Танланган асарлар

Text
0
Kritiken
Leseprobe
Als gelesen kennzeichnen
Wie Sie das Buch nach dem Kauf lesen
  • Nur Lesen auf LitRes Lesen
Schriftart:Kleiner AaGrößer Aa

Тўқайда

Қуёш терак бўйи кўтарилиб, сийрак сур булутлар орасидан мўралайди. Ҳаммаёқ қор. Худди кампирнинг тишларидек сийрак ва бетартиб тушган овулнинг паст-паст уйлари гўё зил-замбил қордан ерга кириб кетгудай, майишиб турибди. Мўрилардан чиққан тутунлар эринибгина осмонга ўрлайди, худди совуқ қотгандай… Том орқаларидаги четини шох-шабба билан айлантириб ўраб қўйилган пичанлар атрофида қўй ва сигирлар «курт-курт» хашак чайнайди. Молларнинг бурун катаклари, кўзу қошларини оппоқ қиров босган, пишиллаган сайин бурунларидан оппоқ буғ отилиб чиқади.

Асет иккаламиз келаётган йўлга бизлардан аввалроқ из тушибди: битта чена ўтибди. Икки-учта от туёғининг изи, бир-иккита одам изи ҳам… Совуқ нақ бурунларимизни узиб олгудай чимчилайди. Иккаламиз ҳам қалин кийинганмиз. Мен ўзимнинг ботинкамни ечиб, сал каттароқ бўлса ҳам Жапақ амакимнинг этигини пайтавани қалин ўраб кийиб олганман. Бошимда Бойтемирнинг қоракўлдан тиктирилган қулоқчини. Асетнинг бошида тулки тумоқ, устида ўзининг почапўстини, оёғида қалин кигиз этик, ҳақиқий овчиларга ўхшайди. Оғзини ерга қаратиб елкасига осиб олган Бойтемирларнинг қўшоғиз милтиғи қор чизиб келяпти. Ҳар эҳтимолга қарши, деб йўғон каноп арқонга Бўрибосарни боғлаб, етаклаб олган. Ит орқага тортади. Асет олдинга… Бир тўп уйга яқинлашиб қолганимизда икки-учта ит чиқиб роса вовиллашди. Улар вовиллашса, Асетнинг ити думини оёқларининг орасига тиқиб, ғингшиб бизларга келиб тиқилади. Бунақа қўрқоқ итни биринчи марта кўришим. Овул рўпарасидан ўтаётиб қаёқдандир болаларнинг гурр этиб кулгани эшитилди. Ялт этиб қарадик. Том кураётган болалар бизларга қараб кулишаётган экан. Нарироқ ўтсак, уч-тўртта қизлар ҳовли кураётибди. Бир-иккита бола молхонани тозалаб, тезак-молоқларни замбилда ташқарига олиб чиқишяпти.

– Булар ҳам бизларга ўхшаб қорхат олганлар, – деди Асет итини тортиб.

Ростини айтсам, энди Асетга: «Бўлмас экан, уйга қайта қолайлик», демоқчи бўлиб турган эдим, ҳалигиларни кўриб индамадим.

Тиззадан қор кечиб овулдан анча узоқлашиб кетдик. Совуқ қотиб оғзим гапга қовушмай қолди.

– Асет, вир олов ёқив, исинив олвайвизви? – дедим зўрға.

Ёзда қумғондан сув ичаётиб лабимни ари чақиб олганда шундай гапиролмай қолган эдим. Ўз гапимдан ўзимнинг кулгим қистаб кетди. Бироқ кулолмадим. Асет ялт этиб менга қаради. Тумоғининг боғичлари оппоқ қиров бўлиб қолибди. Қошлари ҳам. Тиржайиб кулди. Худди соч-соқоли оппоқ чол кулгандай…

– Тўқайга етайлик, кейин. Бу ерда ёқадиган нарса ҳам йўқ, – деди кулиб. – Тез-тез юрсанг исиб кетасан. Қани, кетдик!

Ҳаш-паш дегунча у мендан анча узоқлашиб кетди. Қор қалин, бунинг устига овулдан чиққандан кейин йўлсиз даладан юриш қийинлашди. Асет учун мен ҳам Бўрибосарга ўхшаб оёққа тушов бўлиб қолдим. Илгарилаган сайин битта-яримта ёввойи жийда, жинғил, тўранғил учрай бошлади. Шохлари қордан салқи тушган. Сал тегиб кетсанг, дув қор тўкилади. Бора-бора қинғир-қийшиқ ўсган дарахтлар кўпая борди.

– Тўқайга яқинлашиб қолдик, – деди Асет тўхтаб. Унинг олдига бордим. – Мана, ов изи ҳам чиқиб қолди… Қани, топ-чи, бу ниманинг изи?

Бундай энгашиб қарасам, мушукникига ўхшайди. Қор қалин бўлгани учун қорни қорга тегиб изни суркаб кетибди, деб ўйладим.

– Мушукники.

– Мушук шунчалик узун бўладими? Буни қара, олдинги оёғи билан орқа оёғи изининг ораси ярим метрча келади. Бу тулкиники, – деди Асет. – Кўрмайсанми, изни думи билан текислаб кетибди.

У милтиғига ўқ жойлаб, олдинга юрган эди, Бўрибосар ғингшиб, орқага тисланди. Кўриб турибман, Асетнинг жаҳли чиқиб кетди. Бўйнига арқонни маҳкам ўраб қўйиб юборди.

– Йўқол! – Бўрибосар думини сонига қисганича ғингшиб овулга қараб қочди. – Бўйнидан бойлаган ит овга ярамайди! Милтиқдан қўрқади. Кузда қозон-товоққа текканида сочмасиз қуруқ дори билан отган эдим, шундан бери қўрқиб қолган. Милтиқдан қочади.

