Пахта-тўқимачилик кластерлари пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш

Text
Leseprobe
Als gelesen kennzeichnen
Wie Sie das Buch nach dem Kauf lesen
Schriftart:Kleiner AaGrößer Aa

1.3. Меҳнатни мухофаза қилиш соҳасида ҳуқуқий ҳудуд нормативлари

Меҳнатни мухофаза қилиш соҳасида ҳуқуқий ҳудуд узвий боғланган тўрт даражали ҳуқуқий нормативлардан: ягона, тармоқлараро; тармоқлар учун ва корхоналар нормативларидан ташкил топган.

Ягона ҳуқуқий нормативлар меҳнатни мухофаза қилиш соҳасида давлатни устивор принципларини ўрнатадиган асосий давлат ҳужжатларини: Ўзбекистон республикасининг конституцияси, меҳнат кодекси ва меҳнатни мухофаза қилиш қонунини ўз ичига олади.

Тармоқлараро ҳуқуқий нормативлар – меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги давлат ҳужжатлари бўлиб, уларда тармоқ белгилари бўлмаганлиги учун, иқтисодиётнинг барча тармоқларида қўлланилади. Уларга электр хавфсизлиги қоидалари, қурилиш ва таъмирлаш ишларини хавфсиз бажариш қоидалари, меҳнат хавфсизлиги тизимига киритилган меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими (МХСТ), айрим хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари билан ишлаш санитар қоидалари ва нормалари (СҚваН) ва б.қ. киради.

Тармоқ ҳуқуқий нормативлари – мамлакатнинг у ёки бу иқтисодиёт тармоғи хусусиятларига мос хавфсизлик талабларини аниқлайди: кимё, металлургия, тўқимачилик ва саноатнинг бошқа турлари хавфсизлиги қоидалари; пахта тозалаш саноати хавфсизлиги қоидалари ва б. қ. Бу ҳуқуқий нормативлар фақат муайян иқтисодиёт тармоғига мўлжалланган ва бошқа тармоқларда юридик кучга эга бўлмайди.

Меҳнатни муҳофаза қилишнинг тармоқлараро қоидалари Меҳнат вазирлиги томонидан, алоҳида тармоқ учун қоидалар эса тегишли тармоқ бошқарув органи томонидан тақдим этилиб Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари маълум муддат давомида фойдаланиш учун ёки чекланмаган муддатга тасдиқланади.

1.4. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар – меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича талаблар ўрнатадиган ва ишлаб чиқариш жараёнларини лойиҳалашда, ташкиллаштириш ва амалга оширишда, алоҳида иш турларини, ишлаб чиқариш ускуналари, қурилмалари, агрегатлари, машиналари, аппаратларидан фойдаланишда, шунингдек бошланғич материалларни, тайёр маҳсулотларни, моддаларни, ишлаб чиқариш чиқиндиларини ва б.қ. ташишда, сақлашда, қўллашда бажарилиши мажбурий бўлган меъёрий ҳужжатдир.

Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизимини (МХСТ) ҳаракатда бўлишини инкор этмайди, ҳамда қуйидагиларга қурилиш ва санитар меъёрлари ва қоидалари, шунингдек Ўзбекистон республикаси назорат органлари билан тасдиқланган қоидалар, хавфсизлик меъёрлари ва ҳужжатларга зид бўлмаслиги керак.

1.5. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича корхоналар нормативлари

Корхоналар нормативлари – фақат шу корхонада амалда бўлган меҳнатни мухофаза қилиш бўйича норматив ҳужжатлар (буйруқлар, қарорлар, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар) ни ўз ичига олади.

Битта ҳуқуқий ҳудудга киритилган нормативларнинг ҳар бири бир хил ҳуқуқий кучга эга, яъни корхонани иш жойини меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномасидаги меҳнат хавфсизлиги талабларини бажарилиши ишловчилар ва иш берувчилар учун Ўзбекистон республикаси конституцияси моддалари ёки тармоқ меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қоидалари талабларини бажариш билан бирдай мажбурийдир. Ҳуқуқий ҳудудга кирган ҳар бир норматив ҳужжат талабларини бузилганлиги учун бирдай жавобгарлик шакли назарда тутилади.

