасаввур қилинг, агар сиз кийим жавонингизни ҳар куни тартибга келтирмасангиз нима содир бўлади? Жавонингиз сиз кийишни ёқтирмаган, токчада осилган бир нечта кийимлар билан покиза ҳамда тартибли турармиди? Албатта, бу ҳақиқатдан анча йироқ. Сиз жавонни тартибга солишга ақлан ёндашмас экансиз, жавон ҳам баъзан бошқа ҳеч қачон кийилмайдиган кийимлар билан тўлиб кетади. Бироқ сизда тартибли интизом бўлмас экан, сиз ё қанча кўп кийим-кечак билан бошлаган бўлсангиз, шунчаси билан тугатасиз: қайси бирини ташлаб юборишни билмай бошингиз қотади; ёки пушаймонлик билан якунланади: тасодифан кийиб юрган кийимингизни ташлаб юборасиз ва сақлаб қолишни хоҳлайдиган ёки кийилмайдиган, қутула олмайдиган тахлам кийимлар билан қоласиз. Сабаби шундаки, сиз уларни қаерга қўйишни ёки уларни нима қилишни билмайсиз.
Бизнинг кийим жавонимиз мутлақо кийилмайдиган кийимлар билан тўлиб боргани каби ҳаётимиз ҳам, "ҳа" дея усти-устига тахланиб кетган мажбурият ва фаолиятларга тўлади. Кўпчилик ҳаракатлар тугаш муддати билан келмайди. Агар сизда улардан узоқлашиш учун аниқ тамойил бўлмаса, бир ўрганиб қолинса, улар сизда бутун умр яшайди.
Қуйида эссенциалист жавонига қандай ёндашиши кераклиги келтирилган:
1. Тадқиқ қилинг ва баҳоланг
"Бу кийимни кийишга келажакда имкон бўладими?" саволи ўрнига бироз тартибли, мураккаброқ саволни ўртага ташланг: "Буни ёқтираманми?" "Унда чиройли кўринаманми?" ва "Кўп кияманми?" Жавобингиз тўғридан-тўғри йўқ бўлса, шуни билингки, бу кийим ташлаб юборишингиз керак бўлганлари ичида.
Шахсий ёки профессионал ҳаётингизда "қайси кийимни ёқтирасиз?" саволига тенг, эквивалент савол мавжуд: "Бу фаолият ёки ҳаракат мақсад етишим учун катта ҳисса қўшоладими (қўшяптими)?" Китобнинг дастлабки қисми булар қайси фаолиятлар эканлигини аниқлашга ёрдам беради.
2. Бартараф этиш
Тасаввур қилинг, сизда икки тахламга ажратилган кийимлар бор. Уларни қуйидагича номласак:
1-тўпламни "сақлаш керак" ва 2-тўпламни "катта эҳтимол билан воз кечилиши керак бўлган" дейлик. Аммо сиз "катта эҳтимол билан воз кечилиши керак бўлган" кийимларни сумкага жойлаш ва жўнатишга тайёрмисиз? Хуллас, бизда "sank-kost bias" ҳисси туғилади: изланишлар шуни аниқладики, тасарруфимиздаги нарсалардан воз кечишга тўғри келганда биз уларни янада кўпроқ баҳолашга мойилмиз. Шу сабабли ташлаб юборишда қийналамиз. Агар бунга ҳам қўшилишни хоҳламасангиз, унда ҳал қилувчи саволни ўзингиздан сўраб кўринг: "Агар мен эгалик қилмаганимда, буни сотиб олиш учун қанча тўлаган бўлардим?" Одатда, ечим шу ерда.
Бошқача айтганда, қайси фаолият ва ҳаракатлар юқори ҳисса қўшмаслигини аниқлашнинг ўзи кифоя қилмайди, уларни тарк этишингизга тўғри келади. Китобнинг иккинчи қисми сизга қандай қилиб кераксизларидан халос бўлишни ва нафақат буни, балки шу орқали ўз ҳамкасбларингиз, бошлиқларингиздан қандай ажралиб туришингизни кўрсатади. Мижозларингиз ва тенгдошларингиз олдида ҳурмат қазонишни ўрганасиз.