Бўрибосарнинг қораси кўринмай кетди. Бироқ ҳалиги Асетнинг: «Бўйнидан бойлаган ит овга ярамайди», деган гапи менга ҳам сал тегиб кетди. Кейин олов ёқиб исиниш тўғрисида лом-мим демадим. Асет ов изига тушса, қаттиқ юраркан. Орқасидан эргашаман, деб терлаб кетдим. Из бизларни айлантириб тўқайга бошлаб кирди. Вой у жойдаги изларни! Минг хил. Қуённики дейсизми, тулкиники дейсизми, турли қушларники дейсизми… ўҳ-ҳў, жуда кўп!

Қалин қамишзор орасига шўнғиб кетдик. Қамиш поялари оппоқ қиров. Тегиб кетсанг, шохидаги оппоқ қор, қировлар елкаларингга, бўйинларингга дув этиб тўкилади, танангни жунжиктиради. Бир маҳал тўхтаб атрофга қулоқ солдик. Қаердадир қамишлар орасида бир қирғовул сайраб ўз шеригини чақирарди, ўқтин-ўқтин гумбурлаб милтиқ отилади. Унинг товуши бизларга зўрға бўғиқ етиб келади…

Мен мўлтираб Асетнинг кўзларига қарадим:

– Адашдикми?

– Ова, – деди у кулиб. Жаҳлим чиқиб кетди.

– Нега куласан? Ундан кўра, тезроқ кетайлик бу ердан.

– Ҳа, қўрқяпсанми?

– Қўрқаётганим йўғу… – деб ғудрандим, – тўқайдан ташқарида ҳам қуён бордир.

Асет гапимга унча аҳамият бермай, қамишларнинг қалинроқ ўсган жойига кириб кетди. Ёлғиз туришга қўрқиб, мен ҳам унга эргашдим.

– Қаёққа?

– Буёққа кел, – деди у қамишлар орасидан.

Борсам, бир тўп қамишга қараб турган экан.

– Овулимиз мана бу томонда, ўша ёққа юришимиз керак.

– Қаёқдан биласан?

– Мана шу қамишга қара,– деди қўлини чўзиб. – Кўрдингми, япроғи бир томондан ўсган-а?

– Ҳовва.

– Япроқ қайси томонда кўпроқ ўсади?

– Мен қаёқдан биламан?

– Ботаникадан мазанг йўқ, – деди Асет катта кишилардай. – Бундан сўнг эсингдан чиқарма. Қамишнинг япроғи доим кун чиқадиган тарафга қараб ўсади. Овулимиз қаёқда? Кунчиқиш томонда. Демак, қамишнинг япроғи ўсган томонга қараб юрсак, адашмаймиз. Тушундингми, ўртоқ шоир?

Мен унга қойил қолиб, бошимни силкидим.

– Тушунган бўлсанг, кетдик.

– Аму бўйларида йўлбарс бор, дейишади. Шу ростми?

– Рост. Ўтган йили Оллоберган оға биттасини мана шу тўқайда отган.

Шу гапдан сўнг мен Асетдан орқада қолмайдиган бўлдим. У қамишларни қўли билан ёриб, шатур-шутур қилиб олдинда боряпти. Мен орқада қоқила-сурила келяпман. Худди орқамдан йўлбарс қувлаб келаётгандай юракларим гуп-гуп уради. Бир маҳал қўшоғизнинг тепкисига кўзим тушиб қолди: очиқ турипти!

– Асет, Асет, тўхта, – дедим жонҳолатда.

– Нима дейсан?

– Милтиқнинг тепкисини қайтариб қўй!

– Э, шунгами, – деб Асет гўё ҳеч нарса бўлмагандай олдинга юра бошлади.

– Қайтариб қўй, бўлмаса отилиб кетади. Тортмасига қамиш-памиш кириб қолса…

– Мунча ваҳима қилмасанг! – у авайлаб тепкини орқасига қайтариб қўйди.

Асетнинг қизиқ одати бор экан. Шох-шабба тегиб кетса отилиб кетишини ўзи ҳам билади. Кўриб турибман, эсидан чиққан. Шуни мен эсига солганим учун атайлаб қилган бўлиб келяпти. Албатта мени ялинтириб, кейин қайтариши керак.

Шундай бир-биримиз билан овора бўлиб келаётганимизда олдимиздан бир нарса аввалига шитир этди-ю, кейинига пар-р-р этиб учди. Иккаламизнинг рангимизда ҳам қон қолмади. Мен орқамга икки қадамча тисарилдим. Асетнинг қўли қалт-қалт қилади. Жаҳли чиқиб турибди.

– Мана, битта семиз қирғовулдан ажраб қолдик, – деди хафа бўлиб. – Ҳали милтиқнинг тепкиси очиқ турганда отган бўлардик.

Индамадим.

…Бироз юрганимиздан кейин тўқайдан чиқа бошладик. Узоқ-узоқлардан милтиқнинг бўғиқ тову-ши келади. Қаердадир, яқин ўртада овчиларнинг қий-чуви, қийқириғи эшитилади. Асет товуш чиққан томонга қараб туриб:

– Овчилар, – деди. – Този билан қуён овлашиб юрган бўлса керак.

Сал вақт ўтмай, икки отлиқ тўқай ичидан қорни чангитиб чопиб чиқди. От устидагилар олдинга қараб, қамчинларини ҳавода ўйнатишиб, бир-бирларига гал беришмай қийқиришар, биридан бири ўзишиб чопишар эди.

– Ҳув анавини қара, – деди Асет тахминан отлиқлар чопиб келаётган жойдан икки юз-уч юз метрча олдинни кўрсатиб. – Този. Қуённи қувлаб кетяпти!