Давлат ва тегишли ижрочи органларни ҳуқуқий норматив ҳужжатлари асосида, корхоналар меҳнатни мухофаза қилиш бўйича корхоналар стандартларини, ишловчилар касблари ва алоҳида иш турлари учун меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.

Касаба уюшмалари қўмиталарининг ёки ишловчиларнинг бошқа вакиллик органлари меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ҳуқуқий норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва келишишда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Амалдаги меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими меҳнат хавфсизлигини стандартлаштириш масалаларини ечишга ва меҳнат хавфсизлиги талабларини стандартлар ва техник шартларга киритишга мўлжалланган.

Ўз таркиби бўйича меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими (МХСТ- ГОСТлар) бешта тизим ости стандартларидан тузилган, уларга: 12.0; 12.1; 12.2; 12.3; 12.4 тартиб рақамлари тақдим этилган.

Ташкилий-методик стандартлар (12.0). Бу стандартлар меҳнат хавфсизлигини баҳолаш методларини, хавфли ва зарарли омилларнинг синфланишини, меҳнат хавфсизлиги соҳасида мақсадлар, масалалар ва тузилишларни ўрнатади.

Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш турлари бўйича нормалар ва талаблар стандартлари (12.1). Бу стандартлар кўриниш, таъсир тавсифи, қийматни рухсатли чегараси ва назорат методларига ҳамда зарарли моддалар билан ишлашда хавфсизлик талабларини ўрнатади. Улар яна, ёнғин- ва портлаш хавфсизлиги, электр хавфсизлиги, радиация, титраш ва биология хавфсизлиги, шунингдек шовқиндан, инфра- ва ультратовушдан, электр магнити майдонидан, зарарли моддалардан ҳимояланиш талаблари, ёруғликка ва муҳит ҳавосига талабларни ўрнатади.

Ишлаб чиқариш ускуналари хавфсизлигига талаблар (12.2). Уларда бутунлай ускунани конструкциясига ва унинг алоҳида компонентларига, шунингдек хавфсизлик талаблари бажарилишини назорат қилиш методларига талаблар ўрнатилган.

Ишлаб чиқариш жараёнлари хавфсизлигига талаблар стандартлари (12.3). Уларга ускуналарни жойлаштириш ва иш жойларини ташкиллаштириш, технология ускуналарини ишлаш тартиблари, иш жойлари ва меҳнат тартиби, бошқарув системаларига талаблар ҳамда хавфсизлик талаблари бажарилишини назорат қилиш киритилган.

Ишловчиларни ҳимоя воситаларига талаблар стандартлари (12.4). Бу стандартлар ҳимоя воситаларини синфлайди ва алоҳида синфлар ва ҳимоя қурилмалари турларини фойдаланиш, конструкцияси ва гигиенаси кўрсаткичларига, шунингдек уларнинг ёрдамчи ускуналари, ҳимояловчи ва сақловчи чегараловчилари, тўсқичлагичлари, сигналлаштиргичлари, ишончлилик ва мустаҳкамлигига, қўллар, бошни, нафас олиш ва эшитиш органлари ҳимоя воситаларига ва б.қ. га талабларни киритиб назорат ва ҳимояни баҳолаш методларини ўрнатади.

Меҳнатни мухофаза қилишнинг техник ва санитар нормалари ҳамда меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими талаблари алоҳида ишлар ва ишлаб чиқариш жараёнлари учун «Нормалар ва қоидалар» орқали халқ хўжалиги тармоқларига тадбиқ қилинади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат томонидан қўйиладиган меъёрий талабларга биноан, меҳнатни муҳофаза қилишдан меъёрий ҳужжатлар, қоидалар ва йўриқномаларни ишлаб чиқиш тартиби, келишуви, тасдиқланиши, ҳисобга олиниши, чоп этилиши, тарқатилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва йўриқномаларни бекор килиниши, уларни тузилишига қўйиладиган талаблар, мазмуни, расмийлаштирилиши ва белгиланиши, уларни текшириш тартиби, кўриб чиқилиши ва улар билан корхоналарни таъминланиши ҳамда уларга риоя этилишини назорат қилиш ва текшириб туриш тартиби ўрнатилган.

1.6. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома – ишлаб чиқариш участкаларида, корхонани ҳудудида, қурилиш майдончаларида ва бошқа ишларни бажаришда ва хизматлар кўрсатишда меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари ўрнатиладиган меъёрий ҳужжатдир.

Меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари намунавий (тармоқники ёки тармоқлараро) ва корхоналар ишловчилари учун бўлади (алоҳида лавозимлар, касблар ва иш турлари учун).

Намунавий йўриқномалар хўжалик юритувчи органлар томонидан, тегишли касаба уюшмалари билан келишилиб, тасдиқланилади.

Тармоқда намунавий йўриқнома сифатида бошқа тармоқни намунавий йўриқномаси ҳам қабул қилиниши мумкин, бунда шу йўриқномани тасдиқлаган хўжалик юритиш органи билан келишиш керак бўлади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар лавозимлар бўйича (Бошқарув раиси, бош мухандис, бош бухгалтер ва ҳ.к.), алоҳида касблар бўйича (электрпайвандчи, электромонтёр, лаборантлар, чилангарлар ва ҳ.к.), алоҳида ишлар учун (баландликда ишлайдиган ишчилар учун, таъмирлаш ишлари, тажриба-синов ишларини ўтказиш ва ҳ.к.) ишлаб чиқилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномаларини штат жадвалига биноан ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ишловчилар учун намунавий йўриқномалар қуйидаги бўлимлардан иборат бўлади:

умумий хавфсизлик талаблари;

ишни бошлашдан олдинги хавфсизлик талаблари;

ишни бажаришда хавфсизлик талаблари;

авария ҳолатларда хавфсизлик талаблари;

иш бажарилгандан кейин хавфсизлик талаблари.

Керак бўлганда йўриқномаларга янги, қўшимча бўлимлар киритилади.

Киритилаётган янги ишлаб чиқариш корхоналари ишловчилари учун вақтинчалик йўриқномалар ишлаб чиқилишига рухсат берилади. Вақтинчалик йўриқномалар теҳнологик жараёнларни хавфсиз бажарилишини ва ускуналарни хавфсиз ишлатилишини таъминлаши керак.

Барча лавозимли шахслар учун йўриқномалар, тегишли касаба уюшмалари ва меҳнатни мухофаза қилиш хизмати, керак бўлганда бошқа хизматлар билан келишилиб, корхона раҳбари томонидан тасдиқланилади.

Йўриқномалардан ишга қабул қилинаётган барча ишловчиларга кириш йўл-йўриғини, иш жойидаги дастлабки ва кейинчалик ҳар чоракда ўтказиладиган даврий йўл-йўриқларини, меҳнат қилиш хусусиятлари ўзгарганда навбатдан ташқари ҳамда бевосита мутахассислик бўйича мажбуриятлар билан боғланмаган бир маротабалик ишларни бажаришда (юклаш, тушириш, ҳудудларни тозалаш, наряд – рухсат расмийлаштирилиши керак бўлган ишларни бажариш ва ҳ.к.) ўтказиладиган мақсадли йўл-йўриқларни беришда фойдаланилади. Ишловчилар учун йўриқномалар дастлабки йўл-йўриқ ўтказишда, йўл-йўриқ шахсий карточкасига қўл қўйдирилиб, ишловчиларга берилиши ёки иш жойлари, ёхуд участкаларда осиб қўйилиши, ишловчилар фойдалана олиши мумкин бўлган жойда сақланиши керак.

Йўриқномаларни ишловчилар томонидан ўрганилишини иш берувчи таъминлайди.

Ишловчилар учун йўриқнома талабларини бажариш мажбурийдир.

Бу талабларни бажармаслик меҳнат интизомига риоя этмаслик даражасида тушунилади, ва тегишли чора кўрилади.

Персонал билан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишлаш ишлаб чиқариш фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Ушбу фаолият хавфсизликни, ишончлиликни ва корхонани ишини самародорлигини таъминлайди, ва қуйидаги асосий вазифаларни бажаришга:

 

ишга қабул қилинаётган шахсларни малакасини иш ўрни тавсифига ва ишлаб чиқариш шароитларига мослигини таъминлаш;

ишни мустақил бошлашдан олдин ишловчиларда, шунингдек, махсус билимлар талаб қилинадиган, тегишли назорат органларининг рухсати бўлиши лозим бўлган ишларни бажаришда ҳам, керакли билимлар ва тажриба орттирилишини таъминлаш;

меҳнат фаолияти жараёнида керакли билимлар ва малакани сақланиши, ишлаб чиқариш малакасини ривожлантириб борилиши;

ишлаб чиқариш шароитлари ўзгарганда билимларни ва малакани такомиллаштириш;

ишловчиларни меҳнат фаолияти жараёнида касбий билимлари ва малакасини доимий ва систематик равишда назорат қилиш;

ишларни хавфсиз бажаришни илғор усулларини ўрганиш ва қўллаш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар, меъёрлар ва йўриқномаларни персонал томонидан риоя қилинишини мажбурийлик ҳиссида тарбиялашга йўналтирилган бўлади.