3. Бажариш
Сиз агар кийим жавонингизни покиза сақлашни хоҳласангиз, сизга буни ташкиллаштириш учун доимий тартиб керак. Бундан буёғига сизга керак бўлмайдиган буюмларни ташлаб юбориш учун катта халта ва қолган муҳимлари учун эса жуда кичкина тахлам бўлса бас. Сиз бундан ташқари чиқинди ташланадиган жой манзили ва маҳаллий хайрия фондининг иш вақтини билишингиз даркор. Сизда шу ерларга боришга вақт ажратилган бўлиши керак.
Бошқача қилиб айтганда, қайси фаолият ёки ҳаракатларни – сизнинг юқори ҳиссангизга лойиқларни – сақлашни ҳисоблай бошлаганда истакларингизга имкон қадар осон эришишни таъминловчи тизим керак бўлади. Бу китобда муҳим нарсаларга иложи борича осон эришиш жараёнини яратишни ўрганасиз.
Албатта, ҳаёт кийим жавонидаги кийим-кечакларга ўхшаб статик эмас. Кийимларимиз эрталаб қаерга қўйган бўлсак, ўша жойда туради (уйда ёш болалар бўлмаса!!!). Аммо бизнинг ҳаёт жавонимизга янги кийимлар, вақтга қараб янги талаблар доимий келиб туради. Тасаввур қилинг, сиз ҳар гал жавон эшигини очиқ қолдирсангиз, одамлар ўз кийимларини жойлаётганини, сиз ҳар куни эрталаб уни тозалаб кетасиз-у тушдан сўнг жавон чанг бўлиб ётганини кўрасиз. Афсуски, кўпчилигимизнинг ҳаётимиз бунинг яққол намунаси. Неча маротаба сиз ўз иш кунингизни режа асосида бошлагансиз-у, аммо соат 10 бўлиб-бўлмай режадан аллақачон ортда қолган ёки ундан чиқиб кетганингизни пайқагансиз? Ёки неча марта эрталаб "to do list (ишлар рўйхати)" тузгансиз-у, аммо соат 5 га етмай рўйхатдаги ишлар ҳали ҳам камаймаганини кўргансиз? Неча марта оилангиз билан дам олиш кунларини тинчгина уйингизда ўтказишни олдиндан режалаштирган эдингиз, бироқ шанба куни эрталаб иш, учрашув ёки кутилмаган фалокатлар туфайли ўтказиб юборгансиз? Яхши янгилик ҳам бор: чиқиш йўли мавжуд.
Эссенциализм бу – аслида ҳаёт жавонини бошқариш учун тизим яратиш асослари. Бу худди кийим жавонини ташкиллаштириш каби йилда бир, ойда бир, ёки ҳафтасига бир марта кўрсатиладиган ташаббус эмас. Бу ҳар гал "ҳа" ёки мулойимлик билан "йўқ" деб жавоб қайтаришдан биттасини танлашда, қарорлар қабул қилиш вақтида фойдаланиладиган интизомли тартибдир. Бу жуда кўп ва бир неча муҳим нарсалар ўртасида муқобил қиймат методи. Бу қандай қилиб кам, лекин самарали бажариш ҳақида. Шундай қилиб, сиз ҳаётингизнинг ҳар бир қимматли онларида юқори муваффақиятларга эришасиз.
Умид қиламизки, бу китоб сизга ўз ҳаётингиз учун тўғри яшаш лозимлигини, шахсий ва профессионал ҳаётингизда қандай унумдорликка эришиш методларини, нималар муҳим эканини фарқлаш, нималардан эса воз кечиш ва муҳим ҳисобланган нарсаларни қилишнинг систематик усулини ўргатади. Лўнда қилиб айтганда, бу сизга оддийликка интизом билан интилишни, қандай қилиб ҳаётингизнинг ҳар жабҳасига сингдиришни ўргатади. Мана унинг мазмуни нимада!
Йўл харитаси
Китоб тўрт қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисм "Эссенциалистнинг асосий моҳияти" деб номланади. Кейинги уч қисм ҳаётда сизга асқатадиган оддийликка интизом билан интилишнинг доимий равишдаги жараёнига бағишланади. Қуйида ҳар бир қисмнинг қисқача таснифи келтирилган.