Қарасам, бир сур този! Ўзи ҳам каттакон, узун. Чопганида яна ҳам чўзилиб кетарканми? Този яқинлашай деб қолганида қуён бир томонга чап беради, този бўлса эпкини билан анча жойгача қорни чангитиб сурилиб ўтиб кетади. Яна ўзини ўнглаб изига тушаман дегунча, қуён анча жойга бориб қолади. Яна етай деб қолганида чап беради… Тағин узоқлашади. Този тағин қорни чангитиб қувади.

– Жуда эпақаси йўқ този экан, – деди Асет қараб туриб. – Яхши този қуённи ўзидан бунчалик узоқлаштирмайди. Дарров етиб, олдинги оёғи билан чалиб йиқитади. Кейин қуён ўзини ўнглаб тураман дегунча босади. Кетдик!

Овчиларнинг қийқириқлари узоқлашиб кетди. Аста илгариладик. Қуённинг қочиши ҳалигидай бўлса, бизлар икки дунёда ҳам етолмасак керак, деб ўйлаб келяпман. Тўқайдан чиқиб олганимиздан кейин бояги ваҳима сал босилай деди. Шундан хурсандман. Ҳар ҳолда, атроф-теваракда одамлар бор.

Олдимиздан бир из чиқди. Қуённики экан. Асетнинг айтишига қараганда, ҳозиргина ўтибди. Орқасига тушдик. Йўталиш ҳам йўқ. Из эгри-бугри юриб бир ёвшанга ўхшаган гиёҳга бориб чўрт орқага қайтди. Биз ҳам орқага қайтдик. Тахминан, юз метрча ерга борганимизда из бирдан йўқолди. Қуён турган жойида бир-икки марта айланибди. Кейин из йўқ… Осмонга чиқиб кетганини ҳам билмайсан, ерга кириб кетганини ҳам! Йўқ, қизиқ, қаёққа кетган экан-а?!

Асет шошилиб милтиқнинг тепкисини орқасига қайтарди-да, атрофга аланглай бошлади.

– Нима қилмоқчисан? – дедим.

– Шу атрофда бўлиши керак, – деди Асет эҳтиётлик билан. – Товушингни чиқарма.

– Қандай қилиб?

– Қуён чарчаб ётгиси келса, из адаштириш учун қинғир-қийшиқ юриб келиб, кейин ўн-ўн беш метрча жойга сакраб, ўша ерда ётади, – деди у атрофдаги гиёҳларнинг орасига авайлаб қараб. – Сен ҳам қарагин.

Мен ҳам эҳтиёт бўлиб энгашиб қарай бошладим. Бир ёвшан тагида сур жун ётгандек кўринди назаримда. Бундоқ энгашиб қарасам, қуён! Кўзлари бақрайиб, бизларга қараб ётибди. Секин Асетни туртдим.

– Ана!

– Қани?

– Секин, кўзлари очиқ.

– Кўрдим. Ухлаб ётибди, – деди Асет.

– Уйғоқ, – дедим шивирлаб.

– Уйғоқ бўлса қочиб кетмайдими? – деди Асет аста милтиғини тўғрилаб. – Қуён кўзини юммай ухлайди.

 

Асет авайлаб нишонга олди. Қулоқларимни бекитиб, кўзларимни чирт юмдим. Бирдан милтиқ қарсиллаб кетди! Чўчиб тушиб қуён ётган жойга қарадим. Бечора, жонҳолатда икки-уч метрча жойга сакраб, қор устида типирчилай бошлади. Иккаламиз ҳам чопиб бордик. Юмшоқ қор устида қон томчилари… Қуён ҳали ҳам типирчилар эди.

– Пичоқ! – деди Асет шошилиб.

Пичоқ менинг чўнтагимда эди, шошганда лаббай топилмас, дегандай қани чиқса! Асет милтиқни қор устига ташлаб, пичоқни олиб, бечора қуённинг бўғзига тақади… Қуён орқа оёқларини бир чўзди-ю, қимирламай қолди. Оппоқ қор усти қип-қизил қонга беланди… Бироз қараб тургач, Асет милтиқнинг оғзига қон суркади. Қуённинг бошини осилтириб, худди катта овчилардай, орқа оёқларидан белидаги камарига осиб, боғлаб олди. Иккаламиз ҳам хурсанд эдик.

– Ҳув тепага чиқиб бирпас дам оламиз, – деди у жилмайиб. – Кейин қирғовулни қотирсак…

Оғзимнинг таноби қочиб унга эргашдим. Икки кўзим қуёнда. Шундай ботир, эпчил ўртоғим ҳеч қачон доғда қолдирмайди. Қара, табиат ҳақида билмаган нарсаси йўқ. Қор устидаги ов изларини худди алифбени ўқигандай: «қуённики», «тулкиники», «қарсақники», «қирғовулники»… деб қоқилмай-тутилмай ўқийди, билади. «Қани энди, – деб ўйлайман ичимда, – Самад қув, Маҳфуза, Ўринбойлар кўрса бу юрганимизни! Ҳеч нарса қўшмай фақат бўлган нарсаларни айтиб берсам ҳам ишонишмайди улар. Аксига олиб аппаратни ташлаб чиққанимни қаранг. Аттанг, шу кетишида Асетни суратга олганимда ажойиб бўларди».

Тепага чиқиб бирпас дам олдик. Асет ўнта ўқ олган экан. Энди биттаси отилди. Ўҳ-ҳў, тўққизтаси билан битта қирғовул отолмаймизми?

– Олов ёқамизми? – деб сўраб қолди Асет.

– Ўзи терлаб турибман-ку, – дедим. – Энди қирғовулни қаердан топамиз?