1.7. Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлашнинг стандартларини ишлаб чиқиш

Корхоналарда асосан меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизимининг ташкилий-методик стандартлари ишлаб чиқилиб, қуйидагилар стандартлаштириш объектлари бўлади: корхонада меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкиллаштириш, режалаштириш ва рағбатлантириш тартиби; ишловчиларни меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитишни ва йўл-йуриқ беришни ташкиллаштириш; хавфи юқори бўлган объектларни назорат қилиш; меҳнат хавфсизлигини назоратини ташкиллаштириш; хавфи юқори даражада бўлган объектларга хизмат кўрсатувчи шахсларни аттестация қилиш; корхона бўлинмалари ва хизматларида меҳнат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни баҳолаш методикаси; корхонада ишлаб чиқаришда олинган тан жароҳатланишлари ва касб касалликлари сабабларини тахлил қилиш тартиби; корхонани конструкциявий ва технологик ҳужжатларига хавфсизлик талабларини киритиш тартиби; корхонада ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкиллаштириш; меҳнат хавфсизлигини баҳолаш учун ўлчашлар ўтказиш тартиби ва методлари; МХСТ ни тадбиқ қилиш ва унга риоя этиш назоратини ташкиллаштириш; ҳимоя воситалари билан таъминлаш, ундан фойдаланиш ва сақлашда хизмат кўрсатиш талаблари ва бошқалар.

Меҳнатни мухофаза қилиш йўриқномаси маълум иш жойида муайян ишни бажараётган ишчига мўлжалланган бўлса, корхона стандартлари йўриқномалар ишлаб чиқувчи шахсларга йўналтирилган бўлади.

Корхонада ишлаб чиқилиши керак бўлган стандартлар рўйхати бош инженер тасдиқлайдиган рўйхат асосида олиб борилади. Ишлаб чиқилиши керак бўлган стандартлар рўйхати асосида корхонада буйруқ чиқарилади ва стандартларни тадбиқ этиш ташкилий-техник тадбирлари режаси тасдиқланади.

МХСТ-ни корхонани таркибий бўлинмалари ва хизматларида тадбиқ этилишини назоратини корхонани меҳнатни мухофаза қилиш хизмати олиб боради.

Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қуйидаги ҳужжатлар:

меҳнат шароитларини яхшилаш ва меҳнатни мухофаза қилиш, санитар-соғломлаштириш тадбирлари бўлими бўлган жамоа шартномаси;

иш жойларини аттестациялаш ҳаритаси;

меҳнатни мухофаза қилиш хизматининг чораклик иш режаси;

ишлаб чиқаришга стандартларни тадбиқ этиш далолатномалари;

ишчилар ва инженер-техник ходимларни меҳнат хавфсизлигидан ўқитиш, йўл-йурик бериш ва билимларни текшириш дастурлари;

корхона раҳбарлари ва инженер-техник ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича лавозим мажбуриятлари;

корхонани барча касб ишловчилари учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маҳаллий йўриқномалар ва бошқалар ишлаб чиқилади ва юритилади.

1.8. Меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини назорат қилиш

Меҳнатни мухофаза қилишнинг ҳолати ва ишлаб чиқаришда хавфсизлик нормалари ва қоидаларига риоя қилиниши устидан давлат, тармоқ ва жамоа назорати ўрнатилган.