– Тўқайдан. Бу ерларда бўлмайди. Буталар кўпроқ, қалинроқ жойда бўлади.

– Тағин орқага қайтамизми?

– Ова.

– Тоза ташвиш экан-да.

– Мен ўйлаб чиқардимми шуни? – деб қолди Асет жилмайиб. Бу гап менга тегиб кетди. Индамадим. Ўзи шундай, нуқул бир нарса ўйлаб топаман-у, ўша ўйлаб топган нарсамни исботлаш учун қийналиб юраман. Мана, бу ерда ҳам қорхат ўргатиб балога қолдим. Қилмасам, гапирган гапим бекор қолса? Буёқларга келишда ҳам шундай бўлган эди. Агар эсингизда бўлса, Қалли отани отрядимиз советининг фахрий аъзолигига ўзим таклиф қилиб, қўлга тушиб қолгандим. Бу ерда мана бу воқеа…

– Болалар ёзганда-ку, келмасак ҳам бўлар эди-я, – деди Асет илжайиб. – Сафаргул ёзгандан кейин…

Ҳамма бало шунда-да! Мен бу ерларга Маҳфуза айтгандан кейин келдим-да! Самад айтганда ўлақолсам ҳам келмасдим. Нега эканини ким билсин. Шу Маҳфуза бир нима деса, айтганини қилмагунимча кўнглим тинчимайди. Ҳайронман… Бундан чиқди Асет ҳам…

Яқин ўртадан қийқириқ эшитилди. Тағин овчилар! Бизлар ҳам ўрнимиздан туриб тўқай томонга қараб кетдик. Индамай кетма-кет келяпмиз. Бирдан олдимиздан бир қуён чиқиб қочди. Асет кетма-кет икки марта ўқ узди. Тегмади. Тағин олдинга қараб юра бошладик. Бояги овчининг товуши яна яқингинадан эшитилди.

– Този солган бўлса керак, – дедим мен. – Ё боягилармикан?

Асет тўхтаб, бирпас қулоқ солиб турди-да:

– Този солса, ҳайт-ҳайтлайди. Бу қуш солиб юрган овчига ўхшайди. Эшитяпсанми, хўп-хўп деб чақираётганини?

Шу маҳал яқингинадан бир нарсанинг чирқ-чирқ қилиб сайрагани эшитилиб қолди.

– Қирғовул!

– Қани?

Асет милтиғини тўғрилаб, атрофга аланглаб елкасини қисди. Қуйруқлари қип-қизил, чиройли бир қирғовул парр этиб осмонга кўтарилди. Кўтарилди-ю, тағин ер бағирлаб кетди. Асет шошилинч орқама-орқа ўқ узди. Қирғовул йиқилиб тушмади. Асет узоқ вақтгача қирғовул учган томонга қараб турди.

– Ярадор бўлди.

Ким билади, ярадор бўлдими, йўқми? Ё Асет уялганидан шундай дедими? Иккаламиз ҳам бўшашиб тағин илгариладик. Бунақада қирғовул отиб олишимиз қийин-ку, ахир. Санаб келяпман: олтита ўқ отилди. Фақат битта қуён отдик. Уни ҳам ухлаб ётганида.

– Соғиндиқ, анавини қара, – деб қолди бир маҳал Асет.

– Нимани?

– Қуш!

Уй каптарларидан сал каттароқ бир қуш пастлаб учиб келди-да, бизнинг ёнгинамизга, бутага келиб қўнди. Қўнди-ю, тумшуғини бир бутага суркаб-суркаб, атрофга аланглаб «чангқ» этди. Иккаламиз ҳам унга маҳлиё бўлиб қараб турганимизда қамишлар орасидан бир отлиқ овчи чиқиб келди. Яқинлаб қолганда ҳалиги овчи қўлқоплик қўлини баланд кўтариб, «Пўҳ-пўҳ», «пўҳ-пўҳ», деб чақира бошлади. Қуш яна бир марта «чангқ» этиб, енгилгина учиб, ҳалиги отлиқ овчининг қўлига бориб қўнди. Ниманидир чўқиб, узиб-юлқиб егандай бўлди. Овчи унинг бошини бир-икки бор силаб, аста бизлар томонга қараб кела бошлади. Тўриқ от устида бошига тумоқ бостириб, сиртидан сап-сариқ қилиб ошланган пўстин кийиб олган бир чол… Жуссаси жуда ҳам ихчам. От устида қушдай қўниб ўтирибди. Қанжиға2сида беш-олтита қуён, қирғовул.

Асет мени туртиб шивирлади:

– Қалли ота.

Шошиб қолдим. Шунча ҳам кичкинамиди бу чол! Мен бунчалик деб ўйламаган эдим. Яқинлашганда кўриб ҳайрон қолдим: бу тунов кунги Нукусдаги самолётда бирга келган чол-ку! Ана, ўнг чаккасида нўхатдек холи ҳам бор…

– Ассалому алайкум, – деди Асет. Мен ҳам кетма-кет салом бердим.

– Ваалайкум… Ие, сен тунов кунги Нукусдан мен билан келган бола эмасмисан? – деди Қалли ота кулиб. – Овга чиқдингларми? Баракалла. Нима отдинглар?

– Қуён, – деди Асет.

– Ҳа, тузук, – деди Қалли ота отдан тушиб. Қўлида чарм қўлқоп, бир парча қизил гўшти бор. Қушнинг кўзлари ўйнаб, ҳалиги гўштни жон-жаҳди билан юлқиларди. Қалли ота бизлардан яна сўради: – Кун совуқ эмасми?

– Йўқ.

– Бурунларингнинг учи қизариб кетибди-ю, тағин совуқ эмас дейсанлар-а. – У қўлқопини ечиб, қушни пастга қўйди-да, отининг айилини маҳкамлаб торта бошлади. От типирчилаб бир жойда туролмай қолди. Қаттиқ қисди шекилли. Чол ҳали кучли экан, деб қўйдим. Қаҳрамон бўлганича бор экан. У айилни тортиб бўлиб, қанжиғада бошини пастга қаратиб оёғидан осилган катта эркак қирғовулни ечиб олди. – Ма, болам, меҳмон экансан.

– ЙЎғ-э, ота… – дедим шошиб. Асетнинг ҳам кўзи ёниб кетди.

– Ол, болам, овнинг расми шундай бўлади. Меҳмонга ов бойланади.

Юрагим, олавер, тентак, деб гупиллаб уриб турибди. Олай, десам… Ахир буни ўзимиз овламаганмиз-ку? Қорхатнинг шартларига тўғри келмайди. Нима қилиш керак?

Мен иккиланиб турганда Қалли ота қирғовулни белимга бойлаб қўйди. Анча оғир экан. Икки килоча чиқса керак.

– Ота, – деди Асет оёғи билан қор чизиб. – Қирғовул берганингизни ҳеч кимга айтмайсизми?

Чол ҳайрон бўлиб бироз қараб турди-да:

– Нега? Бир гап борми? – деб сўради.

Асет индамади.

– Э, бўлди, бўлди. Сўраганларга ўзлари овлади дейман, бўптими?

– Майли…

Чол худди ёш йигитлардай отига сакраб миниб, от бошини бизга бурди:

– Энди тез қайтинглар. Кун оғиб қолди. Совуқ бошланади.

– Тағин бироз ов қилиб…

– Қайтинглар дегандан кейин қайтиш керак! Нақ қулоқларингни кесиб оламан-а!.. – Чолнинг жаҳли чиқиб кетди.

У шундай деди-ю, бирдан отининг бошини буриб, кета бошлади. Нима қилишимни билмай типирчилаб қолдим. Ўзи жаҳли чиқиб турганда кўнглига гап сиғармикан? Қирғовул берганга мулойим чол экан, деб ўйласам! Чол анча жойга бориб қолганда:

– Асет! – дедим бўшашиб. – Анави масалани тағин айтолмадик-да.

– Қайси масала?

– Ота билан гаплашишни… – дедим орқасидан чолга ишора қилиб.

– Вой эсим қурсин! Нега ҳали эсимга солмадинг?

– Қайдам. Жаҳли чиқиб тургани учун…

– Э, ўзи шунақа. Доим ҳазил қилиб юради. Кўрмадингми, менга қараб кўзини қисиб қўйди-ку?

– Мен жаҳли чиқди, деб ўйлабман.

– Сени қара-ю… Чақир! Қалли ота-а!..

– Қалли бува-а!..

Эшитди, ҳа, ана отининг бошини бизга бурди. Биз унга қараб югурдик. Югуриб кетаётиб, бўш боғланган эканми, қирғовул белимдан ечилиб тушиб кетди. Қўлимга олиб, ҳавода айлантира бошладим. У бирпас биз томонга қараб турди-да, қўлини бир силтаб, олға кета бошлади. Шу маҳал қандайдир бир чуқурга оёғим тушиб, икки метрча жойга учиб кетдим. Бўйнимдан ичимга қор кирди. Бундан нарига югура олмадим. Қор қалинлик қилди. Ўрнимдан туриб уст-бошимни қоқаётганимда эсимга тушиб қолди: қирғовулни ҳавода айлантириб чақираманми? Чол қирғовулни қайтиб бергани чақиришаётган бўлса керак, деб кетиб қолган. Ҳа, шундай!..

Мана, тағин Қалли отани қўлдан чиқардим. Каникулим бўлса, ғизиллаб ўтиб боряпти. Синфдошларим олдига нима деб бораман? Шунча жойдан овора бўлиб келиб, тополмадим, десам ишонишармиди? Мендан ҳам лақмароқ одам бўлмаса керак дунёда. Қаранг-а, жуда ўрни эди-да! Гаплашардик, розилигини олсак бас эди. Э, хомкалла!

– Қирғовулни буёққа бер! – деб қолди Асет қўлини чўзиб.

– Нима қиласан?

– Беравер, – деди у жилмайиб. Бердим. У қирғовулни эллик метрча нарига олиб бориб, бир бутанинг устига осилтириб қўйди-да орқасига қайтди. Ҳеч нарса тушунмадим. Асет қайтиб келди. Милтиққа ўқ солди. Кейин менга берди.

– Ма, от.

– Нега?!

– Отавер.

– Тентак бўлдингми? Ўлган қирғовулни ҳам отадими киши?

Кейин ўзи ўгирилиб, тепкини босиб қолди. Қирғовулнинг пати сочилиб кетди. Асет стволдан гилзани чиқараётиб айёрона кулди.

– Энди отиб олдик, десак ишонишади. Сочма кирди ичига…

Асетнинг шумлигидан ҳайрон қолдим. Қуш билан овланган қирғовул гўштида сочма бўлмаслиги хаёлимга ҳам келмабди. Буни қаранг!..

Асетнинг белидаги ўқдонда бор-йўғи учта ўқ қолибди. Мен ҳам отгим келиб кетди.

– Мен ҳам бир отай? – дедим.

– Нимани отасан?

– Нима бўлса ҳам…

Асет ўйлаб туриб:

– Ма, манави қалпоқни қўяман, – деди.

– Бўпти.

Асет қалпоғини анча нарига олиб бориб қўйди. Мўлжалга олдим.

– Қайси кўзимни қисай?

– Чап кўзингни… Тилингни чиқарма! Ҳа, тепкини бос!