Ўзбекистонда меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари риоя қилиниши устидан давлат текшируви ва назоратини, корхона маъмурияти фаолиятига боғлиқ бўлмаган, давлат органлари: Меҳнат вазирлиги меҳнат қонунларини, меҳнатни муҳофаза қилишни барча нормалари ва қоидаларини бажарилишини назоратини олиб боради. Давлат санитар-эпидемиологик назоратини Соғлиқни сақлаш вазирлиги органлари олиб боради. Бунда корхоналар томонидан санитар-гигиена ва санитар-эпидемияга қарши нормалар ва қоидаларни бажарилишини назорати олиб борилади. Энергетика вазирлиги қошидаги Давлат энергия назорати ускуналарни тўғри ўрнатиш ва электр ускуналардан тўғри фойдаланиш устидан назорат олиб боради. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғиндан сақлаш бошқармаси бино-иншоотларни қуриш, технология жараёнларини бажариш, технологик ускуналардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини текшириб, технологик жараёнларни бажаришда, шунингдек, ускуналар, бино ва иншоотлардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларини бажарилиши устидан назоратни олиб боради.

Ундан ташқари республика прокуратураси, адлия вазирлиги ҳамда тоғ-кон ва саноат назорати, йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекциялари, табиатни мухофаза қилиш қўмиталари давлат назоратини олиб борадилар.

Тармоқ назоратини тегишли вазирлик, уюшма, концерн, корпорация амалга оширади.

Жамоа назоратини (меҳнатни мухофаза қилиш қонунларининг бажарилиши устидан) касаба уюшмалари, экологик хавсизликни таъминлаш ва санитар-соғломлаштириш тадбирларини назоратини халқаро «ЭКОСАН» жамғармаси олиб борадилар.

Меҳнатни мухофаза қилишнинг асосий вазифаси ҳозирда мавжуд ва янгидан вужудга келаётган нохуш омилларни доимий равишда ўрганиш, хавфсиз ва зарарсиз меҳнат қилишни таъминлайдиган тадбирларни ишлаб чиқиш ва бажаришдан иборат.

Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаган айбдор шахслар, шартномалар ва келишувларда, меҳнат шартномаларида назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлар ёки меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини риоя қилинишига масъул давлат назорат ва текширув органларига қаршилик кўрсатганлар ҳамда жамоа назоратини олиб борувчиларга тўсқинлик қилганларга нисбатан интизомий, маъмурий, фуқаро-ҳуқуқий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилади.

Интизомий жавобгарликка хайфсан бериш, ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиш, ишга маст ҳолда, наркотик ёки заҳарли моддалар истеъмол қилган ҳолда келганлиги учун ходимга ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ва ишдан бўшатиш киради. Ҳар бир хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо берилади ва у амал қилиб турган муддатда ходим рағбатлантирилмайди.

Маъмурий жавобгарлик, назорат органлари томонидан, лавозимли шахслар жаримага солиниб (тортилиб) амалга оширилади.

Меҳнат мажбуриятларини бажариш пайтида ўз айби билан корхонага моддий зиён етказган ишловчиларга нисбатан моддий жавобгарлик чора-тадбирлари қўлланилади.

Лавозимли шахсларнинг техника, ёнғин ва саноат санитарияси қоидаларини бузганлиги учун жиноий жавобгарлигида жарима, ишдан бўшатиш ёки ахлок тузатиш ишлари ҳамда бир йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.

Корхонада меҳнат тартиби иш берувчи ва ходимларнинг касаба уюшмаси қўмитаси ёки бошқа вакиллик органи билан келишилиб тасдиқлайдиган ички меҳнат тартиби қоидалари билан билан белгиланади.

Пахта тозалаш корхоналари учун намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларида [16] ишчи ва хизматчиларни ишга қабул қилиш ҳамда ишдан бўшатиш, ишчи ва хизматчиларнинг асосий меҳнат мажбуриятлари, иш берувчининг (унинг вакилининг) асосий мажбуриятлари, иш вақти ва унинг фойдаланилиши, ишдаги муваффақиятлари учун рағбатлантириш, меҳнат интизомини бузганлик учун жавобгарлик ва бошқалар кўрсатилган.