Кўзларимни юмиб, тепкини босиб юбордим. Аввал нимадир елкамга бир уриб пақилладими ё аввал пақиллаб, кейин елкамга урдими, пайқай олмай қолдим. Порох ҳиди анқиб кетди…

Асет қалпоққа югуриб кетди. Қандай тез югуриб кетган бўлса, шундай тезлик билан қайтиб келди.

– Қойил! Қаёққа отдинг ўзинг?

Шундан билдимки, тегмабди. Ноилож жилмайдим.

– Қани, кетдик! Ма, қирғовулни ол, – деди Асет шошириб, – ҳали дарёга балиққа боришимиз керак.

Қалин қорни кечиб, овулга қараб жўнадик…

Оқдарёда

Йўл-йўлакай Бойтемирнинг милтиғини ташлаб уйга келсак, Асетнинг бувиси билан синглисидан бошқа ҳеч ким йўқ. Секин билдирмай қуён билан қирғовулни молхонадаги пичан остига яшириб, гўё ҳеч нарса билмаган кишидай уйга кирдик. Кампир ҳар кунгидай илиқ қарши олди.

– Келдингларми, бўталоқларим? – деди ўрнидан туриб. – Келақолинглар, Нозли иккаламиз сенларга қараб чой ичолмай ўтиргандик…

Нозли индамай кулиб китобини ўқиб ўтирарди. Шундай мўмин, шундай ипакдай… Қани энди менинг синглим ҳам шунга ўхшаса! Йўқ, менинг синглим бир нарса қилсам, дадам билан аямга чаққани чаққан. Унинг олдида ҳеч нарса қилолмайсан. Мана, кечадан бери Асет иккаламиз қанча вижи-вижи қиламиз, қанча кўчага чиқиб кетамиз, бирон оғиз индаса-чи? Йўқ, кулиб қўя қолади.

Чой кирди. Апил-тапил ичиб ўрнимиздан турдик.

– Ҳа, тағин қаёққа, бўталоқларим? – деди кампир меҳрибонлик билан. – Кечқурун ойинг келади. Чена олиб чиқишинг керак. Сал мол-полингга ҳам қарасанг бўларди.

– Ҳозир бир зарур ишимиз чиқиб қолди, буви, – деди Асет иложи борича кулиб юбормасликка ҳаракат қилиб. – Ғир этиб бориб келамиз-у, кейин…

– Вой тиниб-тинчимагурлар-эй, ҳа, майли, болам, майли… Тағин ойинг уришиб юрмасин, дейман-да.

Асет иккаламиз нариги хонага кирдик. Девордаги соат уч бўлиб қолибди.

– Хўш, энди нима қилдик? – деди Асет бошини қашиб.

– Асет, шу… эртага борсак нима қилади?

– Эртага бориб бўпмиз. Ова, ойим келади. Келса борми – тамом! Сен менинг ойимни билмайсан, – деди у. – Балиқ овлаш унча қийин эмас. Бунинг устига қармоғимизнинг учига лампочка ўрнатганмиз…

Мана кўрмайсизми, ўзим бир таклиф киритаман-у оқибатда шу ишга ўзим аралашаман, ўзим қийналиб юраман. Қармоқнинг учига электр ўрнатилса, балиқ яхши тутилади деган ким? Албатта, мен-да! Хўш, шу таклифни айтишга айтиб, ҳатто қармоққа ўрнатиб берганимдан кейин ўзим ҳам боришим керакми ё йўқми? Албатта боришим керак!

Мен, хўп дегандай Асетга қарадим. У чўнтагидан кечаси ов маслаҳатини қилганимизда ҳар эҳтимолга қарши тузган рўйхатини олиб, кўздан кечира бошлади:

– Милтиқ. Энди милтиқ керак эмас. Дадамнинг қаламтароши. Борми?

– Бор.

– Гугурт керак-ми?

 

– Оғирлиги йўқ. Чўнтакка солиб қўй.

– Чена?

– Тайёр.

– Сумба-чи? Бор. Молхонада турибди. Ова, кийимларнинг ҳаммаси бор. Ечганимиз йўқ. Нима эсдан чиқди?

– Менимча, ҳеч нима.

– Ова, эсингдан чиққани йўқ, фотоаппарат-чи?

– Ҳа, айтгандай…

Қармоқни иложи борича билдирмасликка ҳаракат қилиб, ченамизнинг ёнбошига оддий таёққа ўхшатиб боғлаб йўлга чиқдик. Бу ернинг ҳавоси қизиқ экан. Боя бизлар овдан қайтиб келаётганимизда ҳаво анча очилиб қолгандай бўлиб кўринган эди, осмонга тағин чипор булут чиқиб қолибди. Қуруқ ченани тортиб келаётибмиз. Чена устида фақат дастаси икки метрча келадиган қармоғ-у, бир метрча келадиган оғир сумба.

Овул ўртасига яқинлашганимизда рўпарадан Сейт чиқиб қолди. У аста юриб бизларга яқинлашди. Эрталаб овга кетаётганимизда йўлимизни тўсиб, қўлимиздан ов келмайдигандай пичинг қилган эди. Энди, қуён билан қирғовул олиб келаётганимизни ё кўрган, ё Бойтемирдан эшитган. Мана, тағин олдимиздан чиқди.

– Балиққами? – деб сўради у.

– Ова.

– Мен ҳам бораман.

– Борсанг боравер, – деди Асет совуққина қилиб.

– Қаерга борасанлар?

– Думалоқ кўлга.

Асет шундай деди-да, индамай кета бошлади. Мен Сейтга боргин, дегандай имо қилиб, Асетга эргашдим. Анча юрганимиздан кейин сўрадим.

– Асет, боя дарёга тушамиз дегандинг-ку?

– Ова, ҳали ҳам дарёга тушамиз.

– Ундай бўлса нега Сейтга Думалоқ кўлга борамиз, дединг?

– Жиним суймайди шу Сейтни, – деди Асет башарасини буриштириб. – Биз билан нима иши бор? Борса боравермайдими? Боя ҳам эргашмоқчи бўлган эди. Сен пайқамадинг. Мен йўқ, дедим. Биламан, у бизни пойламоқчи. Ўзимиз овладикми ё биров овлаб бердими – шуни билмоқчи. Бизни топиб бўпти. Биз дарёга тушиб маза қилиб балиқ тутаётганимизда, у Думалоқ кўлга бориб қидириб юради. Турғун сувга қараганда оқин сувда балиқ кўпроқ бўлишини у хомкалла билармиди!..

Асетнинг гапига қўшилишни ҳам, қўшилмасликни ҳам билмай қолдим. Қўшилай десам, мен ҳали Сейтнинг феълини яхши билмайман. Қўшилмай десам, Асетнинг ҳалиги «у бизларни пойламоқчи» деган гапида жон борга ўхшаб туюлди. Рост-да, борди-ю, эрталаб уни овга олиб чиққанимизда қирғовулни қандай «овлаганимизни» дўмбира қилиб юборган бўларди. Мана, энди уни балиққа ҳам олиб келмадик. Нима, Асетнинг балиқ ҳам шундай текин бўлишидан умиди борми?

Орқамизда чена чиройли силлиқ из қолдириб келяпти. Йўл чети, бутун атроф оппоқ қор. Ғир этган шамол йўқ. Қордан салқи тушган жинғил, тўранғил, ёввойи жийда шохлари гўё оғир хаёл устида, қимир этмайди. Осмонда бир катта қорақуш қанот қоқмай айланади. «Ер билан ернинг фарқи бор экан-да, – деб ўйладим ичимда. – Қаранг, келаётганимизда Тўрткўлимизда қорлар эриб, тагидан кўк майсалар уч чиқариб қолган эди. Ахир бугун мартнинг… неччиси эди? Мен йигирма бешида келдим. Йигирма олтиси… йигирма еттиси… йигирма саккизи! Вой-бўй, бугун йигирма саккизи бўлиб қолибди-ю… Ҳали ҳам лақиллаб юрибман. Мен ўзим нимага келганман бу ерга? Қалли ота масаласи нима бўлади энди? Қачон учрашаман-у, қачон суҳбат қиламан! Буларга қорхат ўргатмай ўлай мен!..»

– Мана бу Думалоқ кўл.

– А?..

– Нима бало, ухлаб келяпсанми?

– Йў-ўқ.

– Думалоқ кўл, деяпман.

– Ҳовва. Э, Думалоқ кўлми? Тўхта. Шундай, шундай… Қимирлама! Бўлди. – Мен унинг суратини олдим. Кейин аппаратни шайлаб унга бердим. – Мана, мени ҳам ол. Босаётганда қўлинг қимирлаб кетмасин.

Бир-биримизни суратга олиб, дарёга қараб кетдик. Ҳаш-паш дегунча етиб ҳам бордик. Дарё! Назаримда жуда кичикка ўхшаб кўринди кўзимга. Бу фикримни яширолмадим:

– Ие, жуда кичкина-ку? Биз томонда эни беш юз метрча келади, – дедим сал мақтаниброқ.

– Сен мақтанмаёқ қўй, – деди Асет менга кулиб. – Ўша беш юз метрлик Амударё Орол денгизига уч-тўртга бўлиниб қуйилади. Ўҳў, бу жойларни сен ёзда кўрганингда эди? Кичкина дейсанми? Сен ҳў, ўртасини кўриб айтяпсан-да. У фақат оқаётган жойи. Мана кўрмайсанми, четроқлари ҳали муз, аста-секин эрийди… Ана, ўртадаги музларни кўряпсанми, оқизиб кетяпти. Оролга бориб тушади ўша музлар… Қани, юр.

Секин дарёга тушдик. Нима учундир, муз устида қор унча қалин эмасди. Мен пайқамаган эканман. Ҳақиқатда бу Оқдарё бир ирмоқ бўлса ҳам анча кенг экан. Қаранг, қирғоғи ҳув анави ярим белидан музлаб қолган сариқ қамишлардан бошланар экан. Ахир ҳув анави музда қолган қайиқ ҳам дарё музламаган пайтда қантарилган бўлса керак-да.

Бундай қарасам, дарёнинг ўртасига бориб қолибмиз. Бизлардан уч-тўрт метр нарида кўм-кўк сув муз қирғоқларига чилп-чилп урилиб, ялаб оқарди. Мунча тез оқади! Ўша оқаётган жойнинг ўзи ҳам эллик-олтмиш метрлар чамасида кенг эди. Мен сал қўрқдим.

– Асет, жуда яқинлашиб қолдик-ку?

– Ҳеч нарса қилмайди. Сумбани олиб бер.

Олиб бердим. Устидаги қалин камзулни ечиб ишга тушиб кетди. Аввал ковлайдиган жойининг қорини тозалаб, кўм-кўк музи қолгандан кейин сумба билан ўя бошлади. Мен нарироққа бориб чиқ этиб суратини олиб қўйдим. Бироздан кейин сумбани қўлидан олдим. Энди бир қаричча ўйилибди. Мунча ҳам қаттиқ бўлмаса бу муз. Ҳар урганимда муштдай-муштдай зўрға кўчади. Боягидан сал исий дедим. Белларим оғриб кетди…

– Энди менга бер, – деди Асет қўлида қўлқопи бўлса ҳам кафтларига туфлаб. – Ўзи ҳам озгина қолди.

– Суратга олдингми?

– Бир марта.