1.9. Корхонада меҳнат хавфсизлигининг уч босқичли назоратини олиб бориш тартиби ва муддатлари

Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича уч босқичли маъмурий жамоа назорати корхонанинг барча иш жойлари, участкалари, цехлари ва бошқа ҳудудларида меҳнат шароитлари ва хавфсизлигининг ҳолати ҳамда барча хизматлар, мансабдор шахслар ва ишчилар томонидан меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қонунлар, қоидалар йўриқномалар ва бошқа норматив-техник ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилишнинг асосий шаклидир. Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилишнинг уч босқичли назоратининг биринчи босқичида корхонанинг барча бўлинмаларида ҳар куни иш жойларининг хавфсизлик ҳолатини, ускуналар созлигини, ҳимояловчи тўсиқлар борлиги, тўсқичлагичлар ўрнатилганлиги ва уларнинг созлигини, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланилаётганлигини ва бошқаларни назорат қилади. Аниқланган камчилликлар махсус журналда қайд қилиниб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Уч босқичли назоратнинг иккинчи босқичида цех бошлиғи, тайёрлов маскани бошлиғи, смена устаси, тегишли цех (тайёрлов маскани) касаба уюшмасининг меҳнатни мухофаза қилиш бўйича комиссиясининг раиси, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича мухандис ва цех шифокори камида ойига икки марта цехда, тайёрлов масканида, ишлаб чиқариш участкасида меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини назоратини олиб боради. Иш жойларида ҳамда бутунлай цехлар ва тайёрлов масканларида аниқланган камчиликлар махсус журналда қайд этилиб уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Учинчи босқични корхона бош мухандиси, корхона касаба уюшмасининг раиси, корхона шифокори, меҳнат хавфсизлиги бўлимининг бошлиғи, бош механик ва бош энергетик билан биргаликда ойида бир марта корхона цехлари, участкалари ва тайёрлов масканларида меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини назорат қилиб турадилар. Текширув натижалари корхона раҳбари ёки бош мухандиси ҳузуридаги цех, участка ва тайёрлов масканлари бошлиқларини ишлаб чиқариш бўйича йиғилишида муҳокама қилинади ҳамда камчиликларни бартараф этиш, меҳнат шароитларини яхшилаш тадбирлари, уларни бажариш муддатлари ва бажарувчилари кўрсатилган буйруқ билан расмийлаштирилади ва унинг амалий бажарилиши таъминланади.

1.10. Меҳнатни муҳофаза қилишни иқтисодий аспектлари

Меҳнат шароитлари, ва шунингдек, жароҳатланиш, ўлим ва касб касаллигига чалиниш нафақат алоҳида инсонлар ва уларнинг оилаларига, жамиятга, шу билан бирга муайян корхона, регион ва ҳатто мамлакат иқтисодиётига ҳам таъсир қилади. Хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини яратишни ижобий иқтисодий натижаларига: меҳнат унумдорлигини ошиши; меҳнат ресурсларининг сақланиши ва ишловчиларни касбий фаоллигини ошиши; ва шу икки кўрсаткични яхшиланиши эвазига миллий маҳсулотни кўпайиши киради.

Меҳнат унумдорлигини ошиши муддатидан олдин чарчаб қолишни олди олинганлиги, кичик жароҳатланишлар камайганлиги ҳамда жароҳатланишлар, умумий ва касб касалликларига чалинишлар камайганлиги натижасида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ва ишда тўхтаб қолиш вақтлари камайганлиги эвазига содир бўлади.

Меҳнат ресурсларининг сақланиши ишловчилар ҳаёти давомийлигини ошиши, шунинг учун меҳнат стажи ва касб маҳоратининг ошиши, шунингдек, пенсионерлар меҳнатидан уларга мос иш ўринларида фойдаланиш билан боғланган.

Бундан ташқари, зарарли шароитларда ишлаганлик учун имтиёз ва компенсация харажатлари (қисқартирилган иш куни, қўшимча татил, оширилган тариф ставкалари, имтиёзли пенсия, сут ва пархез овқатларнинг текин берилиши) корхонанинг иқтисодий ҳолатига таъсир этмай қолмайди. Ноқулай меҳнат шароитлари билан боғлиқ кадрлар қўнимсизлиги ҳам харажатларнинг кўпайишига (янги ходимларни излаш, уларни ўқитиш ва ишни бошлаш даврида камроқ иш унумдорлигида ва кўпроқ хатолар билан ишлашини инобатга олиб уларни ишга мослаштириш ва б.қ.) олиб келади.

Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикасида иш берувчиларни меҳнат шароитларини яхшилашга йўналтирувчи иқтисодий манфаатлантириш етарли даражада эмаслиги ва кам самаралилиги кейинги пайтларда зарарли ва хавфли меҳнат шароитли иш ўринларини кўпайиб боришига олиб келмоқда.