…Сумбанинг учи кириб кетди шекилли, кучаниб зўрға тортиб олди. Кейин менга қараб тиржайиб қўйди.

– Бўлди.

Югуриб борсам, туянинг кўзидай жойдан сув чиқиб турибди. Асет тез-тез уриб кенгайтира бошлади.

– Қармоқни ҳозирла!

Қармоқни ченадан ечиб олдим. Электр лампочкани қандай ўрнатган бўлсак, шундай турибди. Асет энгашиб чуқурчадаги музларни қўли билан сиртга олиб ташлай бошлади.

– Қани, менга бер-чи?

Лампочкани ёқиб кўриб, Асетга чўздим. У консерва қутисидан майда-майда қип-қизил гўштдан қармоққа илиб, секин сувга туширди. Кейин менга маъноли кулиб, фонарнинг кнопкасини босди. Мен энгашиб чуқурчага қарадим. Ҳеч нарса кўринмади.

– Ёндими? – сўради Асет.

– Йўқ, – дедим ҳайрон бўлиб. У менга, айтмадимми, дегандай бир қаради-да, қармоқнинг дастасини менга бериб, ўзи сувга энгашди.

– Юқорига торт! – деди у бир маҳал. Тортдим. – Ёниб турибди! Сувнинг оқими билан нари кетиб кўринмай турган экан-да.

Шундан кейин менга сал жон кирди. Қармоқни гердайиб ушлаб турибман. Оғзимнинг таноби қочган. Чуқурчадаги сув юзида каттакон пўкак қилтиллаб турибди. Бир пўкакка қарайман, бир Асетга. Асет тағин фотоаппаратни тўғрилади. Суратга олмоқчи. Майли, олаверсин. Тўрткўлга борганимдан сўнг, фотолабораториямизга топшираман. Фотогазетамизни безайди. Самад қув кўриб қўйсин, қанақа қилиб тушганимизни! Барибир, айтсам ишонмайди…

– Тўғри тур. Ҳа, шундай, шундай…

Асет шундай деб турганда қўлимдаги қармоғим силкингандай бўлди. Қўлимдан тушириб юборай дедим.

– Э-э, буздинг…

Мен унинг гапини эшитолмай қолдим, пўкак чўкиб кетаётган эди. Шошганимдан:

– Асет! – деб бақириб юборибман. У югуриб келиб қармоқнинг дастасига ёпишди. Зўрға тортиб олдим. Узунлиги нақ бир ярим қаричча чавоқ! Асет қармоқдан чиқариб, қор устига отиб юборди. Теваракда ҳеч ким йўқ, иккаламиз хурсанд бўлиб, осмонга сакраймиз.

– Уре-э…

– Уре-э…

Ҳар сакраганимизда тагимиздаги муз лопиллагандай бўлади. Ўзимизда йўқ хурсандмиз. Ҳалиги чавоқ балиқ қор устида ханжардай ялтюлт қилиб сакрайди, думи билан қорни савалайди. Энди Асет тағин қармоқни чуқурчага ташлади. Иккаламиз чуқурча атрофида жим ўтирибмиз. Сувнинг чилп-чилп қилиб муз қирғоғига урилиб оқиши ҳам, ўртадаги сувда муз парчаларининг бир-бирига урилиб, шақир-шуқур қилишлари ҳам қулоғимизга кирмай қолди. Ҳаш-паш дегунча анча балиқ тутиб қўйдик. Ҳаммаси ҳам қор устида юлқинади-ю, кейин ювош тортиб қолади. Оғизларини каппа-каппа очиб, нимадир демоқчи бўлади, кейин мунчоқ кўзларини йилтиратганича жим қолади. Асет ҳар биттасини тутганида: «Сен Бойтемирникисан!», «Мана буниси чиройли экан. Майли, сени Сафаргул еяқолсин!», «Мана буниси эса… Ҳе, Сейтга ўхшаб ликилламай ўл! Сенинг таъзирингни Сейт берсин!..» деб қўяр эди.

Пўкак бирдан сувга чўкиб кетди. Асетнинг ўзи ҳам шошиб қолди.

– Соғиндиқ! Ушла… – деди у жонҳолатда. – Бакира!

Мен ҳам қармоқ дастасига ёпишиб олдим.

– Бакира деганинг нимаси?

– Балиқ-да. Маҳкам ушла!

– Қаёқдан биласан? Ҳауп…

– Эшак билан туянинг юриши бир хил бўлмайди… Торт! Бакира оддий балиқларга қараганда асовроқ бўлади. Сим узилиб кетмаса эди…

Бирпас тортиб турдик. Шўхлиги боягидан сал босилай деди. Кейин секин-аста тортиб чуқурчанинг оғзига олиб келдик. Боши кўриниб қолди. Қўл солишга журъат қилолмаймиз. Шундай тортаверайлик десак, сим узилиб кетадими, деб қўрқамиз. Асет худди уни авраётгандай тинмай гапириб турибди:

– Чиқавер, ова, сени Сейтга бермайман. Сен меҳмонникисан! Ова, чиқ, жоним, чиқ…

Хуллас, қўймадик. Секин-секин алдаб ўргатиб олиб чиқдик. Балиқ деган бунақа бўлибди. Нақ ярим метрча келади. Ола-була: Қор устига ташлаб, иккаламиз «урра»лаб сакрай бошладик. Асет ашула айтиб сакрарди:

 
Бакира балиғи белингга дармон,
Уни есанг қолмас заррача армон…
 

Назаримда, қаердадир бир нарса қарс этиб, тагимиз қимирлаб кетгандай бўлди. Сакрай-сакрай чарчаб, тағин қармоқни чуқурчага ташладик.

2Қанжиға – от эгасида овни осиб олиб юриш учун қилинган тасмалар.